Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:59

Депутатлар машиналарда кундузи чироқ ёқиб юришни бекор қилишни таклиф этди


Айни пайтда Facebook тармоғидаги "Водители Ташкента" гуруҳида ҳайдовчилар улар таъбирича машиналарнинг фаралари эриб тушаётгани ёки симлари ёниб кетаётгани акс этган суратларни эълон қилмоқда.
Айни пайтда Facebook тармоғидаги "Водители Ташкента" гуруҳида ҳайдовчилар улар таъбирича машиналарнинг фаралари эриб тушаётгани ёки симлари ёниб кетаётгани акс этган суратларни эълон қилмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатасидаги бир гуруҳ депутатлар машиналарнинг кундузи чироқ ёқиб юришини бекор қилиш таклифи билан чиққан.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Расул Кушербаев, Абдурашид Абдуқодиров ва Жамшид Пирматовтранспорт воситаларининг техник ҳолати кундузи чироқ ёқиб юришга мос келмаётганлиги сабаб йўл ҳаракати қоидаларига 9 апрелда киритилган ўзгаришларни бекор қилишни талаб қилганлар.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги №292-сонли қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритилган эди.

Унга кўра, жумладан, куннинг ёруғ вақтида барча автоуловлар яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги белгиланди.

Айнан ушбу ўзгартириш ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлди.

Айрим машина эгалари жазирама иссиқда чироқ ёқиб юриши оқибатида автоулов фаралари ва симлари қизиб ёниб кетгани акс этган фотосуратларни ижтимоий тармоқларда эълон қилди.

Ҳайдовчилар иддаосича, фаралар тинимсиз ёниб туриши оқибатида эриб тушмоқда.
Ҳайдовчилар иддаосича, фаралар тинимсиз ёниб туриши оқибатида эриб тушмоқда.

Озодлик айрим машина эгаларининг жазирама иссиқда чироқ ёқиб юриши оқибатида автоулов фаралари ва симлари қизиб ёниб кетаётгани ҳақидаги иддаолари юзасидан GM Uzbekistan автомобил ширкатидан изоҳ кутмоқда.

"Кундузи чироқ ёқиб юриш иқлимга мос келмайди"

Олий Мажлис қонунчилик палатасининг айрим депутатлари шу холатларни эътиборга олиб, йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгаришлар бекор қилиниши керак, деган фикрни билдирганлар

"Биринчидан, бизнинг шароитимиздаги бундай қарорни қабул қилишда бир қатор ўзига хос хусусиятлар инобатга олинмаган. Жумладан, Ўзбекистонда йил давомида сутканинг асосий қисми ёруғ вақтга тўғри келиши сабабли пиёдалар ва йўловчиларнинг ҳаракатланишида инсон кўзининг атрофни тўлиқ илғаб олиши учун қуёш ёруғлигининг етарли эканлиги.

Иккинчидан, мамлакатимиз иқлим шароитини инобатга олсак, йил давомида кунларнинг асосий қисми иссиқ, ёғингарчилик кам, туман ва ҳаво кам булутли минтақа эканлиги инобат олинмаган. Масалан, Молдовада бундай тартиб фақат қиш мавсумида амалга киритилган ва тартибни бузганлик учун жарима чоралари қўлланилмайди.

Учинчидан, кундуз кунлари, шу жумладан, ёз фаслида ҳароратнинг ўта юқори вақтида ҳам чироқларнинг ёқиб юрилишига эски русумдаги автомобилларнинг мос ҳолда ишлаб чиқарилмаганлиги.

Мазкур масалада Европа мамлакатлари тажрибасига таянилса, уларда бундай тартиб 2011 йилдан амалга киритилган бўлиб, барча автомобил ишлаб чиқарувчиларга янги автомобиллар учун кундузги автоматик ёнувчи чироқларни ўрнатиши шартлиги белгиланган. 2011 йилгача ишлаб чиқарилган, автоматик чироқлари ёнмайдиган автомобиль эгаларига эса мажбурий чироқларни ёқиб юриш тартиби йўқ.

Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиздаги автомобил ишлаб чиқарувчилар ёки четдан автомобил олиб кирувчиларга ҳам чироқларнинг автоматик равишда ёниб туришини таъминловчи фаралар билан жиҳозлаш мажбуриятини юклаш зарур бўлади.

Тўртинчидан, сўнги йиллардаги амалиётга мос равишда ижтимоий аҳамиятга эга муҳим норматив ҳуқуқий ҳужжатлар кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ва билдирилган таклифлар асосида такомиллаштирилиб, шунга мос равишда кўриб чиқиш бўйича ҳуқуқий асос ва амалиёт бўлишига қарамасдан ҳужжатда жамоатчилик фикри инобатга олинмаган.

Бешинчидан, 2016 йил сентябрь ойига қадар амалда бўлган Йўл ҳаракати қоидаларининг 138-бандидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддасига “ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик” учун энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима белгилаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ-411-сонли Қонуни таҳриридаги диспозицияси депутатлар томонидан маъқулланиб, қонун қабул қилинган эди.

Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Йўл ҳаракати қоидаларининг 138-бандига киритилган “Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт” деган ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг 23 сентябрдаги 2016 йилдаги ЎРҚ-411-сонли Қонунининг тегишли қисми концепциясига мос келмайди.

Олтинчидан, ушбу тартибга риоя этмаслик оқибатида тўланиши керак бўлган жарима миқдорлари ўртача ойлик иш ҳақларига нисбатан Италияда 85 марта, Латвияда 146 марта, Словения 56 марта, Финляндия 82 марта камни ташкил этади. Бизда эса белгиланган жарима миқдори ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 16-17 марта камни ташкил этмоқда.

Ушбу асослардан келиб чиққан ҳолда, биз, бир гуруҳ депутатлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Ички ишлар вазирлигига Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги №292-сонли қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига “куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт”лиги бўйича киритилган ўзгартиришни бекор қилиш ёки жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда такомилига етказиш шу жумладан, бундай қоидабузарлик учун жарима белгиламаслик масаласини кўриб чиқиш бўйича таклиф киритдик.

Умид қиламизки, тез кунларда мазкур масала ўзининг ижобий ечимини топади", - дейилади Олий мажлис қонунчилик палатасининг айрим депутатлари эълон қилган баёнотда.

Айрим ҳайдовчилар чироқни ўчиришни унутиб қўйиши сабаб, машина аккумулятори ўтириб қолмоқда.
Айрим ҳайдовчилар чироқни ўчиришни унутиб қўйиши сабаб, машина аккумулятори ўтириб қолмоқда.

Айни пайтда Facebook тармоғидаги "Водители Ташкента" гуруҳида ҳайдовчилар машиналарнинг фаралари эриб тушаётгани ёки симлари ёниб кетаётгани акс этган суратларни эълон қилмоқда.

XS
SM
MD
LG