Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:58

Ўзбекистон: Парламент сайловлари ва ўзгаришлар ниқоби


Ўзбекистон, сайлов.
Ўзбекистон, сайлов.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламент сайловларида "кучли рақобат" бўлишини башорат қилган бўлса-да, сўнгги 15 йил давомида бир хил ҳукуматпараст сиёсий фракциялар ғалаба қозониб келмоқда, мухолифатчи сиёсий партиялар рўйхатга олиниши эса мунтазам рад этилмоқда.

Дунёда бу йил ўтказиладиган сайловлар орасида 27 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон парламенти сайловидан ҳам камроқ эркин ва камроқ адолатли ҳисобланиши мумкин бўлган сайловлар оз.

Шундай бўлса-да, Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолили мамлакатидаги ҳокимият вакиллари дунёни бундай эмаслигига ишонтириш учун астойдил ҳаракат қилмоқда.

Бутун мамлакат бўйлаб ўтказиладиган маҳаллий сайловлар билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг икки палатали миллий қонун чиқарувчи органи янги жорий этилган аралаш тизим асосида сайланади. Бу тизим мажоритар, туман даражасидаги сайловлар ва сиёсий партияларнинг пропорционал вакиллигини қамраб олади.

Тарафдорлар фикрича, қуйи палатадаги 150 ўриннинг ярми учун пропорционал вакилликнинг жорий этилиши (қолган 75 ўринга номзодлар ҳали ҳам партияларнинг вакиллари бўлиши шарт) партия тизимини ривожлантириш учун катта имконият.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса сайловларда "кучли рақобат" бўлишини башорат қилди.

Бироқ, бу ерда бир муаммо бор.

Буюк Британияда жойлашган "Central Asia Due Diligence" тадқиқот маркази асосчиси Алишер Илҳомов: "Рақобатлашаётган барча партиялар чўнтак партияларидир. Ҳокимият янги сиёсий партиялар шаклланишини тўхтатишга ҳаракат қилмоқда,", деб айтди Озодлик радиосига.

OzodNazar: Президент сайловига баҳолар: “Зўр”дан “Базўр”гача
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:48:30 0:00

"Ривожланаётган сиёсий кечмиш"ми?

Ўзбекистонликлар янги парламентга охирги марта 2019 йилда овоз берган, бу ҳақиқий ўтиш даврига тўғри келган эди.

Мирзиёев раҳбарлигида 35 миллион аҳолига эга мамлакат яккалашидан чиқиб келмоқда эди.

Қаттиқ назоратдаги иқтисодиёт хусусийлаштириш ва хорижий инвестициялар учун очилди, виза сиёсатидаги туб ўзгариш туризм ўсишига туртки берди ва мустақил оммавий ахборот воситалари ҳамда танқидчи блогерлар учун кичик, аммо сезиларли имкониятлар пайдо бўлди.

Ўзбек тизимидаги энг кам ўзгаришга учраган ягона элементми?

Сиёсат, худди қаттиққўл Каримов даврида бўлгани каби, фақат танланган аъзолар учун бўлиб қолмоқда.

Ўша овоз беришдан беш йил ўтиб, мавжуд барча далиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда фикрлар хилма-хиллиги ва танқидий қарашлар учун имкониятлар кенгайиш ўрнига яна қисқариб бормоқда.

"Чегарасиз мухбирлар" ташкилотининг оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича 100 баллик шкаласида Ўзбекистон 2019 йилдаги 46,48 баллдан 37,27 баллга тушди. Бу даврда Мирзиёевнинг "илиқлик" сиёсатида пайдо бўлган айрим блогерлар қамалди.

Шундай экан, нима учун 27 октябрдаги овоз бериш бошқача бўлиши керак?

Шу ой бошида "Diplomat" нашрида эълон қилинган оптимистик мақолада ҳукуматга хайрихоҳ Ўзбекистон тараққийпарвар ислоҳотлар маркази асосчиси Миршоҳид Асланов "фаол қайнаётган сиёсий манзара" ҳақида гапирган.

У келгуси сайловлар "мамлакатнинг ривожланаётган сиёсий кечмишида янги саҳифа очиши мумкин"лигини таъкидлади.

Асланов ўз таҳлил марказининг сўровномаси "аҳолининг, айниқса шаффофлик, иқтисодий ислоҳотлар, суд мустақиллиги ва атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларда ўзгаришларга интилишини" кўрсатганини айтди.

Унинг қўшимча қилишича, овоз беришда иштирок этаётган беш сиёсий партия "бу кайфиятлардан фойдаланган ҳолда сайловга тайёргарлик кўрмоқда" ва "тараққиётга чанқоқ жамоатчиликка таъсир қиладиган чиқишлар қилмоқда".

Бу яхши, албатта. Тошкентдан келган хабарларга кўра, номзодларнинг плакатларини ҳар ерда кўриш мумкин, ҳатто пойтахт шаҳар кенгаши сайловида камида иккита машҳур "халқ артисти" ҳам иштирок этмоқда.

Бироқ, нечта ўзбек сайловчиси Аслановнинг бешта ҳукуматпараст партиядан бири "ижтимоий адолатга содиқлигини икки баробар оширган"и ёки "ишчи синфи ва ҳимояга муҳтож гуруҳлар ҳимоячиси" деб берган таърифини тан оларди?

Аслида, уларнинг қанчаси "Адолат" социал-демократик партиясини умуман билади?

Ҳозирги кунда "Адолат" Ўзбекистон парламентидаги 150 та ўриннинг 24 тасини эгаллаган.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) 53 ўрин билан энг кўп ўринга эга.

Каримов даврида 2014-2015 йиллардаги икки босқичли парламент сайловларида "Адолат" 20 та, ЎзЛиДеП эса 52 та ўрин қозонган эди.

2009-2010 йилларда бу кўрсаткичлар мос равишда 19 ва 53 ни ташкил этган.

Сўнгги 15 йил давомида парламентдаги бешта партия айнан бир хил бўлиб қолмоқда.

Аввалги икки сайловда Ўзбекистон Экологик ҳаракатига парламентда 15 ўрин квотаси ажратилган эди.

2019 йилги сайловларда у партия сифатида қайта номланди ва ўринлар учун рақобатлашишга мажбур бўлди.

Шундай бўлса-да, натижа ўзгармади – 15 ўрин.

Сайлов-2024: "Янгича", аммо мухолифатсиз сайлов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:45 0:00

Танқидий овозларга йўл йўқ

Партияларнинг сайловларда ҳайратланарли даражада доим бирдек овоз олиши, парламентнинг чекланган ваколатлари билан биргаликда, баъзи кузатувчиларни бу сайловлар умуман эътиборга лойиқми, деб шубҳаланишга ундаши мумкин.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти бошчилигидаги кузатув миссияси ўзининг сайлов бўйича дастлабки ҳисоботида бу қадар кескин фикр билдирмаган бўлса-да, "партияларни рўйхатга олишнинг мураккаб талаблари, рўйхатга олишни рад этиш ёки партия фаолиятини тўхтатиб қўйишнинг кенг қонуний асослари ва йиғилишлар ўтказишга чекловлар"ни танқид қилди.

Бу ҳақда кўпчиликдан кўра кўпроқ биладиган шахслардан бири – Мирзиёевнинг ашаддий танқидчиси Хидирназар Аллақулов бўлиб, у бир неча йилдан буён ўзининг мухолифат партияси – Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик партиясини рўйхатдан ўтказишга уриниб келмоқда, аммо бунга эриша олмаяпти.

Бу вақт мобайнида Аллақулов, унинг қариндошлари ва тарафдорлари мунтазам равишда тақиб остига олинган, у полиция қамоққа олиш пайтида жинсий аъзоларига электр токи берилганини таъкидлаган.

Унинг ўғли ва партия фаоли Шерзод ҳозирда қамоқда сақланмоқда.

Парламент ичида Мирзиёев ва бошқа сиёсий оғир вазнлиларни танқид қилиш умуман йўқ.

Аслида, Мирзиёев "Янги Ўзбекистон" деб атаган даврда нисбатан мустақиллиги билан танилган икки депутат ўз лавозимини тарк этди.

Gazeta.uz хусусий янгиликлар сайти "Ўзбекистон фуқаролари учун муҳим бўлган масалалар бўйича очиқ, баъзан танқидий фикр билдирадиган кам сонли депутатлардан бири" деб таърифлаган Дониёр Ғаниев август ойида қонун чиқарувчи органни тарк этишини эълон қилди.

Ғаниев Telegram’да ўз лавозимида қолиши "на менга, на сайловчиларга фойда келтирмайди", деб айтди.

Ғаниев сингари ЎзЛиДеП вакили бўлган Расул Кушербаев янада кескинроқ тарзда ишдан кетди.

У 2022 йил декабрь ойида давлат бюджети билан боғлиқ савол беришига йўл қўйилмагандан кейин парламент мажлисларини "шоу" деб атади. У партияни тарк этди, аммо кейинчалик ҳукумат маслаҳатчиси лавозимини эгаллади.

Мирзиёевнинг янги конституцияси мулк дахлсизлигини таъминламади - собиқ депутат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:52 0:00

Бу сайловлар ўтган йили референдумда қабул қилинган янги конституция асосида ўтказиладиган, шунингдек, Мирзиёев 2023 йил июль ойида асосий қонунни қайта кўриб чиқиш доирасида беш йилдан етти йилга узайтирилган янги президентлик муддатини қўлга киритганидан кейинги биринчи сайловдир.

27 октябрдаги овоз бериш, шунингдек, Ўзбекистон таркибидаги номинал автоном республика бўлган Қорақалпоғистон парламентига 2022 йилдаги тартибсизликлар куч билан бостирилганидан кейинги биринчи сайловлар бўлади.

Форум

XS
SM
MD
LG