Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:41

Мустафо Жамилев: Қримда ракеталар портлаяптими, демак, Украина уни унутмаган


Қрим-татарлар лидери ва Украина халқ депутати Мустафо Жамилев.
Қрим-татарлар лидери ва Украина халқ депутати Мустафо Жамилев.

Россия қамоғи ёмонроқми ё армияси? Оммавий қатағон шароитида қандай жон сақлаш мумкин? Қримдан кетган маъқулми ёки нима бўлса ҳам она тупроқда қолиш керакми?

Қрим-татар халқи миллий лидери, Украина халқ депутати Мустафо Жамилев “Крим.Реалии” билан суҳбатда шу ва бошқа кўплаб саволларга жавоб берди.

“Русларга оид ҳамма нарса қрим-татар халқи ва Украина учун таҳдиддир”

– Мустафо оға, суҳбатимиз Қрим татарлари ўз она юртидан оммавий депортация қилинишининг 80 йиллиги арафасида бўлмоқда. Илгари бу сана фақат қрим-татар халқига дахлдор саналарди. Бироқ 2014 йил воқеалари ва Россиянинг тўлақонли босқини бошланганидан сўнг Украинанинг миллионлаб фуқаролари ўз уйи ва она тупроғидан айрилиб, қрим-татарлар ҳолига тушишди. Симферополдаги мотам митингларида қатнашганингизда депортация муаммоси бутун мамлакат кўламига чиқади, деб ўйлаганмисиз ҳеч?

– Бу қрим-татар халқи тарихидаги иккинчи энг мудҳиш воқеадир. Биринчиси 1783 йилнинг апрелида бўлган, яъни Қримнинг руслар томонидан илк дафъа босиб олиниши. Ўшанда жуда кўп қрим-татарлар мустамлакачи ҳукумат тазйиқи остида ўз ватанларини ташлаб, қўшни Усмонли империясига кўчиб кетган. Ҳозирда Туркияда, турли маълумотларга кўра, 3 млн.дан 5 млн.гача қрим-татар аслли турк фуқаролари бор. Яъни, улар сони Қримда яшовчи миллатдошларимизга нисбатан ўнлаб маротаба кўп.

ЭКСКЛЮЗИВ: Мирзиёев. Қрим. Тоштурма
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:43 0:00

Илк оккупация даврида руслар келиб жойлашиши учун татарлар Қримдан қувилган бўлса, иккинчи депортация ва геноциддан кўзланган мақсад – ерли халқни буткул йўқ қилиш бўлган, деб ўйлайман. Чунки қрим-татарлар ёппасига қирилиб кетиши учун шароит ҳозирланганди.

60-йиллар миёнасида тадқиқот ўтказиб, даҳшатли рақамларни аниқладик: депортациядан кейинги дастлабки икки йилда қрим-татар халқининг тахминан 46 фоизи нобуд бўлган экан! Шу боис, Украина Олий Радаси депортацияни геноцидга тенглаштириб мутлақо адолатли иш қилди. 1944 йилги депортация қрим-татарларни нафақат жисмонан, балки маънан ўлдиришни ҳам бошлаб берди. Бугун тилимиз йўқ бўлиб кетиш арафасида, лекин, умид қиламанки, бундай бўлмайди, чунки Украина уни сақлаб қолиш учун саъй-ҳаракатлар қилмоқда.

– ЮНЕСКО қрим-татар тилига йўқ бўлиб кетиш арафасида турган тил мақомини берганидан сўз очдингиз. Тан олиш керакки, Қримда ҳам, Украина назоратидаги ҳудудларда ҳам ўз она тилини билмайдиган қрим-татар ёшлари жуда кўп. Сизнингча, бу муаммога ечим борми?

– Тил масаласи бизда ростдан ҳам, фожиа. Ҳали айтганимдек, депортациядан кейин қрим-татар тилли мактаблар умуман бўлмаган. Она тилимизни фақат ота-онамиздан эшитганмиз ва ўрганганмиз. Мен Қримда туғилишга улгурганман, уйда ота-онам фақат ўз тилимизда сўзлашарди. Отам бизга рус тилида гапиришни тақиқлагани ёдимда. Ҳолбуки, мактабда барча фанлар рус тилида ўқитилар, болалар ҳам ўзаро рус тилида мулоқот қилардик. Аммо отам қаттиқ турди: “Одам тилида гапиринглар, ҳаммага тушунарли бўлсин”.

Бироқ кейинги авлод – мусофирчиликда туғилган болаларнинг она тили бўйича билимлари маиший даражада қолиб кетди. Улар ўз фарзандларига она тилини ўртага олмадилар. Шу боис, турли ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда ўз тилини биладиган қрим-татарлар тахминан 20 фоизни ташкил қилмоқда. Кимдир чала-чулпа билади, кўпчилик мутлақо тушунмайди, бир оғиз гапира олмайди.

