Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:45

Ўзбекистон Қирғизистон билан Хитойга энг қисқа йўлни очмоқчи


Андижон-Ўш-Эргаштом-Қашқар автомобиль йўлининг схематик кўриниши.
Андижон-Ўш-Эргаштом-Қашқар автомобиль йўлининг схематик кўриниши.

Президент Мирзиёев Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистонни Қирғизистон орқали Хитой билан боғловчи автомобиль йўли қуриш тўғрисида президент Атамбаев билан келишиб олгани тўғрисида баёнот берди.

Андижон-Ўш-Эргаштом-Қашқар автомобиль йўлини қуриш юзасидан ҳозирча ҳеч қандай ҳужжат имзолангани йўқ.

Ўзбекистонлик ва қирғизистонлик мутахассислар фикрича, ҳар уччала давлат учун зарур бўлган бу лойиҳа, амалга оширса бўладиган лойиҳадир.

Ўзбекистон Қирғизистон билан Ўш орқали Хитойга йўл очмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:42 0:00
Бевосита линк

Бишкекдаги баёнот

Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни Бишкекда “Биз Андижон-Ўш-Эргаштом-Қашқар автомобиль йўлини қуриш тўғрисида келишиб олдик. Бу Хитойга олиб борадиган энг қисқа йўлдир. Яқин вақт ичида барча ҳужжатларни имзолаш тўғрисида келишиб олдик, юридик жиҳатдан келишиб оламиз ва амалга оширамиз”, деб баёнот берди.

Ўзбекистон Қирғизистон билан Ўш орқали Хитойга йўл очмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:42 0:00

Иқтисодий география

Эргаштом – Қирғизистон билан Хитой чегарасидаги Қирғизистонга қарашли қишлоқ. Бу ерда чегара ўтказиш-назорат пункти бор.

Эргаштомгача Ўшдан 240 км, Андижондан 285 км.

Эргаштом билан Қашқар (Хитой) ўртаси 250 км.

Демак, Ўзбекистон президенти айтаётган лойиҳа камида 285 километрли, агар Қашқаргача бўлган масофа қўшиб ҳисобланса, 500 километрдан сал кўпроқ йўл қуриш лойиҳасидир.

Реконструкция

Қирғизистон ҳукуматининг собиқ аъзоси, иқтисодчи Жумакадир Акенеевнинг айтишича, гап янги йўл қуриш устида эмас, мавжуд йўлни реконструкция қилиш устида бораётган бўлиши керак. Чунки шу кунда ҳам бу йўл орқали Хитойдан юк ташилмоқда.

- Гап мавжуд йўлни тубдан реконструкция қилиш, 4 полосали, 30 тонна ва ундан ортиқ юк кўтарадиган автомобиллар юрадиган стратегик йўл қилиш устида кетаяпти, деди қирғизистонлик иқтисодчи.

Андижон-Ўш-Эргаштом-Қашқар автомобиль йўли лойиҳасининг Ўзбекистон томони тайёрлаган ҳисоб-китоб билан яқин таниш мутахассиснинг Озодликка исми айтилмаслиги шарти билан айтишича, мазкур лойиҳани амалга оширишга 36-40 млн. доллар атрофида маблағ талаб қилинади.

Ўзбекистонлик мутахассис ўзидаги маълумотларга таяниб, йўлнинг Хитойдаги қисми, бутун инфраструктураси билан, қарийб 70 фоизга битгани ҳақида, лойиҳани молиялашга Осиё тараққиёт банкидан кредит сўраш учун ҳужжатлар тайёрланаётгани ҳақида айтди.

Йўл нима учун керак?

Хитойдан Қирғизистон ва Ўзбекистонга келадиган юклар тўғрисида кўпчиликда муайян тасаввур бор. Ўзбекистондан Хитойга чиқариладиган юк тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш учун эса, ўзбекистонлик мутахассис айтган мана бу тахминий рақамлар ёрдам бериши мумкин:

“Ўзбекистоннинг Хитойга бир йилда чиқарадиган юки 8 млн. тонна атрофида. Бир тонна юкнинг транспортировкаси шу кунда 65 долларга тушмоқда. Бу пулнинг 50 доллари “Қозоғистон темир йўллари”га тўланмоқда”.

Бу гапни айтган мутахассисга кўра, Хитойга автойўл қурилса, нафақат юк транзити тарифлари пасаяди, балки қўшимча иш ўринлари яратилади, Ўзбекистонда юк автомобиллари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳам қўшимча импульс бўлади.

Андижон вилоят ҳокимлигининг исми сир қолиш шарти билан гапирган лойиҳа билан таниш мулозимига кўра, Хитойга йўл лойиҳаси тайёрланганига 5 йил бўлган ва ҳукуматга кўриб чиқиш учун ўтган йили топширилган.

Йўл Қирғизистонга керакми?

Қирғизистон ҳукуматининг собиқ аъзоси, иқтисодчи Жумакадир Акенеевнинг фикрича, Андижон-Ўш-Эргаштом-Қашқар автомобиль йўли лойиҳаси Қирғизистон учун ҳам ўта зарур ва фойдали лойиҳадир.

“Бу жуда яхши ғоя. Тоғли мамлакат бўлганимиз учун юкларнинг 95 фоизи автомобиль транспорти билан ташилади. Агар бу йўл реконструкция қилинса, Қирғизистонга фақат фойда олиб келади”, - деди Акенеев.

"Ҳисоб-китобни пухтароқ қилган яхши"

Озод Европа/Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Брус Панниернинг фикрича, икки қўшни давлат ҳукуматларининг Андижон-Ўш-Эргаштом-Қашқар автомобиль йўлини қуриш ниятида самимийлиги эҳтимоли каттадир.

"Лекин, дейди Панниер, масала охир-оқибат яна маблағга бориб тақалиб қолиши мумкин, йўлнинг ўзини қуриш битта ташвиш бўлса, унинг инфраструктурасини қуриш бошқа ташвишдир ва бу ишга яна бир неча ўн миллион доллар маблағ керак, бўлади”.

Лойиҳага ёндош лойиҳа

Шуни айтиш керакки, Андижон-Ўш-Эргаштом-Қашқар автомобиль йўли, Мирзиёевга кўра, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилгунича амалга оширилиши кутилаётган лойиҳадир.

Ўзбекистон президенти 5 сентябрь куни “темир йўл қуриш бўйича ишларни имкони борича тезлатишга” Қирғизистон раҳбарияти билан келишиб олгани тўғрисида айтди.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ғояси 1995 йили пайдо бўлган, ўшандан буён йўл йўналишининг икки варианти устида Қирғизистонда баҳс давом этиб келмоқда.

Биринчи вариант Қашқар-Эргаштом-Ўш-Андижон йўналиши бўлса, иккинчиси Қашқар-Тўруғарт-Балиқчи-Қоракече-Жалолобод-Андижон йўналишидир.

Қирғизистон ҳукумати мамлакат ичидан ўтишини ҳисобга олиб, иккинчи вариант тарафдори эканлигини айтиб келади. 6 сентябрь куни Қирғизистон транспорт ва йўллар вазири Жамшитбек Калилов Азаттиқ радиосига Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг техник-иқтисодий асосламаси тайёр эканлигини, Қирғизистон йўлнинг иккинчи варианти тарафдори эканлигини билдирди.

Ривожланаётган ўзбек-қирғиз савдо алоқалари

Президент Мирзиёев келтирган рақамлардан келиб чиқилса,Андижон-Ўш-Эргаштом-Қашқар автомобиль йўли нафақат Хитой билан савдо учун, балки Ўзбекистон-Қирғизистон савдо алоқаларини ривожлантириш учун ҳам зарурдир.

“Қирғизистон билан савдо-иқтисодий алоқаларимиз сўнгги 7 ой ичида 60 фоизга ўсди. Яқин йиллар ичида бу кўрсаткични 500 млн долларга етказмоқчимиз”, деди Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG