Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:34

Ўзбекистонда текширишлар ортидан пластик карта “обнали” Интернетга кўчди


Фейсбукдаги пулни нақд қилувчи гуруҳ
Фейсбукдаги пулни нақд қилувчи гуруҳ

Пластик картага сотилаëтган молларга нақд пулда сотилганидан кўпроқ нарх қўйган ҳўжалик субъектларидаги текширишлардан кейин Интернетда пластик карта “обнали” билан шуғулланадиганлар фаоллашди.

Тошкент ва Гулистон шаҳридаги савдо марказларида ўтган ҳафта охирида бўлган текширишлардан кейин карточкадаги пулини нақдлаштирмоқчи бўлганлар қийин аҳволда қолишганини Озодликка маълум қилишди.

Маълум бўлишича¸ Faceboоk тармоғида “Обнал карт в Ташкенте” ва “Обнал УЗБ” деган иккита умумий гуруҳ очилган.

Тошкентдаги Савдо марказларидан бирида ишловчи савдогарнинг айтишига кўра¸ савдо марказларида фаолият юритиб келган “обналчилар” бир кун ичида йўқ бўлишган:

- Пластикдаги пулларни обнал қилиш кундалик заруратга айланиб қолувди. Точкаларда облава ўтказилганидан кейин пластикдан пул чиқариш имконсиз бўлиб қолди. Менга икки миллион сўм зарур бўлганида¸ қўшни дўкондаги болалар интернетда обналичка борлигини айтди. Ўша болалар ëрдамида пластикдан пул чиқариб олдим¸ дейди суҳбатдош.

Faceboоk тармоғидаги “Обнал карт в Ташкенте” ва “Обнал УЗБ” деган иккита умумий гуруҳда 20 мингга яқин аъзо борлиги ҳам маълум бўлди.

Гуруҳ модератори Озодлик мухбири саволига жавоб бериб “гуруҳ пластик карталардаги пулни нақдлаштиришга кўмак бериш мақсадида” очилганлигини ëзди. Айни пайтда бу “кўмак” маълум устама фоиз эвазига амалга оширилади.

Масалан гуруҳ аъзоси D. K.нинг 25 ноябрь куни жойлаштирган эълонига кўра, “Икки миллион сўмни нақд пулга айлантириши учун” 13 фоиз устама ҳақ лозимлиги айтилади. Эълон тагидаги рақамга телефон қилганимизда, D. K. “Пул нақдлаштириш учун олинадиган ҳизмат ҳақи” 20 фоизга чиққанлигини айтди.

Суҳбатдошга кўра¸ Тошкентдаги метро бекатларидан бири ëнида учрашиб “масалани ҳал қилса бўлади”.

“100 фоиз гарантия. Биз алдамаймиз. Мана телефонимни билибсизку”, деб таъкидлади суҳбатдош.

Виртуал эълон орқали пластикдаги пулини нақдлаштирган Тошкентдаги Савдо марказларидан бирида ишловчи савдогар бу жараëн қандай бўлишини айтиб берди:

-Телефонда фалон жойга борамиз, деб келишдик. Бордим, қўлида телефон билан ишлайдиган кўчма терминал бор экан. Пластикни ичидан пулни ечиб олгандан кейин паакетга солинган пулларни машинаси багажнигидан олиб берди¸ деди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра¸ пулни нақдлаштириш савдо марказидаги дўконларда 30 фоизга чиқиб кетган пайтда Интернетда 15- 20 фоиз талаб қилишмоқда:

- Арзон. Лекин сал иши кўп. Келишиб бир жойга бориш керак. Риск ҳам бор. Танимаган одамлар билан иш қиласиз. Савдо марказидаги дўконда обнал қилиш қиммат бўлса ҳам қулай эди. Бир-ики жой облава бўлгач, точкалар ëпилди, дейди суҳбатдош.

Республикада пластик карта “обнали” билан боғлиқ вазиятни ўнглаш мақсадида Бош вазир ўринбосари ҳузурида тузилган Йиғма ахборот-таҳлил департаментидаги Озодлик манбасининг айтишича “шаклидан қатъий назар пластикдан пул ечилгани учун пул олиш қонун бузилишидир”.

- Гап пластикдан пул олганда банк чегириб қоладиган арзимас сумма ҳақида эмас. Одамлар Интернетга эълон бериб, пластикдаги пулни 20 фоиз эвазига нақд қилиб бераман деб ëзяпти. Департамент ҳозир бу ноқонуний холатларни ўрганмоқда¸ дейди манба.

Ўтган ҳафта охирида пластик карта тўловлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов республикадаги барча раҳбарларга ҳукумат телеграммаси юборган эди.

Ўзбекистон Молия вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ 22 ноябр санаси билан юборилган 265 рақамли ҳукумат телеграммасида пластик картадаги пулларни устама бериб нақд пулга алмаштириш ва молларни пластик картага сотаëтганда қиммат нарх белгилаш каби ҳолатларга барҳам бериш талаб қилинади.

Ҳукумат телеграммаси
Ҳукумат телеграммаси

Озодлик тасарруфида нусҳаси мавжуд бўлган бу телеграммада ëзилишича¸ “Пластик картани тўлов учун қабул қилишдан бош тортган” ходимлар ва “Пластик карта орқали ҳисоб-китоб қилишда нақд пулга нисбатан 20-25 фоизга қиммат ҳақ талаб қилаëтган” шахслар жазоланиши айтилади.

Телеграммада пластик карта “обнали” билан шуғулланаëтган ва пластик картага сотиладиган молга қиммат нарх қўйган хўжалик субъектлари текширилиб “прокуратура идораларига тақдим қилиниши” талаб қилинади.

XS
SM
MD
LG