Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:56

Янги ўқув йилидан талабаларга “энага” тайинланади


Янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон олийгоҳларида “энага” вазифасини бажарувчи таълим-тарбия маслаҳатчилари иш бошлайди. “Энага”лар 1-курс талабаларининг ҳар бир қадамини назорат қилиб, уларга таълим қоидаларидан тортиб, диний оқимлардан сақланиш йўлларигача ўргатишади. Шунингдек, “энагалар” зиммасига талабаларни ижтимоий тармоқлар ва хориж матбуотидан асраш вазифаси ҳам юклатилган.

1-курс талабаларига "энага" тайинланади

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Ваҳобовнинг 21 апрель кунги 158-сонли буйруғига асосан, янги ўқув йилидан бошлаб мамлакат олийгоҳларида “Таълим-тарбия маслаҳатчилари мактаби” иш бошлайди.

Вазир Ваҳобов имзоси билан тасдиқланган низомга кўра, мазкур мактабнинг мақсади олийгоҳга ўқишга кирган 1-курс талабаларига таълим олиш қоидаларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда бурч ва масъулиятларини англашига кўмаклашишдан иборатдир.

Айрим олийгоҳ домлалари вазирнинг ушбу буйруғини бемаънилик деб баҳолашмоқда:

“Олий таълим вазирининг янги буйруғига кўра, энди университетларда “энага” деган штат ташкил этилади. Низомни ўқиб чиқсангиз, бунинг жуда-жуда беъмани эканлигини сезишингиз мумкин. Олий таълимда ўқийдиган талабаларнинг қўлида паспорти бор, кўпчилиги турмуш қурган, оилали, фарзанди борлар ҳам анчагина, лекин шунга қарамай уларга “энага” ёлланмоқда. “Энагалар” талабанинг ҳар бир қадамини назорат қилиш вазифасини ўз зиммасига олади. Буни ғирт бемаънилик деб биламан. Бу иш ўзини оқлашига ҳеч кўзим етмайди”, дея Ўзбекистондаги олийгоҳлардан бирининг домласи вазирнинг буйруғи ва мактаблар бўйича низом нусхасини ҳам Озодликка йўллади.

"Энага" талабаларни "Одно"дан сақлайди

Айни пайтда Ўзбекистон Миллий университети мулозимларидан бирининг айтишича, таълим-тарбия маслаҳатчилари 1-курсга қабул қилинган талабаларни ўқиш жараёнига мослашишида муҳим роль ўйнайди:

“Бу айниқса вилоятлардан келган талабалар учун катта ёрдам бўлади. Уларнинг адаптацияси учун бу жуда яхши тадбир. Таълим-тарбия маслаҳатчилари ҳар бир талаба бўйича план тузади. Унинг қизиқишларини ҳисобга олиб, унинг маданий дам олишига ҳам кўмаклашади. Кейин маслаҳатчилар ёш талабаларни турли оқимларга қўшилишидан ҳам асрайди. Мана эшитаяпмиз, Одноклассники тармоғи орқали ёмон йўлларга кириб кетаётган ёшларнинг нима бўлаётганини. Маслаҳатчилар талабаларга шу каби тармоқлардан сақланиш йўлларини ўргатишади. Кейин талабаларни ахборот ҳуружлари, жумладан, хорижий оммавий ахборот воситалари ахборотларидан сақланишга ҳам ўргатилади”, деди Миллий университет мулозимларидан бири.

"Энага" ким ўзи?

Мулозимга кўра, таълим-тарбия маслаҳатчилари олийгоҳдаги малакали ўқитувчилар орасидан танлаб олинади.

“Танловда психологияни яхши биладиган, камида 5 йиллик илмий-педагогик стажга эга профессор-ўқитувчилар маслаҳатчиликка лойиқ кўрилади. Яна битта шарти ўша ўқитувчи илмий унвонга эга бўлиши ҳам лозим. Низомга кўра, маслаҳатчилардан хорижий тилларни билиш ҳам талаб қилинади”, деди Миллий университет мулозими.

Эллик талабага битта "энага"

Озодликка боғланган домла эса бу тадбирни кулгули дея баҳолайди:

“Энг кулгули жиҳати битта “энага”га 50тадан талаба бириктириб берилар экан. “Энага”нинг зиммасига юкланган вазифаларни ўқисангиз эсингиз оғиб қолиши ҳеч нарса эмас, бунинг учун “суппер-муппер энага” бўлиши керак. Хуллас, ғирт бемаънилик ва жинниликнинг ўзи. Университет расмийлари бераётган қўшимча тушунтиришларга қараганда талабаларнинг турли диний оқимларга қўшилиб кетмаслиги учун шундай чора ишлаб чиқилибди. Талабаларга “энага” ёллагандан кўра, сифатли билим бериш ҳақида бош қотирса, университетларни билимли, салоҳиятли ўқитувчилар билан таъминлаш ҳақида ўйлашса, талабалар ҳеч қанақа оқимларга қўшилмайди”, дейди Ўзбекистондаги олийгоҳлардан бирининг домласи.

Талабалар шу пайтгача ҳам кучли назорат остида экани маълум. Янги ўқув йилидан бошлаб эса бу назорат янада кучаядиган бўлди.

Ўзбекистонда нафақат олийгоҳ талабалари балки коллеж ва мактаблар ўқувчилари ҳам доимий назоратда.

Яқинда мамлакатдаги касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари яшайдиган ҳудудлар микроучасткаларга тақсимланиб, унга бириктирилган ўқитувчи зиммасига дарсга келмаётган ўқувчини топиб, коллежга қайтариши вазифаси юклатилди.

XS
SM
MD
LG