Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:58

Энг йирик транспорт компаниясидаги давлат улуши президент Мирзиёев куёвининг бизнес шеригига сотилди


Ҳабибула Абдуқодир (чапдан иккинчи) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (марказда) билан Tashkent City'даги қурилиш майдонида (давлат телеканали лавҳасидан олинган кадр)
Ҳабибула Абдуқодир (чапдан иккинчи) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (марказда) билан Tashkent City'даги қурилиш майдонида (давлат телеканали лавҳасидан олинган кадр)

Ўзбекистоннинг “Ўрта Осиё транс” АЖ халқаро юк ташиш ва логистика ширкати устав капиталидаги давлатга тегишли 51 фоизлик улуш Hyper Partners МЧЖга сотилди. Давлат активларини бошқариш агентлиги тарқатган маълумотга кўра¸ давлат улуши 65 миллиард сўм (жорий курсда тақрибан 5 миллион 665 минг АҚШ доллари)га сотилган.

Расмий маълумотга кўра¸ Hyper Partners савдо натижалари бўйича ғолиб деб топилишига “келиб тушган Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BO) белгиланган малака мезонларига мувофиқлиги, минтақадаги иш фаолияти, Битимни ёпиш шартлари ва “Ўрта Осиё Транс” АЖнинг баҳоланган қийматидан юқорилиги бўйича энг яхши харид қийматини тақдим этган”и асос бўлган.

Келишув шартларига кўра, Hyper Partners келгусида “Ўрта Осиё Транс” АЖ фаолиятини сақлаш, шу билан биргаликда Европа, Хитой Халқ Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари орқали ҳаракатланувчи транспорт логистика фаолиятини ташкил этиш, ривожлантириш ва кенгайтириш, жамиятга тегишли ер майдонида янги замонавий божхона терминали ҳамда кўп қаватли автотураргоҳ қуриш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Hyper Partners ширкати Озодлик радиоси, OCCRP, Kloop ҳамда “Власть” нашрлари томонидан шу йил апрель ойида эълон қилинган суриштирувнинг асосий фигуранти бўлган Ҳабибула Абдуқодирга алоқадор.

Марказий Осиёда коррупционер божхона расмийлари билан тил бириктириш орқали улкан бизнес империясини қурган Абдуқодир тармоғи¸ унинг ўз ҳамкори Айеркен Саимати берган ҳужжатларга кўра¸ контрабандадан топилган юзлаб миллион долларни хорижга олиб чиқиб ювиш билан шуғулланган. Озодлик ва ҳамкорлари ҳозирлаган сўнгги суриштирув бундай фаолият фош этилганига қарамай, Абдуқодирнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров тимсолида қудратли ҳомийларга эга бўлганини юзага чиқарди. Бу жараëнда айнан Абдуқодир тармоғининг Hyper Partners ширкати муҳим роль тутиши очиқланди.

Суриштирувда Абдуқодир оиласини Ўзбекистонда зимдан дастаклаётган қудратли шахснинг Мирзиёев куёви¸ Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров экани далилланган.

1993 йили рўйхатга олинган “Ўрта Осиё Транс” транспорт корхонаси давлатга қарашли энг йирик транспорт-логистика компанияси бўлиб келган - импорт ва экспорт маҳсулотлари ташишда махсус мақом айни шу компанияга берилган.

16 июнь куни бу компаниядаги давлат улушини сотиб олгани эълон қилинган Hyper Partners МЧЖ 2018 йил июлида тузилган. У тузила солиб¸ Ўзбекистон тарихидаги энг қиммат лойиҳа - Tashkent Cityдаги энг қиммат қурилишни қўлга киритди.

2018 йил декабрида Open Democracy эълон қилган журналистик суриштирув, ярим миллиард долларлик лойиҳа берилган Hyper Partners устав капитали эса 25 минг евро¸ ягона эгаси эса 18 яшар ўсмир эканини очиқлади.

Mustafa Palvan исмли бу ўсмир эса Ҳабибула Абдуқодир оиласи аъзоси.

Тошкент шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2019 йил январидаги матбуот анжуманида Мирзиëев топшириғи билан мамлакатга келадиган "инвестор"лар ким ва улар пулининг манбаси нималигини текширилмаслигини очиқ айтган эди.

Биз уларнинг қаердан пул топаётганини суриштириб ўтирганимиз йўқ, суриштира олмаймиз, ҳаққимиз ҳам йўқ. Кечирасизу, агар Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи бўлган ҳар битта инвесторнинг кимлигини, қачон тузилганини, раҳбари кимлигини суриштирсак, унда Ўзбекистон инвесторлар учун ёпиб қўйилиши керак бўлади, бу ерга ҳеч ким келмайди”, деган эди Тошкент ҳокими.

Ортиқхўжаевнинг бу сўзларидан бир йил ўтиб Озодлик, OCCRP ва Kloop Абдуқодир оиласи ҳамда унинг контрабанда устига қурилгани иддао қилинган империяси ҳақидаги суриштирувларининг биринчи қисмини эълон қилган пайт Ўзбекистон ўз эшикларини кимларга очгани маълум бўлди.

Hyper Partners ширкатининг корпоратив ҳужжатларидан келиб чиқилса, фирмадан холдинг ширкати сифатида фақат Tashkent City учун эмас, оиланинг Ўзбекистондаги бошқа инвестициялари учун ҳам фойдаланилган. Улар орасида бир неча божхона терминали ҳамда Жиззах вилоятида қурилаётган цемент заводи ҳам бор.

Hyper Partners ширкатининг Германиядаги манзили Абдуқодирларга тегишли экани маълум бўлган ширкатлар - AKA Group ва AKA Petroleum манзиллари билан бир хил. Бу икки ширкат оила учун пул ювганига иқрор бўлган шахсдан ўнлаб миллион доллар маблағ олган. Ўзбекистонда эса Hyper Partners “шўъбаси”нинг манзили ва электрон почтаси Абдуқодир оиласининг бошқа бир неча ширкатиники билан айни.

Hyper Partners директори Ўзбекистон президенти администрация расмийси Бобирбек Усмоновдир.

Ҳабибула Абдуқодир “Ўрта Осиё Транс” АЖ акцияларини сотиб олишни 2020 йили бошлаган. 2020 йили Давлат активларини бошқариш агентлиги компаниядаги давлат улушини сотилиши ҳақида эълон берган эди.

Бу жараëнга оид бирор расмий маълумот ҳозиргача очиқланган эмас. Орадан 8 ой ўтиб¸ республика Фонд биржасида "Ўрта Осиë Транс" акцияларининг 34 фоизини Полвон Ҳабибулла сотиб олгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.

Бу келишув Абдуқодирни Ўзбекистон ҳукуматининг тўғридан-тўғри ҳамкорига айлантирган ва унга оид тармоқнинг транспорт-логистика¸ импорт-экспорт қатновидаги етакчилигини таъминлай бошлаган эди.

“Ўрта Осиё Транс” АЖнинг 51 фоизлик акциясига эга бўлиш ортидан Абдуқодир тармоғи ва унинг Тошкент ҳукмрон доираларидаги бизнес шериклари нафақат Ўзбекистон¸ балки минтақадаги транспорт-логистика тизимида монополист мақомига айланиши мумкин.

Коррупция ва пул ювишга алоқадорлиги айтилган Абдуқодир оиласининг нафақат юк ташиш, балки қурилиш, савдо-сотиқ ва бошқа кўплаб соҳаларда Ўзбекистон дохил Марказий Осиё минтақасида фаол ва муваффақият билан кўп миллиард долларлик бизнес юритаётгани хусусида икки ой муқаддам ёйинланган суриштирувимизда батафсил баён қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати мазкур суриштирувга ўз муносабатини билдирган эмас.

XS
SM
MD
LG