Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:44

Отабек Сатторий иши. Effect.uz нашри мухбири Сурхондарё ИИБга чақирилди


Блогер Отабек Сатторий
Блогер Отабек Сатторий

18 февралда Effect.uz сайтининг мухбири Файзулла Меҳмонов Сурхондарё вилояти ИИБ Тергов бошқармасига бу ерда ҳибсда сақланаётган блогер Отабек Сатторий иши юзасидан тергов доирасида чақиртирилди.

Журналистнинг Озодликка айтишича, чақирув ортидан махсус Сурхондарёга борган ва уч ярим соат давом этган "суҳбат" пайтида унинг қонуний ҳуқуқлари бузилмаган. Бироқ унинг фикрича, Сатторий асоссиз ҳибсга олинган.

Сурхондарёлик фаол блогер Отабек Сатторий ўтган йилнинг 30 январида қўлга олинган ва ўшандан буён қамоқда сақланмоқда. Бош прокуратура унинг бир йўла 7 та ҳолат бўйича тергов қилинаётганини билдирган. Аммо, ҳамкасблари буни унинг блогерлик фаолияти билан боғлиқ таъқиб, деб танқид қилмоқдалар.

Журналист Фазлиддин Меҳмонов 18 февраль куни Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси терговчиси П.Х.Маматмуродов хонасига чақирилди.

Озодлик билан суҳбатда журналист, терговчи билан "суҳбат" 3 ярим соат давоми этгани, уни сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий иши доирасида гувоҳ сифатида чақиришганини айтди.

“Тергов сири боис, нима ҳақда суҳбат бўлганини айта олмайман. Лекин, Отабек Сатторий иши доирасида гувоҳ сифатида чақиртирилганимни айта оламан. Мен билан қонун доирасида гаплашишди, қонун бузилиш ҳоллари бўлмади”, деди Озодлик билан суҳбатда журналист.

Журналист Файзулла Меҳмоновга борган чақирув қоғози, 18 февраль, 2021
Журналист Файзулла Меҳмоновга борган чақирув қоғози, 18 февраль, 2021

Журналистга бошқармадан борган чақирув қоғозида унинг Жиноят процессуал кодекси 261-моддасига биноан гувоҳ сифатида чақиритирилгани айтилган.

Ушбу моддада: “ Чақирувга биноан ҳозир бўлиш мажбурияти Жиноят ишини юритиш муносабати билан суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд томонидан белгиланган тартибда чақирилган шахслар айнан кўрсатилган вақтда ҳозир бўлишлари шарт. Узрсиз сабабларга кўра келмаганлари тақдирда улар мажбурий келтириладилар”, дейилган.

Шу йилнинг 30 январь куни Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий Термиз шаҳридаги уйидан бир гуруҳ фуқаро кийимидаги ИИВ ходимлари томонидан олиб кетилгани ҳақида Озодлик 2 февраль куни хабар қилган.


11 февраль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси блогернинг туҳмат, ҳақорат ва ёлғон ахборот тарқатиш билан боғлиқ 7 та ҳолат бўйича тергов қилинаётганини маълум қилган. Айни пайтда унга нисбатан эҳтиёт чораси ўлароқ қамоқ жазоси қўлланилган. Агар у айбдор деб топилса, 10 йилгача қамалиши мумкин.

18 февраль куни Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Меҳмонов блогер асоссиз айбламоқда, деган фикрни айтди ва Отабек Сатторийнинг тақдири Ўзбекистондаги блогер ва журналистларнинг барчасига бевосита дахлдордир, деб таъкидлади:

“Агар шу ноҳақ айблов билан Отабекни қамашса, у ҳолда ўзбекистонлик ҳамма блогер ва журналистларда, жамоатчиликнинг шунча чақириқлари ва ҳатто, Америкадаги журналистлар қўмитаси аралашувига қарамасдан уни қамашди, деган хавотирли хулоса пайдо бўлади. Сайлов арафасида бу боланинг тақдири мамлакатдаги журналист ва блогерларга тўғридан-тўғри таъсир қилади”.

Отабек Сатторийнинг қўлга олиниш тафсилотлар ҳақида Озодлик бир неча мақола эълон қилган.

Журналист Фазлиддин Меҳмоновга кўра, блогер ва Effect.uz сайти мухбири Фарҳод Исмоилов 2020 йилнинг декабрида Шеробод туман деҳқон бозорини суратга тушираётган кезда, бозор ходимлари ҳужумига учраган. Ўшанда блогер Отабек Сатторийнинг телефонига шикаст етган ва туман раҳбарлари унга янги телефон ваъда қилишган.

Файзулла Меҳмоновга кўра, бу телефонни олиш асносида блогер “товламачилик билан телефон олаётган пайтда ИИБ ходимлари томонидан қўлга туширилди”, деган тузоққа туширилган.

Уни озод қилиш талаби билан Ўзбекистондаги қатор жамоат фаоллари, журналист ва блогелардан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва АҚШдаги Халқаро журналистлар қўмитаси ҳам баёнот эълон қилган.

Озодлик Отабек Сатторий иши юзасидан Сурхондарё вилоят ҳокимлигидан ҳам, Шеробод туман ҳокимлигидан ҳам ҳозиргача изоҳ ололмади.

Effect.uz сайтининг мухбири Файзулла Меҳмоновнинг айтишича, бу нашрнинг яна икки ходими шу кунларда ИИВ ходимларининг ноқонуний муносабатига учраган.

Жумладан, Отабек Сатторий иши доирасида сурхондарёлик Фарҳод Исмоилов уйида 3 февраль куни тинтув ўтказилган.

Меҳмоновга кўра, тинтув мухбир уйида бўлмаган кезда ўтказилган ва бу ҳақда мухбир ҳамда унинг оила-аъзоларига ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилинмаган.

Бундан ташқари Меҳмонов, нашрнинг Наманган вилояти Косонсой туманидаги мухбири Сайфулла Исахонов ҳам туман ИИБга бир неча соатга қамаб қўйилди, демоқда:

“Мухбир туман ИИБ ходимларининг ноқонуний муносабатига эътироз билдиргани ва улар билан тортишгани учун, Миллий гвардия ходимлари томонидан ушлаб олиб кетилган ва туман ИИБ га бир неча соатга қамаб қўйилган. Яъни, бу ҳолатда мухбир ИИВнинг ноқонуний талабларига бўйсунмагани учун қамаб қўйилган”.

Жорий йил охирида Шавкат Мирзиёевнинг биринчи президентлик муддати ниҳоясига етади. Октябрь ойининг учинчи якшанбаси- тақвимга мувофиқ бу йил 24 октябрга тўғри келади - навбатдаги президент сайловлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Мирзиёев 8 февраль куни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Бу сайловлар арафасида республиканинг турли вилоятларидаги журналист ва блогерлар маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда куч ишлатар тузилмалари томонидан сиқувга олина бошлагани кузатилмоқда.

Журналист ва блогерларга нисбатан бундай босим сабаби, сайлов йилида аҳоли норозлигига оид хабарларнинг тармоқларга чиқиш кўламини бостириш уриниши сифатида баҳоланмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Расул Кушербоев ҳам, Отабек Сатторий ҳақида берган баёнотида шундай таъкидлади:

“Қизириқлик фермерларни дардини ёритиб улар билан Тошкентгача келган, Сурхондарё вилояти ҳокимини ҳам қўрқмай танқид қилган, ўзини қамаш учун турли тадбирлар уюштиришаётганини менга айтиб ёрдам сўраган(мени огоҳлантирган эди ҳатто) ўша Отабек Сатторий исмли блогер кўп ўтмай товламачиликда айбланиб, қамоққа ташланяпти”.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳоли ижтимоий муаммолар туфайли стихияли тарзда қатор норозилик акциялари - ҳокимият биноларига йиғилиб бориш, йўл тўсиш ёки Тошкентдаги давлат идоралари олдида кунлаб норозилик йиғинларига тўпланиши кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG