Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:54

1 миллион долларга Ўзбекистон ватандошлиги: Сармоя ёки "пул ювиш"?


Ўзбекистонда ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, мамлакатдаги инвестиция лойиҳаларига камида 1 миллион доллар маблағ киритган хорижлик ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиши мумкин. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Аммо кузатувчилар бу дастур Ўзбекистонни “катта пул ювиш машинасига” айлантириши ва иккиламчи санкцияларга тушиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ўзбекистон ватандошлиги нархи - 1 млн. доллар

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистонга 1 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритганлар учун мамлакат фуқаролигини ҳеч қандай шартларсиз олиш имконини назарда тутади:

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига камида 1 млн. АҚШ доллари эквивалентида сармоя киритган жисмоний шахсга ёхуд таниқли олим, спортчи, маданият ва санъат арбобига нисбатан тадбиқ этилади”.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташаббуси билан киритилган лойиҳа муҳокамаси 8 дан 23 ноябрга қадар давом этиши белгиланди.

2019 йилда Ўзбекистонда 8500 базавий ҳисоблаш ( бу тақрибан 2,55 миллиард сўм) миқдорида ҳисса қўшган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар таъсисчилари ва уларнинг оила-аъзолари учун “инвестиция визалари” жорий этилганди. Бундан ташқари, ҳозирда Ўзбекистонга 3 миллион доллар ва ундан ортиқ миқдордаги сармоя киритганлар учун яшаш учун рухсатнома соддалаштирилган тартибда берилади.

Шунингдек, бир қатор давлатлар ватандошларига Ўзбекистонда маълум миқдорга кўчмас мулк сотиб олаётганда яшаш учун рухсат олиш ҳуқуқи берилган.

"Пул ювиш" хавотирлари

Мутахассисларга кўра, Ўзбекистон ўз иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича сиёсат юритувчи давлатлар қаторига кириш учун барча имкониятларга эга.

Агар тўғри режалаштирилса ва бошқарилса, фуқаролик эвазига инвестиция дастурлари мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшади. Давлат қарзи камаяди, инфратузилма ва туризм ривожланади, янги иш ўринлари яратилади, юқори малакали мутахассислар сони кўпаяди...

Аммо “1 миллион долларга фуқаролик” дастури Ўзбекистон учун ҳозирги жараёнда қанчалик даромадли?

Швейцарияда яшовчи ўзбекистонлик собиқ дипломат ва мустақил журналист Алишер Таксанов бу дастур Ўзбекистонни “катта пул ювиш машинасига” айлантириши мумкинлигидан огоҳлантиради:

Мустақил журналист¸ сиëсатшунос Алишер Таксанов
Мустақил журналист¸ сиëсатшунос Алишер Таксанов

- Статистика маълумотларига кўра, охирги пайтларда Россия билан товар айирбошлаш, сармоя ҳажми, меҳнат муҳожирларидан Россиядан Ўзбекистонга келаётган банк трансферлари кескин ошди. Бу “гастарбайтерлар” пуллари эканига ишончингиз комилми? Бу Россиядан олиб қочилаётган маблағ. Бундай тарзда фуқаролик сотиш ҳозирги кунда Россияни ҳимоя қилишдек кўринаяпти ва Шавкат Мирзиёев олов билан ўйнашяпти. Бу Ўзбекистон иқтисодиётига, сиёсий имиджига жуда қаттиқ зарба бўлиши мумкин: Ўзбекистон иккиламчи санкциялар остига тушиб қолиши хавфи мавжуд. Айнан шу пайтда Ўзбекистон Алишер Усмоновдан санкцияларни олиб ташлашни сўраб Европа Иттифоқига мурожаат қиляпти ва бир вақтнинг ўзида Ўзбекистонга сармоя киритганларга фуқаролик беришни жорий этмоқда.

"Инвестиция орқали фуқаролик" тизими бошқа мамлакатларда

Ўзбекистон пойтахти иссиқ иқлим, нисбатан арзон турар-жойлар ва паст солиқ ставкалари билан ўзига жалб қилиб келмоқда. Россиянинг Украинага тажовузи туфайли Ўзбекистонга қочиб келаётган россияликлар учун шахсий даромад солиғи ўзбекистонликлар билан бир хил - 12% қилиб белгиланган.

Марказий Осиё давлатларида бундай тажриба ҳозирча жорий этилмаган ва Ўзбекистон фуқароликни сотишни бошлаган минтақадаги биринчи давлатга айланиши мумкин.

Қўплаб мамлакатлар йирик сармоя киритганларга вақтинчалик яшаш гувоҳномаларини бериш билан кифояланади.

Масалан, қўшни Қозоғистонда 10 йилга вақтинчалик яшаш рухсатномасини олиш учун бизнесменларга 300 минг доллар сармоя ётқизиш талаб қилинади.

Қозоғистонлик иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев фақат қозоқ миллатига мансуб шахсларгина осонлаштирилган тартибда ватандошлик олиш имконига эга, дейди.

- Қозоғистонда фуқаролик олиш учун чет элдан келган одам 23 минг долларни банк ҳисобрақамига қўйиши керак. Агарда у пули бор эканлигини исботласа, Қозоғистон фуқаролигига ариза берса бўлади. Фуқаролик бериш бўйича комиссия мавжуд – шу комиссия ҳал қилади. Ундан ташқари Қозоғистон тарихи, тилини билсин деган талаб бор. Бундай талаб қозоқ бўлмаган миллат вакилларига тегишлидир. Қозоқларга бундай талаблар йўқ. Қозоқларга ҳеч қандай чекловсиз фуқаролик берилади. Бизда пул эвазига ёки сармоя киритганига фуқаролик бериш тартиби йўқ.

Ватандошлик бериш орқали иқтисодиётга сармоя жалб қилиш жаҳон тажрибасида янгилик эмас.

Биргина Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг инвестицион миграция дастурлари сўнгги 10 йил ичида 25 миллиард еврога яқин тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар олиб келди. Бу дастурлар, айниқса, кичикроқ иқтисодиётлар (масалан, Греция, Португалия, Малта, Кариб ҳавзаси) учун улкан иқтисодий ва ижтимоий фойда келтирмоқда.

Шунга қарамасдан, Европа Иттифоқи раҳбарияти Европа фуқаролигини “сотиб олиш” мумкинлигидан унчалик мамнун эмас. 2019 йил январ ойида Европа Иттифоқи расмийлари Болгария, Кипр ва Малтани жиддий танқид остига олган ҳисобот эълон қилди. Европа комиссияси “сармоя эвазига ватандошлик” дастурлари пул ювиш, коррупция ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтган.

Сўнгги пайтларда хорижий инвесторлар томонидан кўчмас мулк харидлари кескин ўсган давлат Туркиядир. Айниқса Кремлнинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин Россия, Украина ва Беларусдан кўплаб инвесторлар кела бошлади.

Туркиядаги “Арба Томс” кўчмас мулк ва қурилиш агентлиги раҳбари Осим мамлакатида ватандошлик олиш тартиби йил сайин соддалаштириб борилаётганини айтади:

- Агарда хорижлик кадастр нархидан 400 минг доллардан зиёдга мулк сотиб олса, турк ватандошлигини олиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бунинг ҳаммаси расмий фирмалар орқали банкда расмийлаштирилади. 3 ойдан кейин ватандошликка эга бўласиз. Расмийлаштириш жараёни тез ва осон кечади. Туркияда одамлар бизнес қилиш, яшаш, денгиздан роҳатланиш, ҳаётини яхши томонга ўзгартириш учун ватандошлик оладилар. Ўзбекистонга 1 миллион доллар киритган одам нима қилиши мумкинлигини тасаввур қилолмаяпман.

Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери Туркия ўз тарихидаги энг юқори ойлик даромад ўсишни қайд этди. Аммо сўнгги пайтларда, хусусан, араб давлатдаридан келган қочқинлар оқими Туркия, хусусан, Истанбул сингари йирик шаҳарларда муҳожирларга қарши кайфиятларни кучайтирган.

Туркиянинг мухолифатдаги Жумҳуриятчи халқ партияси (ЖҲП) Истанбул кенгаши депутати Ўзгур Карабат кўплаб хорижлик, жумладан, Ўзбекистондан Туркияга келганлар "ноқонуний йўллар билан уй-жой сотиб олаётгани"дан норозилик билдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG