Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:07

Кўпвекторлик ва "табассум дипломатияси". Экспертлар Мирзиёев ташқи сиёсати ҳақида


Владимир Путин, Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев Чимкентдаги учрашув чоғида. Октябрь, 2018
Владимир Путин, Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев Чимкентдаги учрашув чоғида. Октябрь, 2018

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳалигача Украина уруши борасида расман бирон баёнот бергани йўқ. Россия билан алоқалар яхши эканига эътибор қаратаётганига қарамасдан, расмий Тошкент Украина ва Ғарб давлатлари билан ҳам дўстона муносабатларни сақлаб қолишга уринмоқда.

Буни "кўпвекторлик, нейтрал ташқи сиёсат" ва "табассум дипломатияси" деб атаётган сиёсий таҳлилчилар Ўзбекистон юритаётган сиёсий ўйин қоидалари сабабларини турли омиллар билан изоҳламоқда.

"Пинҳона" табрик

Шу йилнинг 24 августида президент Шавкат Мирзиёевнинг Украина Мустақиллик куни билан табриги эълон қилинди.

4 қатордан иборат бу қисқа табрик Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси расмий сайтидагина чоп этилди, холос.

- Бу ойда биз икки томонлама муносабатларимиз тарихидаги муҳим сана — дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Ҳеч шубҳа йўқки, анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган ўзбек-украин муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бундан кейин ҳам ривожланиб боради. Сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, масъулиятли давлат фаолиятингизда муваффақиятлар, дўст украин халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилайман, дейилади Ўзбекистон раҳбарининг Украина президенти Владимир Зеленскийга йўллаган расмий табригида.

Зеленскийга йўлланган табрик ноодатий тарзда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Президент матбуот хизмати ёки бошқа бирон расмий каналда эълон қилингани йўқ.

Украина ўз мустақиллигининг 31 йиллигини нишонлаётган бир пайтда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистонга расмий сафар қилди. Тошкентдаги ШҲТ мудофаа вазирлари йиғилишида сўзга чиққан Шойгу Россия қаторида Шанҳай ташкилотига аъзо давлатларга ҳам таҳдид ва инқирозлар хавфи кучайиб бораётганини уқтиришга уринди.

- АҚШ ва жамоавий Ғарб глобал ҳукмронликни сақлаб қолиш учун мустақил давлатларга мисли кўрилмаган босим ўтказмоқда. Бунинг учун очиқ шантаж, таҳдидлар, рангли инқилоблар ва давлат тўнтаришидан фойдаланмоқда, қўпол дезинформация тарқалмоқда. Ғарбнинг қарама-қарши ҳаракатлари ва у жорий этаётган санкциялари натижасида жаҳон иқтисодиётидаги вазият ёмонлашмоқда, алоқалар бузилмоқда, сунъий равишда озиқ-овқат инқирози яратилмоқда, дея иддао қилди Шойгу.

Армияси Украина ҳудудларини бомбардимон қилаётган ва босиб олишга уринаётган Россия мудофаа вазири “жамоавий Ғарбнинг” нима учун бирлашгани ва нима сабабдан санкциялар киритишда давом этаётгани сабаблари тўғрисида, албатта, лом-мим демади.

24 февралда Украинага қарши уруш бошланганидан буён Ўзбекистон рус тажовузини очиқчасига қоралашдан ўзини тийиб келмоқда. Расмий Тошкент томонларни халқаро нормалар асосида муроса қилишга чақирган.

31 август куни мамлакат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган нутқида президент Шавкат Мирзиёев мураккаб геосиёсий шароитларда Ўзбекистон ўзининг мудофаа қудратини мустаҳкамлаши кераклигин айтди, аммо Украина можаросини тилга олмади.

"Дўст бўлсанг..."

Россиянинг ўзида эса Владимир Путин бошқараётган ҳукумат томонидан “дўст бўлган”, “дўст бўлмаган” ва “нейтрал” давлатлар рўйхати тузилди.

Ўзбекистон унда Россияга нисбатан “нейтрал” давлат эканини кўриш мумкин. Марказий Осиёдаги барча бошқа давлатлар ҳам бу масалада бетараф сифатида рўйхатга киритилган.

Таҳлилчилар иттифоқчиларга эҳтиёж сезаётган ва Ўзбекистонни Украина масаласида ўз тарафига оғдиришга уринаётган Путин ҳукумати ўз нейтраллигини сақлаётган давлатлар, хусусан Ўзбекистонга нисбатан эҳтиёткор сиёсат юргизиб, очиқчасига босим қилишдан ўзини тийиб келаётганини айтишади.

Айни пайтда ўзбек ҳарбийлари шу ой ўрталарида Тожикистонда ўтган АҚШ ҳарбийлари билан қўшма машғулотларда иштирок этди ва Россия матбуотидаги хабарларга кўра, Москванинг Ўзбекистонга олиб ўтилган Афғонистон ҳарбий авиация техникасини Украинага бермаслик борасидаги кафолат талабини жавобсиз қолдирди.

Аммо бу ҳаракатларнинг биронтаси маҳаллий матбуотда ёритилмади.

Таҳлилчилар расмий Тошкентнинг “бетараф ва вазмин” бу хатти-ҳаракатлари Кремлни ғазаблантирмасликка қаратилганини айтишади.

"Кўпвекторлик" ва "табассум дипломатияси"

АҚШда яшовчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Рафаэл Саттаровнинг фикрича, мавжуд вазиятда Ўзбекистон энг маъқул “кўпвекторли ташқи сиёсат”ни танлаган.

- Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам Украинанинг яхлитлигини қўллаб-қувватлайди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги мажбурияти ва ШҲТ олдидаги мажбурияти ҳам. Маълумки, Шанхай ташкилоти мамлакатлари ҳам яқин қўшниларининг ҳудудий яхлитлиги, суверенитетини доимо қувватлайди. Шу сабабли бу Ўзбекистон ташқи ишлари принципларига мувофиқдир. Боз устига, бу ўша “кўпвекторли ташқи сиёсат” кўриниши ҳамдир. Бу сиёсат, албатта, ҳаммага ҳам ёқавермайди. Ўзбекистон Украинани мустақиллик куни билан табриклаётган бир вақтда, руслар билан ҳарбий машғулотларда қатнашиши ёки катта давлатлар аъзо бўлган ШҲТ тадбирини ўтказишга ҳеч қандай халақит бермайди. Албатта, бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсатида ўзгаришлар сезилмоқда. Масалан, Қозоғистон Украинадан кейин энг катта Россиянинг босимини ўзида ҳис қилаётган давлат. Ўзбекистон ва Қозоғистон бу босимни ҳис қилган ҳолда прагматик йўл билан секин-аста диверсификация йўлларини танлади. Шу билан бирга, бу икки давлат ўзини Россияни қўлловчи ва иккиламчи санкциялар қўлланган давлатлар қаторида кўргиси йўқ. Шунинг учун Тошкент ташқи сиёсатда баъзи ҳолларда бир бирига қарама-қарши бўлган ҳаракатларни қилиши мумкин, лекин бу унинг ташқи сиёсий манфаатларига зид эмас.

Лондонда яшовчи мустақил сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов Мирзиёевнинг Россиянинг Украинага қарши бошлаган урушига нисбатан ҳаддан ташқари эҳтиёткор позициясини бир қанча сабаблар билан изоҳлади.

- Биринчи сабаб - Путиннинг ғазабини қўзғатишдан қўрқиши. Қолаверса, Мирзиёев ўзини 2016 йилда ҳокимиятга келгани учун Путиндан маълум даражада қарздор, деб ҳисоблаши.

Иккинчи жиҳат – ўзбек миллатига мансуб россиялик олигархларнинг лобби роли, улар ҳам Мирзиёевнинг ҳокимиятга келишида рол ўйнаган. Президент оиласининг рус олигархлари билан бу алоқалари аллақачон Ўзбекистондаги энг даромадли активларнинг маълум бир қисмига айланди, айниқса энергетика ва тоғ-кон саноатида.

Учинчиси, уруш бошланиши ва Ғарбнинг Россия Федерациясига нисбатан санкциялари билан юзага келган янги иқтисодий имкониятлар. Булар у ерга ўзбек маҳсулотларини экспорт қилишни кенгайтириш орқали “катта оға”нинг қийинчиликларидан фойдаланиш. Шунингдек, Россия томонидан Ғарб санкцияларини четлаб ўтиб, Ўзбекистоннинг транзит ҳудуд сифатидаги имкониятларидан истифода этишдир.

Ва ниҳоят, Ўзбекистон иқтисодиётининг меҳнат муҳожирлари даромадига доимий боғлиқлиги. Бу Россиядан пул ўтказмалари ролини камайтириш ва ортиқча ишчи кучини иш билан таъминлаш учун мамлакат иқтисодиёти ҳали ҳам яхши ишламаётгани натижасидир. Яъни, бу ерда биз шахсий манфаатлар билан мамлакат манфаатларининг ўзаро боғлиқлигини кузатяпмиз ва президент буни кўриб турибди.

Хитой ва Марказий Осиё бўйича эксперт, сиёсатшунос Темур Умаровнинг фикрича, 24 февралдан кейин Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон Россия билан янги муносабатлар форматини изламоқда.

- Бу ерда иккита масала мавжуд. Рус жамоатчилиги орасида Марказий Осиё, жумладан, собиқ Иттифоқ давлатларида қандай тузум бўлиши кераклиги тўғрисидаги радикал ва режимга ёқиб тушадиган фикрларни билдириш одат тусига кирди ва буни Кремль дастакламоқда. Марказий Осиё давлатлари эса, бошқа томондан Россияга кучли қарамликда эканини ҳис этишмоқда. Масалан, Қозоғистон кўплаб товар бирликлари бўйича тўлиқ Россияга боғланиб қолган: тахминан 70 фоизгача боради. Яна бир томондан эса халқаро изоляцияга тушган Россия билан муносабатлар урушгача бўлган кўринишда бўлмаслиги аниқ бўлиб қолди.

Иттифоқчилари қолмаган Россия учун эса ҳар бир хайрихоҳ давлатнинг қадри ошди. Буни тушунаётган Марказий Осиё давлатлари Россия билан янгича шаклдаги муносабатларни ўрнатишга эҳтиёж сезмоқда. Россия ҳозир қудратли давлат эмас ва Ўзбекистон илгари ҳам Қозоғистон каби бу давлатга боғланиб қолмаганди. Каримов даврида Ўзбекистон очиқчасига алоқаларни узиб ташлашга қодир бўлган бўлса, Мирзиёев даврида “табассумлар дипломатияси” ҳукмрон: ҳеч ким билан алоқаларни ёмонлаштирмаймиз. Шу тариқа Марказий Осиё давлатлари 24 февралдан кейин Россия билан янги шаклдаги ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни тиклашга уринаётганини кўряпмиз.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG