Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:52

Биринчи оиланинг яна бир меҳмони – туркиялик қассоб Тошкентда шоҳона қарши олинди


Президентнинг кенжа куёви Отабек Умаров туркиялик таниқли қассоб Нусрет Гўкчени меҳмон қилмоқда.
Президентнинг кенжа куёви Отабек Умаров туркиялик таниқли қассоб Нусрет Гўкчени меҳмон қилмоқда.

23 ноябрь саҳарда Инстаграм юлдузига айланган туркиялик таниқли қассоб ва ресторанчи Нусрет Гўкче (Nusret Gökçe) Тошкент аэропортида карнай-сурнай садолари остида деярли давлат раҳбарлари мақомида қарши олинди.

Олтин сепилган стейклари билан ном чиқарган Гўкче Instagram саҳифасида қўйган Тошкент сафарига оид сурат ва видеолардан унинг биринчи оиланинг хос меҳмони экани кўрилади.

Нусрет Гўкче келган куннинг эртаси - 24 ноябрь куни Шавкат Мирзиëевнинг катта куëви ўз туғилган кунини нишонлади. Нусрет сафари тафсилотларини Озодликка айтиб берган ҳукуматга яқин мулозимларга кўра¸ таниқли қассоб ва ошпаз президент куëвига у туғилган кунда қилинган қимматбаҳо “совға”лардан бири бўлган.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида бу ва биринчи оила кўнгилхушлиги учун олиб келинаëтган бошқа номдор меҳмонларнинг қанчага тушгани ва бу пулни ким тўлаëтганига оид маълумот йўқ.

Шоҳона кутиш

Нусрет Гўкченинг Тошкентга келишига оид айрим тафсилотларни Озодликка маълум қилган тошкентлик мулозимга кўра¸ туркиялик машҳур қассоб кутилганидан бир кун кечикиб келган.

- Чартер самолëтда опкелишди. Учувчилар бир кун кутди уни. Билишимча¸ куëвларнинг шотирлари опкелди уни. 23 ноябрь куни "Ҳумо"даги ММА жангида кўринди. Эртасига Ойбек Турсуновнинг туғилган куни эди. Куëвга совға сифатида меҳмонга опкелишти¸ билишимча¸ деди Нусрет Гўкчени Тошкентда кўрган мулозим.

Гўкче 25 ноябрь куни Instagram саҳифасида ўзининг Тошкентга қандай самолëтда келгани¸ қандай кутиб олингани акс этган видеоларни жойлади.

Видеоҳикоядан қассобнинг писта-бодом¸ узум-анор тўла саватлар билан безатилган хусусий учқичда келгани¸ уни Тошкент аэропортида карнай-сурнай садолари остида қўлида гулдасталар билан миллий либосдаги чиройли қизлар кутиб олгани кўринади.

Кейинги видеолардан қор қалин ëғаëтган Тошкентда туркиялик ошпаз учун Tashkent Cityда мусиқий фаввора отилгани¸ Cityнинг турли ранглардаги чироқларга буркангани кўрилади.

Tashkent Cityнинг баландликдан олинган 15 секундлик видеосини Гўкче​“Ажойиб лойиҳа браво” деган сўзлар билан тақдим қилди.

Гўкченинг 24 соатдан сўнг ғойиб бўлган Instastory (Instagram ҳикояси-таҳр.) сида эълон қилинган сурат унинг Ўзбекистон 1-оиласи меҳмони бўлгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлайди.

Президент Мирзиëевнинг ўғли Алишер¸ набираси Миромонни (Саида Мирзиëева ва Ойбек Турсуновнинг ўғли) қучоқлаб тушган суратини Гўкче¸ “Қардошларим билан бирга” деб тақдим этган.

Нусрет Гўкче ким?

36 яшар Гўкче асли эрзурумлик курдлардан. 6-синфдан мактабни ташлаб¸ қассобчиликни бошлаган Гўкче¸ 2017 йили гўштга қўлини ҳужумга шайланаëтган кобрадек қилиб туз сепиши билан ижтимоий тармоқда мемга айланди ва халқаро майдонда танилди. Шу боис ижтимоий тармоқда асл отидан кўра кўпроқ Salt bae (Туз бей) тахаллусини ишлатади.

2017 йилдан бошлаб Туркия ташқариси¸ хусусан¸ Абу Даби¸ Дубай¸ Жидда¸ Доҳа¸ Миконос¸ Майами ва Нью Йоркда Nusr-Et деб номланган ресторанлар тармоғи очган. Instagram саҳифасида асосан ўзи ва ресторанларини реклама қилувчи¸ айниқса¸ ўзининг таниқли футболчилар¸ киноюлдузлар¸ миллиардерлар¸ шаҳзода ва президентлар хизматида эканини кўрсатувчи сурат ва видеоларни жойлаб боради.

2018 йили Венесуэла президенти Мадуро Гўкче ресторанида стейк ейиш учун Хитойдан қайтаëтиб Истанбулда икки соат қўниб ўтган ва бу ярим очликда яшаëтган венесуэлаликлар орасида кескин норозиликларга сабаб бўлган эди.

Гўкче шунингдек ўзининг Фидель Кастро ва машҳур ўғрибошилар сурати ëнида уларга тақлидан тушган суратлари билан ҳам танилган.

Ўтган ой АҚШнинг Bloomberg нашри Нусрет Гўкче ресторанларининг асосий эгаси бўлган Dogus Holding AS хориж банкларидан олган миллиардлаб долларлик қарзини тўлай олмай қолганини ëзди. Қарзининг бир қисмини тўлаш учун¸ нашрга кўра¸ ҳолдинг қатор ресторанларини сотишга қарор қилган ва улар орасида Nusr-Et ҳам бўлиши мумкин.

The New York Post нашри бир бўлак гўшти бир неча юз долларгача борадиган Nusr-Etни “мижозни талаш бобида 1-ўриндаги ресторан” деб баҳолади. Нусрет шунингдек араб бойларига устига 24 каратли олтин сепилган стейк пишириб берувчи ошпаз сифатида ҳам ном чиқарган.

Ҳозирда унинг Instagramда 24 миллион фолловери бор¸ ҳар бир пости учун жамоатчиликка очиқланмайдиган даражада катта пул олади.Бу нархнинг миллионлаб доллар экани тахмин қилинади.

25 ноябрь куни ғойиб бўлган Instastoryдан бошқа Гўкче Ўзбекистон ҳақида бирор пост қўймаганидан¸ унинг Тошкентга хос меҳмон бўлиб бориб-келгани тушунилади.

Рўйхати узайиб бораëтган хос меҳмонлар

23 ноябрь куни Тошкентдаги “Ҳумо” спорт аренасида ММА бўйича GFC 20 турнири бўлиб ўтди. Уни президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбарига ўринбосарлик билан бир пайтда Ўзбекистон Триатлон федерацияси ва ММА ассоциациясига президент бўлган Отабек Муҳаммадалиевич Умаров уюштирди.

Тадбир арафасида Форумлар саройида ўтказилган матбуот анжуманида президентнинг кенжа куëви “юлдузларни Ўзбекистонга олиб келиш” жараëни ҳақида гапирди.

23 ноябрь кунги турнирга Рой Жонс ва Жефф Монсон каби спортчилар “фахрий меҳмон” сифатида олиб келинганини билдирди.

Бу фахрий меҳмонларнинг қанча пул эвазига келгани ҳам¸ бу пулни ким тўлагани ҳам ҳозирга қадар жамоатчликка очиқланмади.

ММА турнирию унга хусусий учқичларда юлдузлар ва “фахрий меҳмонлар”нинг олиб келиниши президентнинг катта куëви Ойбек Турсунов туғилган кун арафасида уюштирилди.

Постсовет ҳудудида машҳур видеоблогерлар Эрик Давидич ва Гусейн Гасановнинг Тошкентда хориж вазири даражасида кутиб олиниб¸ шоҳона меҳмон қилиниши ҳам президент набираси¸ Отабек Умаровнинг қизи туғилган кунга тўғри келган эди.

Ўзбекистондаги меҳмондорчилик ортидан иккала россиялик видеоблогер Instagram орқали президент набирасини табриклаган эди.

OzodLive: Тошкентга юриш бошлаган хоразмлик журналист иши нима бўлди? Президентнинг куёви ҳам имижмейкерликка киришдими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:48 0:00

XS
SM
MD
LG