Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:11

Мирзиёевнинг октябр чақириқлари: чироқ ўчмайди, дори арзонлайди, рақам улуғ - супра қуруқ!


Шавкат Мирзиëев
Шавкат Мирзиëев

Тошкентда ўтган ҳафта бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг қурултойида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Республика Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бунинг ортидан Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида ваъз қилди.

“Мирзиёевнинг октябр чақириқлари” дея бошëзувга чиқарганимиз нутқдан ўрин олган асосий фикрларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Кадрлар не ишга қодирлар?

Муваққат президент Мирзиëев ўз сайловолди маърузасида кадрлар танлови соҳасида ўзгариш ясаш зарурати ҳақида гапирар экан, "коса тагидаги нимкоса"га бу соҳадаги вазият танқидини жойлади:

“Муаммоларнинг асосий сабаби — кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди", — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ўринда маълумот: Мирзиëев иқтидорда бўлган сўнгги икки ой ичида бош вазирнинг 2 та ўринбосари, 22 та вазир ва идоралар раҳбарлари, Тошкент вилояти, Жиззах, Қарши ва Термиз шаҳарлари ҳамда 21 та туман ҳокими лавозимларидан озод этилди. (16 октябргача бўлган вазият)

Улар ичида Гулнора Каримованинг пора жанжали ортидан ишдан олинган Абдулла Ариповнинг лавозимига қайта тиклангани таҳлилчилар тарафидан “порахўрлик жанжали фигурантининг ҳукуматга қайтарилиши "ëмон сигнал” дея баҳоланган эди.

Рақам улуғ, супра қуруқ

Бош вазир Мирзиëев ўз нутқида мамлакатдаги иқтисодий ўсишга доир рақамлар одамлар турмушида акс этмаганлигини таъкидлаган.

"Ўсиш суръатлари - бу шунчаки бир мақсад эмас. Бундай ўсиш аввало халқимизга, ҳар бир фуқарога қандай наф етказиши, унинг дастурхонида, кундалик ҳаётида акс этиши биз учун муҳим масаладир", - дея таъкидлаган мувққат президент ва президентликка номзод давлатнинг статистика идоралари фақат рақамларни қайд этиш билан овора эканини танқид қилган. Нутқда таъкидланишича кейинги икки ой ичида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига келиб тушган 338 мингта шикоятда одамларнинг дарду ташвишлари ва иқтисодий кўрсаткичлар ўртасидаги тафовут ўз аксини топган. Номзод таъкидига кўра¸ кейинги уч ҳафта ичида Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига ватандошлардан 50 мингдан ортиқ шикоят келиб тушган.

“Холисона айтганда, бугун аксарият давлат идораларининг иш услуби давр талабига тўлиқ жавоб бермайди. Айрим вазирлик ва идоралар аҳоли муаммоларини ҳал этишда расмиятчиликка йўл қўймоқда, улар кўпинча қуруқ рақам ва маълумотлар тўплаш билан овора. Вазирлик ва идораларда улар масъул бўлган соҳалардаги аҳволни чуқур таҳлил қилиб, камчиликларни тизимли равишда аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган фаолият етарли даражада йўлга қўйилмаган”, — дея таъкидланади президент вазифасини бажарувчи Мирзиëевнинг сайловолди ваъзида.

Кўмир ва дори нархи тушириладими?

Мирзиёев ўз нутқида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, жумладан, уй-жой билан таъминлаш, дори-дармон ва кўмир нархини тушириш юзасидан қатъий чора-тадбирлар кўрилишини маълум қилди.

“Кўмирнинг таннархи ва аҳолига сотиш нархини камайтириш, айниқса, қиш пайтида унинг баҳоси ошишига ва чайқовчиликка йўл қўймаслик бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда¸” дея таъкидлаган Мирзиëев кўмир ишлаб чиқаришнинг ҳажми, аҳоли эҳтиëжига етмаганини эътироф қилади.

“Мамлакатимиз бўйича кўмир маҳсулоти етказиб бериш режаси 35 фоизга, аҳолини таъминлаш бўйича эса 17 фоизга бажарилган, холос” дея таассуфли рақамлар келтирган номзод кўмир нархини туширишни ваъда қилади.

Мирзиëев ўз нутқида дори-дармон масаласига ҳам эътибор қаратди:

“Арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздормиз ва ўйлайманки, бу қарзни узиш вақти келди. Айни пайтда биз тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлашга, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетишига йўл қўймайдиган энг қатъий чораларни кўрамиз” дея таъкидлаган Мирзиëев дори-дармонлар Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилиши борасида ваъда берди.

Чироқ ўчмайдими?

Мирзиëев ўз нутқида электр қуввати етказиб бериш масаласида кўплаб эътирозлар мавжуд эканини очиқ тан олиб сабабини изоҳлади:

“Бунинг сабаби шундаки, мамлакатимиз бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда”.

Масала ечими сифатида Мирзиëев “кафолатланган ва барқарор электр қуввати етказиб бериш таъминотини яхшилаш дастури” ишлаб чиқилганига эътибор қаратди.

Бу дастурга кўра “беш йил давомида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанцияларини алмаштириш назарда тутилган.”

“Ўзбекистон судлари энг адолатли суд эмас”

Ўз нутқи давомида Мирзиëев “Барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли даражада ишлаяпти, деган хулосага келишимиз мумкинми?” дея савол қўяди ва “Йўқ, албатта”, дея жавоб беради.

Мирзиëевга кўра “энг ачинарлиси, кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган”.

“Суд ёки оқлов, ёки қоралов ҳукмини чиқариши керак”, дея таъкидлаган Мирзиëев ва “судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз кечиш вақти” келганлигини таъкидлайди.

Жорий йилнинг 9 ойида 61 мингдан ортиқ жиноят ва 2,5 миллиондан ортиқ ҳуқуқбузарликлар қайд этилганини билдирган Мирзиëев “айбдор шахсни жавобгарликка тортиб, унга “судланган” деган тамғани босишга эмас, аксинча, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактикасига қаратилиши” зарурлигини таъкидлади.

Диний экстремизмга қарши “кураш” ўзгаришсиз қолади

“Биз муқаддас динимизни нотўғри талқин этаётган ва уни ниқоб қилиб, бизни орқага, ўрта асрлар ҳаётига қайтаришга уринаётган бузғунчи кучларга қарши кескин курашиб келдик ва бундан кейин ҳам қатъий кураш олиб борамиз” дея таъкидлаган Мирзиëев “мамлакат суверенитети ва мустақиллигига рахна солишга уринадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига қарши кескин зарба беришга қодир” эканлигини урғулади.

Сўз кўрки - мақол

Мирзиëевнинг сайловолди нутқида сиëсий ислоҳотлар борасида таклифлар деярли йўқ. Нутқ давомида “одамларни ҳаётдан рози қилиш масаласини” устивор вазифа эканлигини айтади. Бундан икки ой олдин “нутқлар сўзлашни” бошлаган муваққат президент ўз ваъзини мақол ва иборалар билан безаган. Нутқнинг ижтимоий кафолатлар қисмига ўтар экан, Мирзиëев “Қариси бор уйнинг париси бор”, деган мақолни келтиради.

Нутқ бошида “Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди” , дея марҳум Ислом Каримовдан иқтибос келтирган Мирзиëев нутқ сўнгида “Эл дардига дармон бўлмоқ – эзгу вазифангиздир”, дея Амир Темурга нисбат берилган сўзни айтади.

Сайловолди нутқлари таомилга кўра¸ ваъдалар билан тўла бўлади. Бу ваъдаларнинг амалга ошиш-ошмаслигиги ҳақида президент сайловларидан кейингина хулоса қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG