Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:48

Телефонидан диний ёзув чиққани учун ўшлик йигит Ўзбекистонда 3 йилга қамалди


Ўшлик Зуҳриддин Абдураимжонов Қирғиз-Ўзбек чегарасидаги Дўстлик назорат-ўтказиш масканида (суратда Қирғизистон томони) Ўзбекистон маъмурлари томонидан ушланган.
Ўшлик Зуҳриддин Абдураимжонов Қирғиз-Ўзбек чегарасидаги Дўстлик назорат-ўтказиш масканида (суратда Қирғизистон томони) Ўзбекистон маъмурлари томонидан ушланган.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилиб ўсган, ҳозирда Россия фуқароси, 29 яшар Зуҳриддин Абдураимжонов 2016 йилнинг 25 майида Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтаётганда телефонидан диний мазмундаги ёзув топилгани учун Ўзбекистон маъмурлари томонидан жиноий жавобгарликка тортилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Маҳкумнинг бу ҳақда Озодликка маълум қилган турмуш ўртоғи яқинда Ўзбекистонда эълон қилинган амнистия Зуҳриддинга нисбатан ҳам қўлланилишидан умид қилмоқда.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг айтишича, Зуҳриддин Абдураимжонов иши кейинги бир-икки йил ичида қайд этилган шунга ўхшаш бешинчи ишдир.

1 фарзанднинг онаси, 26 яшар Муслима Ибайдуллаева эрининг жинояти нимада эканлигини тушунолмаяпти. Унинг айтишича, Зуҳриддиннинг телефонидан топилганга ўхшаш ёзувни ҳар бир ўшликнинг телефонидан истаганча топиш мумкин.

- Қирғизистонда ҳамма бемалол эшитиб юраверадику?! Эримнинг телефонидан чиққан ёзув Абдулло домланинг фарзанд тарбияси тўғрисида қилган масаласи эди холос, деди Муслима.

2010 йилги июнь воқеаларидан кейин қирғизистонлик ўзбек ёшларининг кўпчилиги каби Россияга кетиб, ўша давлат фуқаролигини қабул қилган Зуҳриддин Абдураимжонов, турмуш ўртоғи Муслиманинг айтишича,

- шу йил 25 майда Тошкент аэропортидан Жанубий Кореяга учиш учун Қирғиз-Ўзбек чегарасининг Ўш четидаги Дўстлик чегара назоратидан ўтаётган пайтда текширувда телефонидан диний масала чиқиб қолиб, ушлаб қолинган.

Шундан сўнг Зуҳриддин, хотинининг айтишича, 3 ой Дўстликдаги узоққа қатновчи юк машиналари ҳайдовчилари турадиган меҳмонхонада яшаб, устидан ўтказилажак судни кутган ва охир-оқибат яқинда унинг 3 йилга озодликдан маҳрум қилингани маълум бўлган.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги режим қаттиқ бўлгани учун Зуҳриддиннинг яқинлари чегарадан ўта олмаган ва барча маълумотни унинг ўзбекистонлик адвокатидан билиб туришган.

Муслиманинг ўша адвокатга таяниб айтишича, “Ўзбекистон суди Зуҳриддин Абдураимжоновга 2000 АҚШ доллари миқдорида жарима солган. Зуҳриддин бундай катта пулни тўла олмайман, деганидан сўнг, суд уни 3 йилга озодликдан маҳрум этган”.

Муслимадаги маълумот худди шундай: “у ундай деди, бу бундай деди”, қабилида.

Зуҳриддин Абдураимжоновнинг адвокати (Муслиманинг айтишича, унинг исми Бобур) телефон чақириқларимизга жавоб бермади.

- Бизнинг қўнғироқларимизга ҳам жавоб бермаяпти, эрингиз амнистияга тушади, деган охирги марта, шунга умид қилиб ўтирибман, деди Муслима.

Зуҳриддин Абдураимжоновнинг ишига алоқаси бор муассасалардан ҳам ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Зуҳриддиннинг онаси билан боғланишимизга Муслима кўнмади.

- Ўғлининг қамалганини қайнонамга билдирганимиз йўқ, қанди билан қон босими баланд, бу хабарни эшитса, бир нарса бўлиб қолиши мумкин. Амнистияга тушиб, қайтиб келса, Кореядан келди, деб айтамиз, ёпиғлиқ қозон ёпиқлиғича қолади, деди келин.

Зуҳриддин Абдураимжонов иши шунга ўхшаш ишларнинг навбатдагисидир.

2009 йили Россия фуқаролигини олган 34 ёшли Бахтиёр Худойбердиев Ўшда яшайдиган онасини кўриб кетиш учун 2016 йилнинг 8 январида Жанубий Кореядан Тошкентга учиб келгани ва 9 январда Тошкент аэропортидаги текширувдан сўнг уни хавфсизлик хизмати ходимлари номаълум ёққа олиб кетгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Бу воқеадан хабардор ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатилло Раҳматуллаевнинг Озодликка айтишича, Бахтиёр Худойбердиев 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва унинг онаси шу кунда Тошкентда адолат излаб юрибди.

Зуҳриддин Абдураимжонов иши, Иззатилло Раҳматуллаевнинг айтишича,

- шунга ўхшаш ё тўртинчи, ёки бешинчи ҳолатдир. Албатта, бизга маълум бўлгани бу. Биз хабарсиз қолган ишлар ҳам бўлиши мумкин, деди Иззатилло ва яна бир ўшликнинг Қорақалпоғистон орқали Ўшга машина олиб келаётганида телефонидан диний ёзув чиққани учун қўлга олингани тўғрисида айтиб берди.

Телефондаги ёзувлар устидан назорат билан боғлиқ Қирғизистондаги вазият тўғрисида Иззатилло Раҳматуллаев бундай деди:

- Бундай воқеалар бир-икки марта бўлди ва бундай текширув жиноят содир этганликда гумон қилинган шахслар билан бўлди. Лекин дуч келган одамни тўхтатиб, телефонини текшириш бизда мутлақо йўқ.

Ўзбекистон орқали транзит ўтар экан, қамалиб кетиш хавфига нафақат қирғизистонлик, балки мантақадаги бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам рўпара бўлмоқда.

Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам шаҳрида яшайдиган 27 яшар Воҳиджон Ниёзов жорий йил, 28 июль тунда Кореядан қайтаркан, Тошкент аэропортида ғойиб бўлгани, яқинларининг даъво қилишича, Воҳиджонни Ўзбекистон махсус хизматлари диний мотивлардаги гумон билан ушлагани ва номаълум манзилда сақлаётгани тғрисида Озодлик хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG