Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:36

Бухоролик мардикор милиция зобити дўппослагани ҳақда арз қилди


Иллюстрация
Иллюстрация

Бухорода яшовчи 46 ёшли мардикор Рустам Мавлонов "милиция зобити уни дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолгани" ҳақида Озодликка шикоят қилди.

Мавлоновнинг иддаосича, капитан унвонидаги Жамшид исмли милиция зобити уни 19 октябрь куни шериги билан бирга ушлаб, Бухоро туман Ички ишлар бўлимига олиб борган ва мақсадсиз юрганини пеш қилиб, калтаклаган.

Мавлонов Бухоро шаҳар касалхонасига ётқизилгани ва қовурғаси сингани ҳақдаги ҳужжатларни Озодликка тақдим этди. Лекин у милиция ходими калтаклагани юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилмаган.

Бухоро тумани бозорида мардикорлик қилувчи Рустам Мавлоновнинг Озодликка айтишича, 19 октябрь куни у шериги билан уйига қайтаётганида капитан унвонидаги милиция зобити уларни "мақсадсиз юрганлик"да айблаб, милиция бўлимига олиб борган ва дўппослаган.

- Шеригим Шавкат билан ишдан қайтаётганимизда, милиция ходими бизни тўхтатиб ҳужжат сўради. "Нимага мақсадсиз юрибсизлар", деб милиция бўлимига олиб кетди. "Нега мақсадсиз юрар эканмиз, бозорда мардикорлик қиламиз, ўғирлик қилганимиз йўқ, жиноят қилганимиз йўқ, нега бу ерга асоссиз олиб келдингиз", десак, "хоҳласам қамаб ҳам қўйишга ҳаққим бор", деб қорнимга тепди. Ётиб қолдим, ерга йиқилдим. “Сени ҳозир камерага қамайман”, деб ерда ётган ҳолимда яна тепди. Шеригимни ҳам дўппослади, - деб иддао қилди Рустам Мавлонов.

Бухоролик яна бир мардикор, 38 ёшли Шавкат Тўраев шериги Рустам Мавлоновнинг милиция бўлимида калтакланганига шахсан гувоҳ бўлгани, ўзи ҳам милиция зобитидан калтак еганини Озодликка айтди:

- Ҳаммаси менинг кўз ўнгимда бўлди. Бўлимга олиб бориб дўппослашди, шеригимни ёмон қилишди, қовурғасиниям синдиришди, мен гап қайтармаганим учун унча кўп уришмади. Милициядан чиққанимиздан сўнг тез ёрдам чақиртириб, Бухоро шаҳар касалхонаси хирургия бўлимига олиб бордик, у ерда қовурғаси синганини айтишди.

Мавлонов Бухоро шаҳар касалхонасига ётқизилгани ва қовурғаси сингани ҳақдаги ҳужжатларни Озодликка тақдим этди.

Мавлонов 19 октябр куни Бухоро шаҳар касалхонаси жарроҳлик бўлимига тез ёрдам машинасида олиб борилган.
Мавлонов 19 октябр куни Бухоро шаҳар касалхонаси жарроҳлик бўлимига тез ёрдам машинасида олиб борилган.

Озодлик Мавлонов ётган Бухоро шаҳар Тиббиёт бирлашмасига қўнғироқ қилди.

Касалхона шифокори калтакланиш белгилари билан шундай исмли бемор 19 октябрь куни куни олиб келингани, аҳволи яхши эканини айтиш билан чекланди.

Мавлонов ҳам Тўраев ҳам милиция бўлимида калтаклангани юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилишмаган.

- Арз қилсаларинг "қаматтирвораман", деб қўрқитди. Касалхонадагилар ҳам "шикоят қилишинг керак", дейишди, мен "йўқ" дедим. Шикоят қилганнинг фойдаси йўқ, улар доим ўзиникини ҳимоя қилар экан, айбли биз бўлиб қолар эканмиз, - дейди Мавлонов.

Озодлик бухоролик мардикорларнинг иддаоси юзасидан Бухоро тумани Ички ишлар бошқармасига ҳам телефон қилди.

Милиция навбатчиси Озодлик мухбири саволини эшитгач, бошлиғи билан қисқа маслаҳатлашувдан сўнг телефонни қўйиб қўйди.

Милиция ҳодимлари билан фуқаролар ўртасидаги инцидентлар ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Шу йилнинг июн ойида Қашқадарёнинг Китоб туманида ҳомиладор аёл милиция зобити уни калтаклаши оқибатида у қорнидаги ҳомиласидан ажралиб қолиш хавфини бошидан кечирган ҳақида Озодликка шикоят қилган эди.

Сурхондарёда фермер прокурорни калтаклаганликда айбланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:37 0:00

Шу йилнинг май ойи охирида эса сурхондарёлик фермер прокуратура ходимлари уни дўппослаб, қовурғасини синдиргани ҳақда даъво қилиб, Ўзбекистон бош прокуратураси ва Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига шикоят қилганидан 45 кун ўтиб маҳаллий прокуратура фермернинг ўзини орган ходимига қўл кўтарганликда айблаб, унинг устидан жиноят иши очилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG