Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:26

"Ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш". Оқсоқоллар камбағалликка қарши курашади


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш учун фаол оқсоқолларни жалб этиш режаланмоқда. Уларга олти ой давомида кам таъминланган оилаларга ғамхўрлик қилиш вазифаси юклатилади. Бунинг эвазига оқсоқолларни молиявий рағбатлантириш кўзда тутилган: ойига 577,5 минг сўм миқдорида тўлов.

Ўзбекистон президентининг 25 ноябрдаги қарорига кўра, "Камбағалликдан фаровонликка" дастури доирасида ҳар бир маҳаллада ҳаётий тажрибага эга бўлган уч кишини бешта кам таъминланган оилага бириктириш режалаштирилган. Уларнинг вазифаси нафақат ушбу оилаларга ёрдам бериш, балки маҳаллаларда "ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш" ҳамда "соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш"дан иборат бўлади.

Дастурни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 504 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Оқсоқоллар фаолиятининг асосий йўналишлари оилаларга томорқалардан фойдаланишда ёрдам бериш, экинларни парвариш қилиш ва маҳсулотларни сотиш кўникмаларини ўргатишни ўз ичига олиши лозим.

Ўзбекистонда камбағаллик. Чироқчилик оила ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:28 0:00

Оқсоқоллар тавсиясига кўра, кексалар учун спорт тадбирлари, транспорт харажатлари, шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари ва спорт кийимлари харид қилиш молиялаштирилади.

Бунинг учун ҳомийлик масъулиятини Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси зиммасига олиши керак. Режаларга кўра, жамғарма ҳар бир маҳаллага 10 миллион сўмдан ажратади.

Тошкентлик журналист Шарофиддин Тўлаганов ташаббусни қўллаб-қувватлаб, унинг маданий жиҳатдан аҳамиятини алоҳида таъкидлайди.

"Ҳужжат ўзбек халқининг қадимий анъаналари ва қадриятларига асосланган. Маълумки, маҳаллалар ўзбек жамиятида катта роль ўйнаган. Маҳалла аҳли тўй-маъракаларда доимо бир-бирига ёрдам бериб келган. Буни "Бир болага етти маҳалла ота-она" мақоли ҳам тасдиқлайди. Ишончим комилки, бу қарор муваффақиятли амалга оширилиши мумкин, фақат хоҳиш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар керак," дейди журналист.

Лондонда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Алишер Илҳомов эса бу ташаббусни "камбағаллик муаммосини ҳал қилишга ёндашувда мутлақо номувофиқ" деб баҳолайди.

"Оқсоқоллар маслаҳатлари, агар улардан кимдир тегишли масалаларда, масалан, иқтисодиёт, маркетинг, бозорда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бўйича мутахассис бўлмаса ёки кичик ва ўрта бизнесни юритиш тажрибасига эга бўлмаса, ёрдам бериши даргумон. Бундай ҳолатда оқсоқолларга эмас, балки ёшлар ҳам бўлиши мумкин бўлган мутахассисларнинг профессионал маслаҳатларига таяниш мақсадга мувофиқ," дейди эксперт.

Илҳомовнинг фикрича, камбағаллик муаммоларини ҳал қилишда оқсоқолларнинг роли ҳатто "бузғунчи" бўлиши мумкин.

"Айнан уларнинг вакиллари анъанавий қадриятлар таъсирида оилаларнинг маросим амалиётига, кўплаб тўй ва бошқа маросим тадбирларига, жумладан суннат тўйи, дафн ва хотира маросимларига сарфланадиган харажатларни рағбатлантириб келган ва ҳозир ҳам рағбатлантирмоқда. Бунда оила жуда кўп меҳмонларни таклиф қилишни ор-номус масаласи деб билади. Нотўғри тушунилган анъанавий қадриятлар ва обрў-эътибор тушунчаларига амал қиладиган кўплаб оилаларнинг бутун ҳаёти ушбу серхарж тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга сарфланади. Бу эса уларнинг бюджетини бўшатиб, ресурсларни харажатларнинг энг долзарб моддаларидан, масалан, уларга ҳақиқатан ҳам қашшоқликдан чиқишга ёрдам бериши мумкин бўлган таълимдан чалғитади," дейди эксперт.

Йил рақами: 5600 сўм ва чегарасиз камбағаллик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:07 0:00

Илҳомовнинг таъкидлашича, ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишига, эҳтимол, меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалалар сабаб бўлган.

Сўнгги йилларда Россияга меҳнат миграцияси сезиларли даражада камайди, илгари у Марказий Осиёдан ишлаш учун кетаётган кўплаб одамлар учун асосий манзил бўлган. Кўплаб ўзбеклар, тожиклар ва қирғизлар иммиграцияга қарши риторика, камситиш ва Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун сафарбарлик хавфи туфайли боришдан бош тортмоқда.

Бу кўплаб оилалар учун асосий даромад манбаини йўқотишга ва қашшоқлик хавфини келтириб чиқаради.

"Камбағал оилаларга кичик бизнес очиш ва юритишда ёрдам берадиган, иқтисодий билимлар асосларини ўргатадиган жойларда профессионал ишлайдиган маслаҳат марказлари керак. Самарали иқтисодий сиёсат ва таълим ва амалий аҳамиятга эга билимлардан фойдаланишни яхшилаш – ҳукумат эътиборини қаратиши керак," дейди таҳлилчи.

Президент қарорида қайд этилишича, оқсоқолларни жалб этиш бўйича янги дастур кам таъминланган оилаларнинг ҳаёт сифатини ошириш, маҳаллаларда маданий, спорт ва маънавий муҳитни ривожлантиришга қаратилган. Бундай инсонларнинг фаол иштироки ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва жамиятда барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Форум

XS
SM
MD
LG