Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:24

HRW Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси Тошкентда очилади (ВИДЕО)


Халқаро Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Хью Уилямсон ҳамда ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича офис директори, тадқиқотчи Стив Свердловлар 5 сентябр куни Тошкентдаги “Стратегия маркази”да маҳаллий нодавлат, нотижорат ташкилотлар вакиллари билан учрашди.

Халқаро ташкилот вакилларининг Ўзбекистонга 2 сентябрда бошланган бир ҳафталик сафари давомида Ташқи ишлар, Ички ишлар вазирликлари, Олий Мажлис, Олий суд, Бош прокуратура каби давлат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари, ҳуқуқ фаоллари билан учрашуви режалаштирилган.

HRW ташкилоти 7 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистонга қайтди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00

Human Rights Watch вакиллари Ўзбекистон ҳукуматининг 7 йиллик танаффусдан сўнг бу ташкилотга яна ўз эшикларини очгани ҳамда мамлакат ичкарисидаги фуқаролик жамияти вакиллари билан мулоқотга имконият бергани учун олқишлади.

- Ташкилотимиз дунё бўйлаб 90 дан ортиқ давлатда ишлайди. Аммо, маҳаллий нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари билан ишлаш – бизнинг асосий ишимиздир. Бундан буён биз учун кун тартибида турган долзарб масалалар, жумладан, пахта далаларида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш – бугун муҳокама қилиш керак бўлган масалалардир, деди Хью Уилямсон.

HRW ташкилоти 2011 йилда Ўзбекистон Олий суди қарори билан расман Ўзбекистондан чиқариб юборилган эди.

Унинг Тошкентга қайтиши мумкинлиги ҳақида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шу йилнинг 17 июлида Брюсселда ўтган “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгаши матбуот анжуманида маълум қилди.

Чет эл ташкилоти ваколатхонасига Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи Стив Свердлов раҳбарлик қилади ва у шу кунларда Тошкент ҳукумати мулозимлари жуда илиқ қарши олаётгани, барча масалаларда муҳокамага ҳозирлигини билдирганини айтмоқда:

- Бизни ҳақиқатда жуда илиқ ва жиддий қарши олишяпти. Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жуда долзарб масалаларни муҳокама қиляпмиз. Муҳокамаларда гап фақат HRWнинг мамлакатга қайтиши эмас, балки, сиёсий маҳбуслар, қийноқлар, мажбурий меҳнат ҳақида бормоқда. Бу ерда инсон ҳуқуқлари аҳволини ўнглаш учун кўп ишлар қилинаётганини биз ҳис қилаяпмиз. Биз буни олқишлаймиз ва ҳукуматни шундай қадамларни давом эттиришга чақириб қоламиз, деди Стив Cвердлов.

Human Rights Watchнинг Тошкентдаги ваколатхонаси 1996 йилда очилган ва шундан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кузатиб, таҳлил қилиб келган эди.

2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкент аввалига бу ташкилот вакилларига берилган аккредитацияни узайтирмаган.

2011 йилда эса Олий суд қарори билан ташкилот ваколатхонасини ёпган ва бутунлай мамлакатдан чиқариб юборган эди.

XS
SM
MD
LG