Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:52

ИИВ Тошкентдаги пикет ортидан “очиқ мулоқот”га тайёрлигини билдирди


Тошкентлик блогер ва ижтимоий фаол Шокир Шарипов.
Тошкентлик блогер ва ижтимоий фаол Шокир Шарипов.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги блогер ва жамоат фаоли Шокир Шариповнинг вазир Пўлат Бобожонов истеъфоси талаби билан Тошкентда 22 ноябрь куни ўтказган норозилик пикети ортидан “барча масалалар ва таклифлар бўйича очиқ мулоқот”га тайёрлигини билдирган.

Блогер Шокир Шарипов Озодликка вазирлик матбуот хизматининг бу ҳақдаги маълумоти унга журналист ҳамкасблари орқали етказилганини айтди.

“Мен 22 ноябрь куни Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилиб пикет ўтказдим. Тармоқларда бу муҳокама бўлгач вазирлик 1 декабрь пресс-конференция ўтказадиган бўлибди. Муҳокама қиламиз, очиқмиз, дейишибди. Мени ўзимга айтишмади, вазирлик матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов журналист ҳамкасбларимга айтган, менга етказишди бу маълумотни”, - дейди Шарипов.

Тармоқларда Муҳаммад Шакур номи билан танилган ўзбекистонлик блогер Шокир Шарипов 22 ноябрь куни Тошкентдаги Юрий Гагарин ҳайкали ёнида ногирон аравачасида ўтириб, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қиламан” ёзуви туширилган плакатни кўтариб бир кишилик пикет ўтказди.

Шокировнинг Озодликка айтишича, Шавкат Мирзиёев президентликка келиши билан ички ишлар тизимида жиддий ислоҳотлар қилинади, деб катта умид боғлаган, лекин ўзгаришлар у кутгандай бўлмаган.

Қўқон шаҳар ИИБ қошидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ўсмирнинг ўлими эса сабр косасига сўнгги томчи бўлган.

“Менинг чиқишимга 15 ёшли боланинг ўлими туртки бўлди. Шу ҳақда эшитганимдан кейин қандай реакция бўлганини кўриб ўзимни тергаб қолдим. Нега мувофиқ тарзда реакция бўлмаяпти? Мен чиқмасам виждоним еб қўяди деб чиқдим. Аслида, бу воқеадан кейин ички ишлар вазири халқ олдига чиқиб, вазирлик тизими ислоҳ қилинмаётганини тан олиб, кечирим сўраши ва истеъфога чиқиши керак эди. Чунки, мана шу воқеадан кейин ҳам Пўлат Бобожоновга ишонч билдирилса, вазифасида қолса, фуқароларда давлат бошқарувига ишонч йўқолади. Мамлакатни бошқараётганлар халқни ўйламайди, деган фикр кучаяди”, - дейди Шокиров.

"Вазир кетса ислоҳот бўлади, деган фикрдан узоқман..."

Ички ишлар вазирлигида ислоҳотлар бўлмаётгани фақат бир шахс - вазир Пўлат Бобожоновга боғлиқми?

Шокир Шарипов Озодликнинг бу саволига жавоб берар экан: “Албатта йўқ, у одам кетса ислоҳот бўлади, деган фикрда эмасман. Мен вазир Пўлат Бобожоновни кетказиш учун чиққаним йўқ. Ниятим у эмас. Ислоҳот бошлансин, деган маънода қилдим буни. Вазир агар шу лавозим эгаси сифатида камчиликларга йўл қўйган экан, ишини уддалай олмаётганини тан олиб кетиши кераклигини айтдим. Лекин, у лавозимида ўтирибди”, - дейди Шарипов.

Озодлик блогер танқидлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига изоҳ олиш учун боғланишга ҳаракат қилди, лекин вазирлик сайтида келтирилган телефон рақамларига 24 ноябрь иш куни охиригача ҳеч ким жавоб бермади.

ИИБ ҳибсхонасида қийнаб ўлдирилган эркакнинг оиласи қаровсиз қолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:09 0:00

"Айтадиганимни айтдим..."

Шокир Шарипов мулоқот ўтказиладиган бўлса уни ҳам чақиришларига умид қилаётганини айтади.

“Мен икки соатлик пикетда айтадиганимни айтдим. Чақиришса бораман, саволлар эса кўп. Талаблар кўп. Одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузиляпти. Фермерларни ички ишлар ходимлари калтаклашгани ҳолатларини эшитдик яқинда. Мақолалар чиқади, вазирликдан ҳеч қанақа реакция йўқ.

Асосий муаммо ислоҳот йўқлигида. Ислоҳот деганда катта комплекс ислоҳотларни назарда тутяпман. Ички ишлар ходимларини қайта тарбиялаш керак. Каримов давридаги меросдан воз кечишимиз лозим. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳали ҳам ўзини олдингидай тутяпти. Кўп иллатлар ҳозир ҳам қолган. Буни янгилаш керак. Ривожланган давлатлар андозасига ўтиш керак. Милиция ходимларида “хизматкорман, одамлар ҳимоячисиман” деган тушунча ҳосил қилишимиз керак”, - дейди Шарипов.

Шу ой бошида Қўқон шаҳридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 14 ёшли боланинг ўлими тармоқларни ларзага солди.

Вояга етмаган бола тан жароҳати етказилгани оқибатида вафот этгани юзасидан марказнинг икки нафар ходими ишдан бўшатилгани билдирилди. Расмий фаразга кўра, улар навбатчилик қилган кунда тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжалнинг олдини олмаган.

Вилоят ИИБ хабарида айтилишича, ИИВ тегишли хизматлари томонидан ўтказилган хизмат текшируви якунига кўра, ушбу марказ бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Форум

XS
SM
MD
LG