Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:12

Ўзбекистон Германияга "ҳимояга муҳтож" афғон қочқинларини олиб чиқишда ёрдам кўрсатади


Германия Мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр Тошкент аэропортида Бундесвер ҳарбийлаори томонидан қаршиланди - 27 август, 2021
Германия Мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр Тошкент аэропортида Бундесвер ҳарбийлаори томонидан қаршиланди - 27 август, 2021

Ўзбекистон Германия рўйхатидаги Толибондан қочаётган ва эвакуацияга муҳтож афғонларга чегарасини очишга тайёр, деб билдирди журналистларга 30 август куни Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

30 август куни Хайко Маас Тошкентда ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашган эди. Унинг маълум қилишича, расмий Берлин Тошкентдан қочқин борасида бошқача кўмак кўрсатишни сўрамаган.

Германия рўйхатида Афғонистондан эвакуация қилиниши лозим бўлган яна 10 минг кишининг исми бор. Рўйхатга Германия фуқароларидан ташқари немис элчихонасида ишлаган маҳаллий аҳоли, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар киритилган.

17 август куни президент Шавкат Мирзиёев ва Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер телефон орқали мулоқот қилган ва мулоқот чоғида Ўзбекистон Афғонистондан немис фуқароларини эвакуация қилиш масалалари бўйича Германия билан ҳамкорлик қилиши ҳақида келишилганди.

Шундан сўнг 19 августдан бошлаб Тошкент-3 аэропорти Афғонистондан эвакуация қилинаётганлар транзити учун ажратиб берилганди.

"Немис тўлқини"нинг иқтибос келтиришича, Германия Ташқи ишлар вазири ҳаводан эвакуация амалиётлари тугагач қуруқликдан эвакуация қилиш мураккаб жараён эканини айтган. Унинг изоҳ беришича, бир томондан, Толибоннинг хавфсизлик кафолатлари керак бўлади, иккинчи тарафдан эса, эвакуация пунктларини олдиндан эълон қилиб бўлмайди. У ерга, Кобулда бўлгани каби эвакуация қилинадиганлар қаторига кирмайдиган минглаб одамлар тўпланиши мумкин.

Бундесвер билан ҳамкорлик

Германия 2015 йил октябрига қадар Термиз аэропортидан Афғонистондаги амалиётларда фойдаланиб келган.

АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция 2001 йилда Афғонистонда ҳарбий амалиёт бошлаган пайтда тақдим этилган Термиз аэродроми Иккинчи Жаҳон урушидан кейинГерманиянинг хориждаги илк ҳарбий базаси сифатида, Бендесвер учун муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Германия ҳарбийлари Термиздаги базага 2002 йил 15 февралида жойлаштирилган. Дастлаб Германия ҳукумати база ижараси учун Ўзбекистонга ойига 240 минг евро ҳақ тўлаган.

2005 йилдан эса Германия айни база ижараси учун йилига 12 миллион 400 минг евро тўлагани айтилади. Ўзбекистон ва Германия ўртасида 2011 йилда эришилган келишувга мувофиқ, Германия Термиз базаси учун тўланадиган йиллик ижара ҳақини 15 миллион 950 минг еврога кўтарган эди.

2015 йил бошида Ўзбекистон билан Термиз ҳарбий базасидан фойдаланиш бўйича битимни узайтиришга келишилган, аммо орадан 10 ой ўтиб, Германия томони Термиздаги базага эҳтиёж қолмаганини айтган эди.

Афғонистонда гуманитар инқироз. Ўзбекистон чегарасида нима гап?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:15 0:00

Бошқа қочқинларга ёпиқ

Айни пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон режимидан қочганларга ўз чегараларини очишга тайёрлиги ҳақидаги хабарларни рад этиб чиқди.

“Ҳозирда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган ва “Термиз” назорат-ўтказиш пунктидан қуруқлик орқали ўтиш амалга оширилмаяпти. Яқин орада Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги “Термиз” назорат-ўтказиш пунктини очиш кўзда тутилмаган”,-дейилади 30 август куни эълон қилинган баёнотда.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон 150 нафар афғонистонлик қочқинларни Толибон билан музокаралар орқали ватанига қайтарганди. БМТ Қочқинлар ташкилоти Ўзбекистоннинг, ҳуқуқ фаолларига кўра, зиддиятли ушбу қарорига муносабат билдирмаган.

Ўзбекистонда БМТ Қочқинлар агентлигининг идораси йўқ, аммо ўтган ой ҳукумат делегацияси Женевадаги Қочқинлар бўйича Олий комиссарлик идораси билан музокаралар олиб борган эди.

Ўзбекистон яна 400 нафар афғонистонлик қочқинни қабул қилганини айтган.

Тошкент Афғонистондаги ғарб коалицияси, жумладан, Германия ва Польшага ўз фуқаролари ҳамда афғон қочқинларини Ўзбекистон ҳудуди орқали эвакуация қилишга кўмак кўрсатган.

XS
SM
MD
LG