Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:31

“Обод қишлоқ” дастурига ажратилган пул газсиз қувурларни бўяшга сарфланди


Фарғонадаги қишлоқлардан бири
Фарғонадаги қишлоқлардан бири

Фарғона вилоят, Данғара туманидаги икки қишлоққа “Обод қишлоқ” дастури асосида 7 миллиард 560 минг сўм сарфланди.

Бу маълумот Фарғона вилоят ҳокимлигининг “Обод қишлоқ” дастури бўйича Ишчи гуруҳи тайёрлаган маълумотномада келтирилган.

Ҳужжатда дастурга киритилган ишларнинг биринчи босқичи асосан муваффақиятли бажарилгани, бироқ камчиликларга ҳам йўл қўйилгани қайд этилган.

Озодлик Данғара, Учкўприк ва Бешариқ туманларидаги "Обод қишлоқ" дастурига киритилган қишлоқлар вакиллари билан боғланиб, Ишчи гуруҳ маълумотномасига кирмай қолган камчиликларни аниқлади.

“Обод қишлоқ” дастурига ажратилган пул газсиз қувурларни бўяшга сарфланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00
Бевосита линк

Данғара. Гази йўқ қувурлар газ идораси пулига бўялди

“Обод қишлоқ" дастури тўғрисидаги президент фармонининг (ПФ-5386) ижросига оид маълумотномада “Данғара туман газ идораси ходимлари томонидан Хўжа қишлоғидаги бир ярим километр газ трубалари бўялгани” айтилади.

Ҳужжатда айтилишича, бўяш ишлари учун маблағ “Обод қишлоқ” дастурига ажратилган пулдан сарфланган.

Ҳокимлик ҳужжати
Ҳокимлик ҳужжати

Озодлик 28 ноябрь куни суҳбатлашган “Водийгазтаъминот” унитар идораси муҳандисига кўра¸ Данғара туман Хўжа қишлоғидан ўтган газ қувури “газ идораси ажратган пулга сотиб олинган бўëқ билан¸ газ идора ходимлари тарафидан бўялган”.

Озодлик тасарруффидаги ҳужжатда эса, газ қувури “Обод қишлоқ дастури”га ажратилган маблағдан бўялгани айтилади.

Озодлик суҳбатлашган ва исми эфирда айтилишини истамаган фарғоналик фермер “Бюджет маблағлари хўжакўрсинга” сарфланганини айтиб берди:

- Истиқлол МФЙ Хўжа қишлоғида газ йўқ. Аммо ўша газ умуман бўлмайдиган ва бўлиши кутилмаëтган 4 километр газ қувурлариниинг фақат бир қисмини бўяб, бизга ҳаммаси бўялди, деб қўл қўйдириб олди.

Фермернинг иддао қилишича, "табиий газ қувурларининг фақат кўринадиган қисми бўялган, газ қувурини бўяшга ажратилган маблағ эса, ўзлаштирилган”.

Озодлик бу иддаонинг расмий тасдиғига эга эмас. Маҳаллий фермернинг айтишича, “бўялган қувурдан газ келаëтгани йўқ”.

Данғара. Кўча таъмирига ажратилган пулга ëнмайдиган кўча фонарлари ўрнатилди

Озодликда мавжуд ҳужжатда Данғара туман Боғиш МФЙ дан ўтувчи ички кўчаларга “31 та тунги ëритиш чироқлари ўрнатилгани” айтилади.

Айни туман маҳалла фаолига кўра¸ бу чироқлар ëнмаяпти ва умуман, электр кунора ўчиб қолмоқда:

- Кўчалар таъмирталаб¸ айниқса ички кўчалар. Лойда умуман юриб бўлмайди. Бу кўчаларни ремонт қилишга ажратилган пулга ëнмайдиган фонарь чироқ ўрнатиб кетишди. Уйларнинг кўча тарафга қараган шиферларини қизилга¸ кўча тарафдаги деворни сариққа бўяб кетишди.

Озодлик Ўзбекистон президенти 2018 йил, 29 мартда имзолаган “Обод қишлоқ” дастури доирасида ажратилган маблағларнинг Данғара туманида тўғри сарфланмаганига оид иддаоларга муносабат сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилди.

Туман ҳокими биринчи ўринбосари Иқболжон Усмонов Данғара туманида “Обод қишлоқ” дастурининг биринчи босқичи муваффақиятли якунланганини айтди.

Мулозимга кўра¸“маблағ тўғри сарфланган ва туман қишлоқларининг қиëфаси замонавийлашган”.

Бешариқ. Томга суртилган бўёқни том эгалари сотиб олди

Озодлик суҳбатлашган бешариқлик маҳалла фаоли уй томига ëпилган шифернинг кўчага қараган ярми қизил рангга бўялганини айтди:

- Шиферни краскалашди. Совуқда кўчиб кетадику бу бир сезонда. Мен яшайдиган Бўстон қишлоғидагиларга мажбуран краска сотишди. Сариқ ранг фасад бўяйдиган. Краска сотувчининг спискасини кўрдим. 119 та уй фасади сариққа бўялиши керак экан.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатда Бешариқ туман, Бўстон қишлоғида "Хонадонларнинг ташқи фасадини бўяш учун аҳолига имтиëзли нархда бўëқ етказиб берилгани" айтилган.

Учкўприк. Хароб қишлоқлар қолиб обод қишлоқлар ясатилди

Учкўприклик маҳалла фаоли бўлган аëлнинг 28 ноябрь куни Озодликка айтишича¸ “энг бечора хароб қишлоқлар қолиб, йўлнинг устидаги кўп маблағ кетмайдиган яхши қишлоқлар дастурга туширилган”:

- Роса катта суммаларда иш бажардик деб сметаларга қўл қўйдиришяпти. Энг қизиғи, ўзи шундоғам обод бўлган қишлоқ йўл устида бўлгани учун ясатилмоқда.

Фаол аёлнинг айтишича, қишлоқни обод қилиш унинг президент ўтиши мумкин бўлган катта йўлга яқин-узоқлигига боғлиқ:

- Учкўприкдаги Тошкентлигузар қишлоғида яхшигина мактаб ва боғча бор. Президент келади деб, боғчанинг беседкалари, айвончаларини бошқа боғча мудиралари пул йиғиб қуриб берди. Ўз ҳисобидан. Ўзи бу қишлоқ яхши эди, аввалдан табиий гази ҳам бўлган. Қўқон шаҳрига яқин. Аммо шуни Обод қишлоқ дастурига киритишди.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатда Учкўприк тумани Тошкентлигузар ва Катта Кенагас МФЙлар “Обод қишлоқ” ​ дастурига киритилгани айтилади. Ҳужжатга кўра¸ Тошкентлигузар қишлоғида 165 хонадон таъмирланади. "Кўча чироқлари ўрнатилиб ҳаммом ва сауна" ташкил қилинади.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, 2019 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини бажариш учун 6,3 трлн. сўм маблағ ажратиш ва бунинг ҳисобига 478 та аҳоли пунктида турмуш шароитлари яхшилаш режаланган.

"Обод қишлоқ" дастурига халқаро грантлар жалб этилган.

Жаҳон банки Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган 8 та қўшимча лойиҳани амалга оширади. Бу ҳақда Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким 28 августда президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида маълум қилган эди.

Ўзбекистон раҳбари расмий сайтида эълон қилинган мактубда, жумладан: “Бу лойиҳалар иқтисодиётни ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни ҳамда қишлоқ жойларда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилган «Обод қишлоқ» дастурини қўллаб-қувватлашни ҳам ўз ичига олади”, дейилган.

XS
SM
MD
LG