Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:27

Самарқандда шифокорлар қурилиш ишларига жалб этилди


Каттақўрғон тумани Тиббиёт бирлашмасида қурилиш авжида.
Каттақўрғон тумани Тиббиёт бирлашмасида қурилиш авжида.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида шикофорлар ҳам касалхона реконструкцияси ишларига жалб этилган. Каттақўрғон тумани Тиббиёт бирлашмаси ходимларининг Озодликка айтишича, шифохонанинг эски иморати бузилиб, ўрнида янгиси қурилмоқда, фаррошлардан тортиб ҳамшира ва шифокорлар шу бино қурилишига сафарбар этилган.

Каттақўрғон тумани Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари ўз касбий фаолияти қолиб, қурилиш ишига мажбуран жалб этилаётганликларидан норозилик билдирмоқда.

Шифохонанинг Озодлик билан суҳбатлашган ходимларидан бири: “Туманда касалхоналар тиббиёт ходимлари ҳисобидан қурилаётган бўлса, бунинг учун давлат ҳазинасидан ажратилаётган пуллар қаерга кетяпти?, - деган саволни ўртага ташлайди.

- Шифохонамизда бузилиб қайта қурилиши керак бўлган эски яроқсиз корпусни, бузиш ишларига ҳам тиббиёт ходимларни мажбуран жалб қиляпти. Ва яқинда мажлисда бутун бошли шифохонани қайта қуришни тиббиёт ходимлари ўз ҳисобидан қуради, деб бош врачимиз айтаяпти. Давлатни пуллари унда қаерга кетяпти? Бизни давлатимиз шунчалик ожизмики, шифохоналарни ҳам тиббий ходимлар ўз ҳисобларидан қуриб берса?, - дейди Каттақўрғон тумани касалхонасининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган шифокори.

Шифохонанинг бошқа ходими ҳам фаррошлардан тортиб малакали врачларгача навбати билан қурилишга сафарбар этилаётганини айтди.

- Қўлга тегадиган ойлик 650 минг атрофида. Ёзда қўча супирамиз, кузда пахта, қишда мана қурилишда ишлаймиз. Қачон бизда врач ўз ишини қилади?, - дейди каттақўрғонлик шифокор.

Озодлик ушбу шикоят юзадан изоҳ олиш учун Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига боғланди.

Телефон кўшагини кўтарган мулозим шифокорларни ҳеч ким қурилишга мажбурланаётганини инкор қилиб, уларнинг ўзлари "кўнгилли ёрдам" бераётганини таъкидлади:

- Ҳеч ким уларни мажбурлаётгани йўқ. Тўғри, ҳозир касалхонани эски корпуси бузилиб, ўрнида янги иморатлар қуриляпти. Шунга ёрдам сўралса, аввало шоферлар ва фаррошлар жалб этилиши мумкин, улардан ҳам кўнгилли ёрдам бериш сўралади, - деди Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани касалхонаси мулозими.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ҳодимлари кўчаларни тозалаш, далада чопиқ ҳамда ягана қилиш ё пахта териш каби ишларга жалб этилгани аввал кузатилган.

Сўнгги йиллари эса кўчалар ё қурилиш ишларига ҳам бюджет ташкилотлари ходимлари жалб этила бошланган.

Нега шифокорлар ўз касбига боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этилади?

Озодлик шу савол билан Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига боғланганида бошқарма мулозими бу борада изоҳ беролмаслигини айтди.

- Мен бу ҳақда бирон нарса дейишга ожизман, - дея гапни қисқа қилди мулозим.

Ўзбекистонда йиллардан бери ўқитувчилар, шифокорлар ва бюджет идоралари ходимлари ишдан ҳайдалишлари ҳақидаги таҳдидлар билан дала меҳнати ва ободончилик ишларига мажбурлаб келинади.

"Хьюман Райтс Уотч" ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатни тақиқлаш, бу тақиқни бузганларни жазолашга чақирган.

Лекин, мажбурий меҳнат мамлакатда бартараф этилмай қолмоқда.

XS
SM
MD
LG