Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:43

ХМТ: Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни туғдираëтган тизимлар бутунлай йўқ қилинмади!


Кейинги йилларда болаларни пахтага чиқариш тўхтатилгани ҳолда¸ катталарни мажбурий меҳнатга чиқариш кучайгани айтилмоқда.
Кейинги йилларда болаларни пахтага чиқариш тўхтатилгани ҳолда¸ катталарни мажбурий меҳнатга чиқариш кучайгани айтилмоқда.

Ўн йиллардан бери минглаб ўзбекистонлик пахта теримига сафарбар қилиниб келади. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, ўтган йилда 170 мингга яқин одам пахта теришга мажбурланган. Бу рақам катта бўлса-да, ташкилот мамлакатда муаммони бартараф қилиш йўлида илгари силжиш борлигини айтди.

Айни пайтда¸ ўзбек ва Ғарб давлатларидаги инсон ҳуқуқлари фаоллари бундай хулоса қилишга ҳали эрта эканини айтмоқда. Улар мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш кескин камайганини эътироф этган ҳолда катталар мажбурий меҳнатига барҳам берилмагани, ҳукумат монополияси бу муаммони йўқ қилишга йўл бермаётганини айтишмоқда.

Жорий президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил сентбярда вафот этган Ислом Каримовнинг 20 йилдан ошиқ давом этган репрессив раҳбарлигидан сўнг ҳокимиятга келгач, Ўзбекистон пахта саноатида ислоҳотлар бошлади.

Пахта ўстириш жуда кўп миқдорда сув талаб қилишига қарамасдан, Совет Иттифоқи етакчилари Ўзбекистоннинг қуруқ иқлимида пахта саноатини ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ўтган асрнинг 70 йиллари якунида Совет Иттифоқидаги бутун пахтанинг 70 фоизи Ўзбекистон ССРда етириштирилган.

Совет Иттифоқи парчаланиб кетиши ортидан юзага келган теника ва сармоя тақчиллиги туфайли пахта теришда тобора кўпроқ одамлар меҳантидан фойдалана бошланди. Университет, шифохона ҳамда пахтага умуман алоқаси йўқ ширкатларнинг миллионлаб ходими ҳар йили пахта теримига жалб қилинди.

Кейинги ўн йил ичида Ўзбекистонда етиштирилган йиллик пахта қиймати 1 миллиард доллардан ошар экан, ўзбек ва Ғарб фаоллари ўзбек пахтасига қарши кампания бошлади. Хусусан, Cotton Campaign халқаро коалицияси 2010 йили Ўзбекистонда етиштирилган пахтага бойкот эълон қилиш тадбирини бошлади. Бунга Ўзбекистонда болалар ва катталар пахта теримида мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани асосий сабаб бўлди. Бойкотга Nike, Zara, GAP, Levis, H&M, UNIQLO ва бошқа жаҳонга машҳур ўнлаб бренд қўшилди.

2012 йил ўша пайтда Бош вазир лавозимида ишлаган Мирзиёев пахта теришда болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатишни буюрди. Аммо айрим ҳудудларда пахта теримига болаларни жалб қилиш давом этди.

Каримов вафотидан кейин ҳокимиятга келгач Мирзиëев ислоҳотга қўл урди - 2018 йил май ойида Тошкент ҳукумати мажбурий меҳнатга барҳам беришга оид фармон чиқарди. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар вазият яхшиланганига қарамай, пахта саноати ва бошқа соҳаларда мажбурий меҳнат учраб туришини айтиб келади.

Халқаро меҳнат ташкилотига кўра, 2018 йилги терим мавсумида ҳукуматнинг мажбурий меҳнатни тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари натижаси кўринди.

Ташкилотнинг 1 апрель куни эълон қилинган ҳисоботида “2018 йилги пахта теримида Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати ҳамда умуман мажбурий меҳнатни йўқ қилишда катта ўзгаришлар бўлгани кузатилди. 2017 йилга солиштириганда бу йилги терим давомида мажбурий меҳнат 48 фоизга озайди”, дейилади.

“Аммо кўплаб мажбурий меҳнат ҳолатлари ҳануз кузатилди ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга замин яратувчи тизимлар бутунлай йўқ қилингани йўқ”, дейилади ҳисоботда.

Бундан 10 кун олдин АҚШ ҳукумати ўзбек пахтасини мажбурий болалар меҳнати билан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарган эди.

АҚШ ҳукумати бундай маҳсулотларни “мажбурий ёки шартнома тузиш йўли билан мажбурланган болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда қазиб олинган, ишлаб чиқарилган ёки тайёрланган бўлиши мумкинлиги ҳақида етарли асосга эга бўлган тақдирда” шубҳали товарлар рўйхатига киритади.

Ўзбекистон – Германия Инсон ҳуқуқлари форуми 2018 йилги терим давомида ижобий ўзгаришлар содир бўлганини эътироф қилган ҳолда¸ 4 апрель кунги ҳисоботида мажбурий меҳнат катталар учун йирик муаммо бўлиб қолаётгани, ҳукумат идоралари¸ давлат бошқарувидаги ширкатлар ҳамда бошқа норасмий ташкилотлар муммони бутунлай бартараф қилишга тўсқинлик қилаётгани айтилади.

Мажбурий меҳнатнинг сақланиб қолаëтгани сабабларига мисол ўлароқ ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати ҳануз йиллик пахта режасини белгилаётгани ҳамда вилоят ва туманларда расмийлар давлат ва хусусий ширкатлар ходимларини пахта теришга мажбурлаётгани келтирилган.

Форум вакили Аллисон Гилл Озодлик билан суҳбатда:

- Хулоса қилиб айтганда, ҳукумат ишлаб чиқариш тизимида фаолият юритаётган ҳукумат ходимлари ҳануз қонунни бузмоқда, - деди.

Гиллга кўра, Мирзиёев маъмурияти совет тизимини йўқ қилиб, ишлаб чиқаришни хусусийлаштириш сари секин ҳаракатланмоқда. Масалан, ширкатларга пахта етиштириш бўйича фермерлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имкони берилмаган..

- Умид қиламанки, хусусийлаштиришга ўтилар экан, ишлаб чиқариш билан боғлиқ ушбу муамоларнинг айримларини ҳал қилишади, - деди Гилл.

XS
SM
MD
LG