Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:55

Ўшдаги намойишчилар: Ота-боболаримиздан қолган уйларни тортиб олишмоқда (ФОТОГАЛЕРЕЯ)


27 январь куни ўтган норозилик намойишида 100 дан ортиқ одам қатнашган
27 январь куни ўтган норозилик намойишида 100 дан ортиқ одам қатнашган

Ўш шаҳри марказидаги Тешиктош мавзесида жойлашган 23та ҳовлида яшовчи бир юз эликка яқин одам бир неча асрдан бери авлоддан авлодга мерос бўлиб келган уй-жойлари маҳаллий тадбиркор томонидан тортиб олинаётганига норозилик билдириб намойишга чиқди.

Қирғизистон олий суди ҳозиргача икки уй-жой бўйича тадбиркор Нурқул Ширдақов фойдасига ҳукм чиқарган.

Маълум бўлишича, Ўш шаҳар мэрияси (ҳокимияти-таҳр.) 1998 йилда бу уйларни бузиш, аҳолини бошқа манзилга кўчириш ва ерни Нурқул Ширдақовга ажратиб бериш тўғрисида 234-сонли қарорни имзолаган.

Аммо мэрия уйларни бузиш, уй эгаларига товон пули тўлаш ва бошқа жойдан ер ажратиш ишларини амалга оширмаган. Тадбиркор эса этник ўзбеклар яшовчи бу уйларни 22 йил олдинги қарор асосида тортиб олиш амалиётини бошлаган.

2010 йилдаги Ўш воқеалари пайтида бу уйларга ўт қўйилган ва шундан сўнг улар халқаро донорлар томонидан қайта тиклаб берилган эди.

Ўшликлар: Бу уйлар бир неча асрлар олдин боболаримиз томонидан қурилган

Ўш шаҳар мэрияси олдида 27 январь куни норозилик намойиши ўтказган 150 га яқин одам мэриядан ўзларига тегишли уйларни сақлаб қолиш ва 234-сонли қарорни бекор қилинишини талаб қилишди.

Намойиш иштирокчиларидан бири Суҳбатилло Ниёзовга кўра, унга уй ота-боболаридан мерос қолган. Бироқ ҳозир тадбиркор Нурқул Ширдақов мэрия қарорини рўкач қилиб, уйни тортиб олиш ҳаракатида.

- Бизда ҳам мэрия томонидан берилган барча ҳужжатлар бор. Биз бу ерга ноқонуний равишда уй қуриб олмаганмиз. Бу ерда яшовчи ҳамма одамда ҳужжат бор. Мен бу уйда яшаётган учинчи авлодман. Отамнинг отасидан қолган бу уй. Ҳамма ҳужжатлари бор. Бизнинг уйларимизни зўравонлик билан босиб олишяпти. Судларга ҳам ишончимиз қолмади, - дейди Суҳбатилло.

Норозилик намойиши иштирокчиларидан яна бири Неъматжон Позилов эса, Тешиктош мавзесидаги уйни бундан 300 йил аввал бобокалонлари қурганини айтди:

-Бу жойлар 300 йил олдин боболаримиз томонидан қурилган. Бизга мерос қолган. Ҳозир йўқ ердан келиб “захват” қиляпти. Бунга ким айбдор. 234-сонли буйруқни чиқариб берган мэрия айбдорми? Нима учун одамларнинг уйларини сотиб юборадилар? -дейди Неъматжон Позилов.

Тадбиркор: Мен бу уйларни давлатдан сотиб олганман

Маълум бўлишича, бундан икки йил аввал ўшлик тадбиркор Нурқул Ширдақов уй эгаларини уйларини бўшатиб қўйиш ҳақида огоҳлантирган.

У мазкур ҳудудни 1998 йили давлатдан сотиб олгани, уй эгалари эса ўз вақтида ер учун давлатдан компенсация олганини иддао қилган.

Бироқ уй эгалари давлат томонидан ҳеч қандай товон тўланмагани, уйлар расман ўзларига тегишли эканини айтишмоқда.

Шундан кейин тадбиркор уй эгаларини судга беришни бошлаган. Ҳозирча икки уй масаласи Олий судда кўрилган ва уйлар тадбиркорга тегишли экани ҳақида қарор чиқарилган.

-Уйимни судда ютиб олибди. Фақат вилоят суди қарори билан уй унга ўтган, Олий суд ҳам шундай қарор чиқариб берибди эмиш. Биз бу ҳақида ҳам билмаганмиз. 2020 йилнинг сентябрь ойида уйим ўша одам номига ўтибди. Биз уйни ўз номига ўтказиб олганини билмай яшайверибмиз-да. Бизга кадастрдан уйни бўшат, деган қоғоз келди. Эшик (ҳовли-таҳр.) қайнонамдан неварасига ўтганди, - дейди Зиёда Шамшиддинова.

Ҳозир аҳоли уйларига даъво қилаётган тадбиркор Нурқул Ширдақов айни масала юзасидан матбуот анжумани ўтказди.

Унинг айтишича, 1998 йилнинг март ойида Ўш вилоят мулк фондидан танлов асосида Ўш бозори ичидаги ички савдо майдони 6,5 минг квадрат метр бўлган, қурилиши битмаган универмагни сотиб олган.

Сўнгра ўша бино ерига ҳужжат қилиш учун мэрияга мурожаат қилади. Мэрия 2 гектардан ортиқ ерга ҳужжат қилиб беради.

Бундан ташқари, мэрия 1998 йилнинг 1 апрелига қадар 2 гектардан ортиқ ердаги турар жой ва бошқа тижорат объектларини бузиш бўйича тегишли идораларга буйруқ беради. Бироқ бу қарор ижроси амалга оширилмаган.

Тадбиркор 2009 йилдан бу масалани қайта кўтарган ва ўзига тегишли мулкни олиш ҳаракатида.

Унинг айтишича, 2 гектардан ортиқ ерда 23 уй ва 20дан ортиқ тадбиркорлик объектлари бўлган. Ҳозиргача тадбиркорлик объектлари бузилган. Уйларнинг бузилиши эса баҳсли бўлиб келмоқда.

Мэрия: Хабардормиз, хулосамизни билдирамиз

Митинг иштирокчилари олдига Ўш шаҳри вице-мэри Жасур Азимов чиқди. Мэр ўринбосари бу масаладан ҳабардор эканини айтди. Унга кўра, яқинда уй эгаларидан бири мэрияга ариза билан мурожат қилган. Жасур Азимов мэрия бу масалани ўрганиб, ўз хулосасини эълон қилишини билдирди.

Тешиктош мавзесида жойлашган бу уйлар 2010 - йилги Ўш воқеалари чоғида ёқиб юборилган эди.

Халқаро ташкилотлар кўмагида уйлар қайта қуриб берилган. Уй эгалари ўша даврда уй ҳужжатларини Қирғизистон ҳукумати ёрдамида янгилаган.

Бироқ расмийлар ҳеч қачон тадбиркор Нурқул Ширдақов бу ҳудудни сотиб олгани ҳақида аҳолини огоҳлантирмаган.

Расман билдирилишича, Нурқул Ширдақов томонидан ҳам бу масалада ҳеч қандай эътироз билдирилмаган.

XS
SM
MD
LG