Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:46

Президент оиласи тушган суратдагидай машинанинг ҳалокати жиддий иддаоларни урчитди (ВИДЕО)


ЙТҲ жойидан олинган видеонинг скриншоти
ЙТҲ жойидан олинган видеонинг скриншоти

Ўзбекистон президенти оиласи тушган суратда акс этган автомобиль билан бир хил маркадаги спорткарнинг аварияси билан боғлиқ жиддий иддаолар урчимоқда

Халқ орасида “Президент трассаси” номини олган Тошкентнинг Пушкин метро станцияси яқинидаги Мустақиллик кўчасида 6 август, кеч соат 21:15 да юз берган автоавария расман қурбонларсиз якун топди.

Учта автомобиль тўқнашгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалар экан, Интернет фойдаланувчиларининг эътиборини бир машина – Nissan GT-R R35 русумли оқ рангли спорткар ўзига тортди.

Айни русумдаги автомобиль президент Мирзиёевнинг оилавий фотосида ҳам акс этган.

Кўплаб гувоҳларнинг айтишича, автоҳалокат юз берган жой зудлик билан ўраб олинган ва тезда тозаланган.

Автоҳалокат юз берган жойда қора рангли Mercedes SUV автомобили ҳам кўринган.

Автомобиль нархлари арзон бўлган Қўшма Штатларда нархи 115 минг доллардан бошланувчи Nissan GT-R R35 спорткари Тошкент кўчаларида камдан кам учрайди.

(АҚШдаги Nissan компаниясининг веб-сайтидан олинган скриншот)
(АҚШдаги Nissan компаниясининг веб-сайтидан олинган скриншот)

Фотода оқ рангли Nissan GT-R R35 ёнида Президент хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари, президентнинг куёви Отабек Умаров, ёш болалар орасида Отабек Умаровнинг ўғли ва президент Мирзиёевнинг ўғлини кўриш мумкин.

Отабекнинг ўнг томонида турган шахс эса унинг дўсти, Лондонда истиқомат қилувчи асли бухоролик тадбиркор, 36 яшар Умид Мавлоновдир.

Фотодаги автомобиль автоҳалокатга учраган автомобилми-йўқлигини мустақил равишда тасдиқлатишнинг имкони йўқ.

Автоҳалокатнинг расмий изоҳи

Тошкент шаҳар ИИББ ўхшаш автоҳалокатлар ҳақида камдан-кам ҳолатларда изоҳ беради.

Аммо бу гал акси бўлгандай. Баъзи маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, ИИББ матбуот хизмати автоавариядан бир соат ўтибоқ ҳайдовчи Ш. Ж. бошқарувни йўқотиб, иккита енгил автомобиль билан тўқнашгани тўғрисида баёнот берган.

Хабарга кўра, жиддий йўл-транспорт ҳодисасида "иномаркада" кетаётган Ш. Ж. бошқарувни йўқотиб, иккита енгил автомобиль - Spark ва Matiz билан тўқнашган.

Маҳаллий матбуот уч киши, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг икки ходими Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилгани ҳақида хабар берди.

Хабарларда автоҳалокат тафсилотига тўхталмаганлар, фақат Matiz ҳайдовчисининг аҳволи оғир экани ва жарроҳлик амалиёти ўтказилганини айтиш билан чекланган.

Озодлик Nissan спорт автомобилини бошқарган cирли ҳайдовчи ҳақида кенг тарқалган даъволарни ўрганишга ҳаракат қилди.

Ўзбекистонда блокланган, хориждан туриб фаолият юритувчи мустақил El-Tuz.com нашри автомобиль эгаси президент Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров эканини иддао қилиб чиқди.

Отабек Умаров ўтган ой Tesla автомобилини юқори тезликда ҳайдагани учун жамоатчиликдан узр сўраган эди.

Аммо, Озодлик автоҳалокат юз берган пайтда Отабек Умаров ўзининг Instagram саҳифаси орқали Befit фитнес клубида машқ қилаётганини жонли ёйинга қўйганини аниқлади.

Озодлик суҳбатлашган икки нафар хавфсизлик ходимига кўра, автоҳалокат бошқа бир “нуфузли хавфсизлик ходими” туфайли юз берган.

Уларнинг автоҳалокат қурбонлари ҳақидаги иддаолари ҳам расмий хабарлардан тубдан фарқ қилади.

“Ҳамма нарса зудлик билан тозалаб ташланди ва бу одамларга элтувчи излар йўқолди” деди Озодлик манбалардан бири.

Бироқ унинг бу иддаоларини мустақил равишда тасдиқлатиш имконсиз.

Йўл транспорт ҳалокати жойи
Йўл транспорт ҳалокати жойи


Хавфсизлик хизматидаги Озодлик манбаси автоҳалокат юз берган жойга яқиндан эътибор қаратишни таклиф қилди.

Ҳодиса юз берган жойда бўлганини иддао қилган манбанинг Озодликка айтишича, автомобиль Befit фитнес клубидан чиқиб, катта тезликда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Салом” чойхонаси томон йўл олган.

Унинг бу иддаосини хавфсизлик хизматидаги иккинчи манба ҳам тасдиқлади.

Аммо Озодлик мазкур даъволарни мустақил равишда тасдиқлата олгани йўқ.

Президент Мирзиёев 5 августдан буён ўзининг Зомин туманидаги қароргоҳида меҳнат таътилини ўтказмоқда.

Бу унинг хавфсизлик ходимларига камроқ эҳтиёжи борлигини англатади.

XS
SM
MD
LG