Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:42

Тошкентда суд Абдулла Ориповнинг фарзандлари талашаётган мерос бўйича ажрим чиқарди (АУДИО)


Абдулла Орипов оиласи
Абдулла Орипов оиласи

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Яккасарой туманлараро суди Ўзбекистон халқ шоири, давлат мадҳияси муаллифи, марҳум Абдулла Ориповнинг хотини ва фарзандлари ўртасидаги мерос талашув бўйича ажрим чиқарди.

Маълум бўлишича, Абдулла Орипов 2016 йил 5 ноябрда вафот этганидан кўп ўтмай, ундан қолган мол-мулкни тақсимлаш масаласида рафиқаси ва фарзандлари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан.

Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ханифа Мустафаеванинг мол-мулкни тўлалигича ўзининг номига ўтказиш талабига олти фарзандидан икки нафари - Шоира ва Юлдуз Ориповалар қарши чиққан.

Улар Абдулла Ориповдан қолган мол-мулк барча фарзандлари учун умумий бўлиши кераклигини талаб қилганлар.

Суд ажрими

26 сентябрда Яккасарой туманлараро суди Ориповдан қолган мулкнинг катта қисми бўйича ажрим чиқарди. Судга тақдим этилган мустақил экспертиза хулосасига кўра, Абдулла Ориповдан мерос қолган мол-мулкнинг суд кўриб чиққан қисми 1 миллиард 54 миллион сўмга (тақрибан 130 минг АҚШ доллари) баҳоланган.

26 сентябрда чиққан суд ажрими асосида мулк қийматининг 7 фоизи, яъни салкам 83 миллион сўм (тақрибан 10 минг АҚШ доллари) отасидан қолган мероснинг ўзига тегиши мумкин бўлган улушидан воз кечишни истамаган 47 яшар қизи Юлдуз Ориповага берилди.

Шоира Орипова ўзига тегиши мумкин бўлган улушдан синглиси Юлдуз фойдасига воз кечгани маълум бўлди.

Суд Абдулла Ориповнинг қолган мулки - Қибрай туман, "Дўрмон" ҚФЙдаги 33 сўтихлик яна бир ҳовлиси юзасидан ажрим Чирчиқ туман судида кўриб чиқилишини маълум қилди.

Ушбу дала ҳовлиси Абдулла Ориповга қадар шоирлар Ҳамид Олимжон ва Зулфияга тегишли бўлган.

Даъво аризаси

Абдулла Орипов ва рафиқаси Қўшма Штатларда
Абдулла Орипов ва рафиқаси Қўшма Штатларда

Озодлик қўлга киритган суд ҳужжатларига кўра, суд мажлиси Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ханифа Мустафаева топширган даъво аризаси асосида бўлиб ўтган.

Ханифа Мустафаеванинг даъво аризасидан маълум бўлишича, мерос талашув марказида Ўзбекистон Халқ қаҳрамони Абдулла Ориповдан қолган учта кўчмас мулк ва бир енгил автомобиль турибди:

1. Тошкент шаҳри, Яккасарой туманидаги 4-хонали квартира;

2. Қарши шаҳри, “Нефтчи” МФЙда жойлашган коттеж уй;

3. Тошкент вилояти, Қибрай тумани, “Дўрмон” ҚФЙдаги 9 сўтихлик дала ҳовлиси;

4. "Каптива" русумли автомобиль.

Ханифа Мустафаева: "Ушбу мол-мулкларни тасарруф этиш ва автомобилни бошқариш учун бугунги кунда менда эҳтиёж мавжуд" деб ёзган даъво аризасида.

"Фарзандларим Орипов Илҳом Абдуллаевич, Орипова Зарифа Абдуллаевна, Орипова Мавлуда Абдуллаевна ва Орипова Рухсора Абдуллаевна меросдаги ўз улушларидан менинг фойдамга воз кечишган", дея таъкидланади Ханифа Мустафаеванинг даъво аризасида.

Абдулла Орипов ва ўғли Илҳом Орипов
Абдулла Орипов ва ўғли Илҳом Орипов

Аммо, Ханифа Мустафаеванинг даъво қилишича, қизлари Шоира ва Юлдуз ўз улушидан воз кечмаган.

"Шармандалик"

Абдулла Орипов қизи Юлдуз билан
Абдулла Орипов қизи Юлдуз билан

Маҳкамадан сўнг Озодлик билан суҳбатлашган Юлдуз Орипова мерос талашиш буюк шоир оиласи учун "шармандали ҳол" эканини айтди.

Юлдуз Орипованинг иддао қилишича, мерос талашиш онасининг отасидан қолган мол-мулкни 38 яшар укаси Илҳом Орипов номига ўтказиб бериш истаги ортидан пайдо бўлган.

"Бўлаётган суд - бу шармандалик. Мен бир нарсадан хафа бўламан. Мисол учун онам отам вафотларидан кейин ҳамма фарзандларини ҳовлига йиғиб, мана (мол-мулк - таҳр.) қанақа бўлса, шу ҳолатда қолади, деса бўлардию, тўғрими? Мана бутун оилани тарқатиб юбордилар-ку. Шу ишни судга бермасдан, ариза бермасдан. Ҳеч ким, ҳеч нарса сўраётган йўқ эди-ку?!" деди Юлдуз Орипова.

У мерос талаш бошлангандан буён ўз онасини кўра олмаганини билдирди.

"Онам - содда аёл. Укам балки тақиқлаб қўйгандир. Укам билан гаплашмаймиз. Балки хафа бўлгандирлар "ҳамма қўл қўйиб берди, Юлдуз қўл қўйиб бермади деб," - хулоса қилди Юлдуз Орипова.

Юлдуз Орипова билан бўлган суҳбатни тўлалигича мана бу ерда тингланг.

Юлдуз Орипова: Булар ҳали сени қийнайди болам, деганди отам
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:15 0:00
Бевосита линк

Озодликнинг Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ханифа Мустафаевадан мерос жанжали бўйича муносабат олиш уринишлари натижа бермади.

Қаҳрамон шоир

Ханифа Мустафаева умр йўлдоши Абдулла Орипов ҳайкали ёнида
Ханифа Мустафаева умр йўлдоши Абдулла Орипов ҳайкали ёнида

Атоқли ўзбек шоири Абдулла Орипов ​2016 йил 5 ноябрь куни эрталаб АҚШнинг Хюстон шаҳрида 75 ёшида вафот этган эди.

У Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Некўз қишлоғида деҳқон оиласида 1941 йили дунёга келди.

Абдулла Орипов 1963 йилдан буён турли нашриётларда муҳаррир, Ёзувчилар уюшмасида котиб, Бутуниттифоқ Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш идорасининг Ўзбекистондаги раҳбари вазифаларини бажариб келган.

Абдулла Ориповнинг талабалик йилларида яратилган шеърлари республика вақтли матбуотида чоп этилди. 1965-йилда биринчи шеърлар тўплами — «Митти юлдуз» китоби чоп этилди, шундан буён шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1967), «Онажон» (1969), «Руҳим» (1971), «Ўзбекистон», «Қасида» (1972), «Хотирот» (1974), «Юртим шамоли» (1974), «Ҳайрат» (1979), «Ҳаким ва ажал» (1980) «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983) шеърий тўпламлари босилди.

Абдулла Орипов Дантенинг «Илоҳий комедия» асарини ўзбек тилига ўгирди, Некрасов, Украинка, Шевченко асарларини ҳам она тилига таржима қилди.

Ижодкорнинг шеърий мажмуалари рус ва бошқа тилларга таржима қилинган ва алоҳида китоб ҳолида нашр этилган.

Кўплаб мунаққидларнинг ишонишича, Абдулла Орипов замонавий ўзбек адабиётининг энг машҳур вакили ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG