Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:46

Наманган ҳокими уйсиз аёлларга “сертификат” топширди – расмийлар “барак” уй таклиф этмоқда


Шароити оғир аёлларга президент фармони асосида уй учун берилган сертификат.
Шароити оғир аёлларга президент фармони асосида уй учун берилган сертификат.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов 8 март байрами арафасида 110 аёлга “президент совғаси” сифатида уй “сертификати”ни топширди.

Учқўрғон туманидан бўлган, кам таъминланган, ногирон фарзанди бор ўн нафар боқувчиси йўқ аёл ҳам ҳоким қўлидан “сертификат” олди.

Аммо аёлларнинг айтишларича, ўн аёлдан фақат икки кишига янги уй берилган, қолганларига эса инсон яшаши имкони йўқ “барак” уйлар таклиф қилинмоқда.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абураззоқов 3 март куни Тўрақўрғон туманида ўтказилган тантанада сўзлаган нутқида айтишича, аёллар дафтарида турган аёлларга моддий ёрдам бериш учун давлатдан миллиард-миллиард сўм маблағ ажратиляпти, аммо унинг кўп қисми бир марталик моддий ёрдамга кетиб қолган:

“Бир марталик моддий ёрдам бериляпти, лекин у яна иккинчи марта келишга мажбур бўляпти. Чунки уйи йўқ, ижарага тўлаши керак. Шунинг учун ўша пулга уй-жой олиб берайлик, майли ўзига бўлмаса ҳам давлатда туради, лекин ўша ерда беш йил бемалол яшайди. Ундан кейин хусусийлаштириб олиш ҳуқуқи бўлади. Ёки иши яхши бўлиб кетар, фарзандлари катта бўлиб, боқувчиси топилар”.

Ҳокимнинг айтишича, албатта, байрам арафасида ана шундай аёллар уй билан таъминланади.

Йиғилишда аёлларга уй “сертификат”ларини ҳоким тантанали тарзда топширади.

Ўшандан сўнг орадан бир ярим ой вақт ўтди. Ҳоким қўлидан “сертификат” олиб, қувончлари оламга сиғмай қайтган учқўрғонлик аёллар бугун ҳафасалалари пир бўлганини айтмоқда.

Гулчеҳра Омонова 28 ёшда. Учқўрғон туманининг Озод МФЙда тоғасининг уйида яшайди. Икки фарзанди бор. Қизи Мадина болаликдан ногирон, бир жойда ётади, мустақил ҳаракатлана олмайди. Она фарзандининг қаровига боғлиқ бўлиб қолгани сабаб ишлай олмайди, болага бериладиган 500 минг сўм нафақага яшайди.

“Менга аварийний ҳолатдаги уйни тавсия қилишди. Ҳатто ҳожатхонаси ҳам йўқ. Биз билан борган бир аёлга янги уй берилдию, қолганларга одам яшаб бўлмайдиган уйлар таклиф қилиняпти. Вилоят ҳокими ҳам аввало ногирони борларга уй берилади деган эди. Мен ҳозир эски домга ҳам розиман, чунки шароитим оғир. Ўша эски домни ҳам беришмаяпти. Ҳар ҳафта мурожаат қиламан, гоҳ у ҳужжатда, гоҳ бу ҳужжатда камчилиги бор деб баҳона қилишяпти. Мен вақт ўтгандан кейин тамоман унутиб юборишади, деган хавотирдаман, чунки уч йилдан бери алдашади!”, дейди Гулчеҳра Омонова.

Шаҳноза Давидова, 37 ёшда. Учқўрғон туманида, ижарада яшайди. Эри 2019 йилда сирли тарзда участка нозири хонасида вафот этган. Икки нафар фарзанди бор. Ёлғиз она.

“Бизга республикадан уй учун 100 миллион сўм ажратилган. Ўша пулнинг 96 миллион сўми бизнинг номимизга келиб тушган. Энди бизга танлаш учун 50-60 миллион сўм турадиган барак уйларни таклиф қилиб, расмларини Телеграмдан ташлаб беришяпти. У уйларда яшашнинг умуман имкони йўқ. Шерикларимиздан икки кишига янги уй берди, бизга эса баракларни тиқиштиришяпти”, дейди Шаҳноза Давидова.

Одина Раҳмонова, 28 ёшда. Учқўрғон тумани, Саноат МФЙда яшайди. Бир ўғил ва бир қиз эгизаги бор. Авария ҳолатидаги ижара уйда яшаб турибди.

“Ҳоким "сизларга янги уй берилади" деганда, "вой энди суви ва гази бор янги уйларда яшаймиз экан ", деб хурсанд бўлган эдик, лекин бу ёқда бошқа гап бор экан. Бизга бараклардан уй кўрсатишяпти. Маҳалла комитетидан чақиришган экан, борсам "қудамизнинг уйи бор, ўшани сизга берсак майлими", деди. "Ҳа, майли", деб ёзиб бердим. Ҳали вери ундан дарак йўқ. Беш йил ўтирар эканмиз, агар қонунлар ўзгармаса ўзимизга қолармиш, агар ўзгариб кетса уни ҳам олиб қўйишар экан. 100 миллион ажратишган экан, шунга яраша яхшироқ уй бермайди-да, барак-сараклардан беради. Раиснинг қудасининг уйи ҳам барак экан. Олмасдан бошқа иложим йўқ, ҳозир бостирма уйда ўтираман. Ижарада яшайман, эгаси ҳам "уйни бўшат "деяпти”, дейди Одина Раҳмонова.

Озодлик бу ишларга масъул бўлган Тўрақўрғон тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Жамила Маҳмудовага кун давомида бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо жавоб бўлмади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2021 йилнинг декабрь ойида “Уй-жойга муҳтож хотин қизларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳрида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилган эди.

Қарорда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар, шу жумладан, хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 1 000 та квартира сотиб олиниши кўрсатилган.

Аммо Озодликка келган шикоятларда кам таъминланган оилаларга атаб қурилган уйларнинг бир қисми маҳаллий раҳбарларнинг ўзига тўқ қариндош-уруғларига, танишларига бериб юборилгани ҳақида кўп арз қилинган.

Форум

XS
SM
MD
LG