Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:33

“Ё панел, ё дор!” - Ўзбекистонда тадбиркорлар ва аҳоли қуёш панели ўрнатишга мажбурланмоқда


Ўзбекистонда тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари банкдан кредит олиб қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақида гапиришмоқда.
Ўзбекистонда тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари банкдан кредит олиб қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақида гапиришмоқда.

Газ ва электр тақчиллиги аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган Ўзбекистонда президент ва ҳукумат қуёш энергиясини муаммо ечими сифатида кўрмоқда.

Бу йил қишдаги энергетик бўҳрон манзарасида президент Шавкат Мирзиёев давлат ташкилотлари ва хусусий ҳамда давлат улуши бор корхоналарни тўлиқ қуёш энергиясига ўтказиш ҳақида топшириқ берди.

Айни пайтда жойларда тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари банкдан кредит олиб қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётганидан шикоят қилмоқда.

“Ҳокимиятдагилар “ё панел ўрнатасан ёки корхонангни ёпасан”, деяпти. 5 йилга 15 фоизли кредит ҳисобига 1,6 KWʼлик қуёш панелларини 19 млн сўмга, 2,2 KWʼлигини эса 27 млн сўмга олишга мажбурлашяпти”, - дейди Озодлик билан суҳбатда Ҳаётулло исмли андижонлик тадбиркор.

“Ё панел, ё дор!”

Андижон вилоятида қуёш панели ўрнатиш кампанияси шу ой бошида Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи ортидан бошланган.

Мирзиёев қуёш энергиясидан фойдаланиш учун жозибадор тизим яратилиши ҳақида гапирганди.

1 февраль куни Андижонда тадбиркорлар билан учрашган президент қуёш панели ўрнатган хонадон ёки корхона эҳтиёждан ортиб қолган электрнинг 1 киловатт соатини 1000 минг сўмдан давлатга сотиши мумкинлигини айтди. Бу Ўзбекистонда аҳоли учун белгиланган электр нархидан уч баравар кўпдир.

Президентнинг бу чиқишидан бир кун ўтиб, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов йиғилиш ўтказган, барча ташкилот раҳбарлари ва ҳусусий тадбиркорларга ўз ҳисобидан қуёш панелларини ўрнатиши кераклигини таъкидлаган.

Президент ташрифи ортидан тармоқларда тарқалган ва Андижон вилояти ҳокими Абдураҳмоновга тегишли экани айтилган аудиода овоз эгаси топшириқни бажармаган ташкилот раҳбарлари “ўзини осиши” кераклигини айтади.

"Қўйганларга раҳмат, қўймаган фуқаролар ўзингни ос, ё ҳаёт ,ё мамот, ё қуёш панели ё дор, дорни эшитяпсанми?".

15 февраль куни Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Андижонда тадбиркорлар қуёш панели ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақидаги хабарларни рад қилиб чиқди.

“Жорий йилнинг 10 февраль куни Андижон вилояти ҳокимининг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида қуёш панелларини кредит асосида олишни хоҳлаганлар ‘Саноатқурилишбанк’дан имтиёзли кредит олиб (15 фоиз, 5 йил муддатга, 6 ой имтиёзли давр, 150 миллион сўмгача) ўрнатиши мумкин эканлиги айтиб ўтилган”, дейилади хабарда.

Ҳокимлик матбуот хизматига кўра, учрашувда қуёш панеллари ўрнатишнинг афзалликларига урғу берилиб, бу фақатгина тавсия сифатида айтиб ўтилган.

"Панелсоққа"

Навоий вилоятида ҳам аҳоли ва бюджет ташкилотларида ишловчилар, хусусан ўқитувчилар кредит эвазига ўз хонадонига қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Навоийлик журналист Руслан Сабуров Facebook саҳифасида Кармана туманининг “Малик” маҳалласида барча уйларнинг томига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича топшириқ берилгани ҳақида ёзди.

Бир кун ўтиб журналист Навоий вилоятининг бошқа туманларидан ҳам қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш бўлаётгани ҳақида мурожаатлар ёғилганини билдирди.

“Мазкур пост чиққанидан сўнг бошқа туманлардан ҳам личкамга ушбу масалада мурожаатлар ёғилиб кела бошлади. Демак, бу “панелсоққа” фақат Кармана эмас, Навоий вилояти бўйича экан.

Хўш, бу “панелсоққа” ортида ким турибди? Нега аҳолини кредит олишга ва қуёш панели ўрнатишга мажбурлашаяпти? Саволлар етарлича.

Мен эса масаланинг бошқа томонини озгина таҳлил қилиб кўрдим. Менга келган маълумотлар ва кеча “Микрокредитбанк”нинг Кармана тумани филиали ҳодими билан телефон орқали суҳбатимиздан маълум бўлишича, Навоийдаги 1,6 кВт.лик қуёш панеллари 19 млн сўмга, 2,2 кВт.лик қуёш панеллари эса 27 млн сўмга таклиф этиляпти (тўғрироғи мажбурланаяпти).

Хўш, 1,6 кВт.лик қуёш панеллари қанча электр энергияси етказиб бериши мумкин? Тахминан, 8 та лампочка, музлаткич ва телевизор.

Совуткич, музлаткич, телевизор ва чироқлар, умуман битта хонадондаги ўртача уй-рўзғор буюмларини ишлатиш учун камида 4-5 кВт.лик қуёш панеллари керак бўлади.

Энди нарх масаласида. Ўзбекистонда 1,5 кВт.лик қуёш панелларини 9 млн 850 минг сўмга, 3 кВт.лик қуёш панелларини 18 млн сўмга ҳамда 4 кВт.лик қуёш панелларини 21 млн 700 минг сўмга таклиф қилиб турган компаниялар бор. Навоийда мажбурланаётган нарх эса 2 баравар қиммат. Ва қолаверса 5 йилга 15 фоизлик кредит фоизлари ҳам қўшилади бунинг устига”.

Британиянинг Cable портали ўтган йили эълон қилган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон электр энергияси нархи энг арзон бўлган етти давлатнинг бири.

Битта оилани энг зарур электр энергия билан таъминлаш учун (ёритиш, телевизор, музлатгич, телефон зарядкаси) ўртача 1 кВт/соат электр энергия лозим.

Мамлакатда 1 кВт соат электр энергияси аҳоли учун 295 сўм қилиб белгиланган.

Бир оила бир ойда 100 кВт электр ишлатса 29 минг 500 сўм бўлар экан. 20 миллион сўмлик қуёш панелини ўрнатсангиз 56 йилда ўзини қоплар экан. Банк кредит фоизини ҳам қўшиб ҳисобласа 70 йилга боради. Унда ҳам панел узлуксиз ток ишлаб бериб турса. Лекин, бизда свет арзон бўлгани билан ўқиб туради, у томони ҳам бор. Шу ҳисобдан фойдаси бордир қуёш панелларини, лекин шунда ҳам қимматга тушади”, - дейди андижонлик тадбиркор Ҳаётулла.

Фарғонадаги қуёш панелларни сотиш ва ўрнатиш билан шуғулланадиган Solar Nature ширкати мутахассиси Қобил Мухаммаджоновнинг Озодликка айтишича, ўртача хонадонга камида 5 кВтлик қуёш панели керак бўлади.

“Қуёш панелларининг аккумулятор билан ишлайдиган ҳамда тармоқ электростанцияси турлари бор. Аккумулятор билан ишлайдиган қуёш электр станциялари захирада қуёшдан йиққан энергиясини сақлаб туради ва сутканинг исталган вақтида ундан фойдаланиш мумкин бўлади. Шунинг учун кўпчилик уйларга шу аккумуляторлини қўяди. Лекин, аккумуляторлиси икки баравар қиммат, аккумулятор қўйилиши ҳисобига. Ҳар бир кВт панел 22 миллион сўмдан бошланади. Телевизор, холодилник бор ўртача хонадонга камида 5 кВт керак бўлади. Шунақа хонадонлар бор 12 кВт етмайди. Бундан ташқари қуёшсиз сезонда, булут қуёшни тўсиб қўйган пайтда ёки панелларга чанг тушган пайтда, қор тушган пайтда унинг самараси тушиб кетади. 90 фоиз ишлаб турган нарса 5 фоизгача тушиб кетиши мумкин. Қуёш чарақлаб турган пайтда максимал ишлаб беради”.

Ўтган йили Энергетика вазирлиги 2030 йилга қадар умумий қуввати 8 минг мегаватт бўлган қуёш ва шамол электр станциялари қурилишини эълон қилган.

Ҳукумат қайта тикланувчи электр манбаларидан фойдаланишга қарор қилган аҳолига қатор имтиёзлар, жумладан уч йилга солиқ тўловларидан озод қилинган бўлса-да, одамларда қуёш панеллари самарадорлигига нисбатан ишончсизлик бор.

Фарғонадаги қуёш панелларни сотиш ва ўрнатиш билан шуғулланадиган Solar Nature ширкати мутахассиси Қобил Мухаммаджонов ҳам қуёш панеллари самарадорлигига юз фоиз кафолат бериб бўлмаслигини айтади.

"Ўрнатдим, электрни ўзим мустақил олавераман, дейиш нотўғри. 100 миллион сўм сарфладим, беш ё ўн йилда чиқарволаман, дейиш ҳам хомҳаёллик. Давлатнинг электридан мустақил бўлдим, деб ўйлашингиз мумкин, лекин қуёшга боғлиқлик бор. Иккинчидан - қиммат нарса, аккумулятор беш-олти йилдан кейин чарчайди, яна алмаштиришга тўғри келади. Яна расход бўлади. Расходсиз нарса йўқ. Лекин, яхши томони-свет ўчиб қолса, панелингиз бўлса, сизда альтернатива бор. Ўзбекистонда эса, биласиз, свет тез-тез ўчиб туради. Яна яхши томони эса атроф-муҳитга фойдаси”.

2023 йилдан бошлаб Ўзбекистонда давлат муассасалари, хўжалик объектлари ва фермер хўжаликлари босқичма-босқич муқобил энергия таъминотига ўтиши билдирилган.

Форум

XS
SM
MD
LG