– Россиянинг Украинага тўлақонли босқини тил масаласини активлаштирди. Сизнинг позициянгиз қанақа: рус тилини украин, қрим-татар ва бошқа тиллар учун хавф деб ҳисоблайсизми?

– Русларнинг нафақат тили, балки уларга оид ҳамма нарса қрим-татар халқи ва Украина учун таҳдид. Россия сиёсатини биламиз, айниқса тил сиёсатини. Бу сиёсат украинларни ҳам, қрим-татарларни ҳам руслаштиришга қаратилган. Украинлар депортация қилинмади, улар қрим-татар халқи аҳволига тушгани йўқ. Бизнинг бошимизга жуда ёмон кунларни солишди. Аммо ҳозир Украина ҳукуматининг украин тилини чуқур ўргатиш борасида қилаётган ишлари, украин тили муҳитини яратаётгани жуда яхши бўляпти. Биз буни олқишлаймиз.

“Ота-онам советларга қарши гапирганида ўзимни ухлаганга солардим”

– Депортация шароитида ўзликни қандай қилиб сақлай олгансиз? Оилангиз Қримдан депортация қилинган пайтда гўдак бўлгансиз-ку. Миллатингиз қрим-татар, тилингиз эса қрим-татар тили эканини қандай англагансиз?

– Қрим-татар болаларида дунёқараш, асосан оила ичида шаклланарди. Шу боис ҳам совет пропагандаси унчалик таъсир қилмасди бизга. Биз ҳамма нарсани борича ота-онамиздан ўрганардик. Сталин ўлган кунни яхши эслайман. Мактабда ҳамма ҳўнграб йиғлаган, фақат биз – камсонли қрим-татар болаларгина хурсанд эдик.

“Барча даврлар ва халқлар доҳийси”нинг ўлими карнайдан эълон қилинганида уйда эдим. Отам буни эшитиб: “Ахийри тўнғиз қўпибди-да, малъун!” деган эди. Шу кайфият билан мактабга бордим, қарасам – ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам оҳ-воҳ қилиб ётишибди. Митинг бўлди, “доҳий” вафоти муносабати билан уч кунлик мотам эълон қилинди, уч кун дарс бўлмас экан. “Яшасин!” деб қичқириб юборишимга сал қолди.

Қрим ҳақидаги ҳамма гапни ота-онамиздан эшитардик. Катта оила битта хонада тизилишиб ётардик, ота-онамиз жиддий гапларни биз ухлагандан сўнг гаплашишарди. Ухламаган бўлсак-у, отам советларга қарши нимадир деб қўйса, онам уни туртиб: “Секинроқ гапиринг, болалар бор!” деб қўярди. Биз Павлик Морозов каби отасини сотадиган чақимчи эмасдик, албатта. Лекин барибир бола эдик, кўча-кўйда чакки гапириб қўйишимиз мумкин эди. Шунақа пайтлар мен айёрлик қилиб, ўзимни ухлаганга солардим. Ота-онамнинг аксилшўровий суҳбатлари жуда қизиқ эди менга.

– Демак, сизнинг ким бўлиб етишишингизга оила ичидаги ўша очиқ суҳбатлар таъсир қилган?

– Ҳа. Отамнинг яна бу гапи ҳам ёдимда: “Ўғлим, ҳозир қалтис давр... Биз ота-оналар болаларга нима қилиш кераклигини айта олмаймиз Ҳадемай 14 ёшга тўласан, комсомолга киришинг шарт бўлади. Лекин, агар кирмаслик чорасини топсанг, мен жуда хурсанд бўлардим”. Мен, табиийки, отамни хурсанд қилиш учун комсомолга умуман кирмадим. 1965 йили институтдан ҳайдаганларида оқсоч профессорларимиз “бунга ўхшаган яккамоховларга совет ОТМсида ўрин бўлмаслиги керак”, дейишган эди.

“Совет пропагандасининг миси чиқди. Озод этилганидан сўнг Қримда ҳам шундай бўлади”

– Бугун ота-оналар фарзандларига уруш ҳақида ва Россия Қримни аннексия қилгани ҳақида гапиришлари керакми? Болаликдан уларга ҳақиқатни сўзлашлари керакми ёки ҳозирча бунақа ахборотдан тўсган маъқулми?

– Менимча, ватандошларимиз болаларига ҳақиқатни айтишяпти, ҳеч бўлмаганда Қримда, хонадонларда бўляпти шунақа суҳбатлар. Россия пропагандаси ҳамма овозларни бўғади, авлодларни йўқотяпмиз, деб айюҳаннос солсалар кулиб қўяман. Дейманки, совет пропагандаси 70 йил бизга ишлов берганди, аммо 2-3 йиллик Қайта қуриш даврида пропаганданинг миси чиқди-ку. Ўйлайманки, Қрим оккупациядан озод этилганидан сўнг ҳам шундай бўлади. Бундан кўнглим тўқ.

– Демак, болаларга ҳақиқатни айтиш керак?

– Албатта. Айтиш шарт. Айни чоғда, маълум хатарлар бор. Қримда бир воқеа бўлганди. 1 сентябрь куни мактабда барча ўқувчиларга Россия байроқчалари тарқатилади. Бир қримтатар болакай байроқчани ерга ташлаб, топтайди. Дарҳол ота-онасини чақиришади. Чунки бола тарбияни уйда олган, бунақа кайфият оилада пайдо бўлган. Шунинг учун ҳам ота-оналар Россия ҳақида очиқча гапиришдан қўрқдилар, чунки охири вой бўлиши мумкин.

– Бобо сифатида неварангиз билан уруш ва аннексия мавзусида, у нега Қримда эмас, Киевда катта бўлаётгани ҳақида қандай гаплашасиз?

– Набираларимни охирги учоқ билан Истанбулга жўнатишга улгурдим. Ҳар куни улар билан гаплашаман. Қиз набирам тез-тез сўрайди: “Украинага қачон қайтамиз?” деб. Унда ҳам Украина, ҳам қрим-татар байроқчалари бор. Ота-онаси жуда яхши тарбия беришяпти. Турк боғчасига боришса-да, Украина ҳақида кўп гаплашишади. Яқинда “Червона калина” қўшиғини куйлади, жуда яхши куйлади, ҳатто телевизорда кўрсатишди.

“Россия армиясига боргандан кўра қамоқда ўтиринг”

– Россия Қримни аннексия қилгач тарих такрорланди. Энди Қримдаги татарлар ва бошқаларга яна депортация хавф солаётир, аммо бу “тинч” депортация: шундоқ шарт-шароит яратиляптики, улар кўчиб кетишга мажбур бўлишмоқда. Бу ҳолда қандай қилиб жон сақлаш мумкин?

– 2022 йили Россияда сафарбарлик эълон қилинганида Қримдан Россия армиясига чақирилганлар рўйхати қўлимизга тушиб қолди. Қрим-татарча фамилияли кишилар ниҳоятда кўп эди. Россия қрим-татарларни улар яхши жангчи бўлгани учун эмас, балки, қирилиб кетишсин, деб урушга жўнатяпти. Босқинчиларнинг вазифаси – Қримни тозалаш, қрим-татарларнинг норозилик потенциалини йўқ қилиш. Аммо улар рўйхатдаги ҳаммани армияга олишга муваффақ бўлишолмади.

Яна бир нарсани айтишим керакки, қрим-татарлар Қримдан кўчиб кета бошлаганларида Россия бунга панжа орасидан қаради. Русларга шу керак эди зотан. Аммо биз ватандошларимизга мурожаатларда Қримни тарк этмасликка чақирдик. Агар Россия армиясига тушсангиз, олдингизда икки йўл бор: ватан хоини бўлиб яшаш ёки уйга қора елимхалталарда қайтиш. Шундай экан, урушга боришдан бош тортинг. Муқаррар ўлимга жўнашдан кўра Россия қамоғига равона бўлинг. Агар армияга бормаслик йўлини топа олмасангиз, фронтда илк имконият туғилгандаёқ Украина Қуролли кучларига таслим бўлинг, дедик.

Бугунги кунда 41 нафар қрим-татар жасади қопларда уйига қайтарилгани ҳақида маълумот бор. Шундан 22 нафари – маиший моддалар бўйича судланиб, янги муддат қўшиш таҳдиди билан армияга жўнатилган одамлар. Оккупантлар ваъда қилган катта пулга учиб, урушга борганлар – атиги олтита. Қолганлар эса сафарбарликдан қоча олмаган бечоралар. Аммо бу тўлиқ маълумот эмас, чунки бедарак кетганлар жуда кўп. Россия расмий статистикасига кўра, уруш бошидан бери Қримга 786 та жасад келган.

– Украина ҚК сафидаги қрим-татар аскарлари талафотларига доир рақамлар ҳам борми?

– Аниқ рақамларни билмайман. Одатда шаҳидларимизни ўзимиз дафн қиламиз. Украин православ қабристонларида алоҳида жой ажратилган. Чунки қрим-татар фарзандлари ислом одатларига кўра дафн этилади. Ўлганларнинг исмларини очиқлай олмаймиз, чунки ФСБ дарҳол уларнинг Қримдаги қариндош-уруғларини сиқувга олади.

– Украин армиясида жами қанча қрим-татар бор?

– Қрим оккупациясидан сўнг Украинанинг материк қисмига ўтган барча қримтатарлар Украина фуқаролари сифатида армияга чақирилиши керак, чақириляпти ҳам. Бундан ташқари, икки махсус ҳарбий бўлинма тузганмиз: Украина Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Разведка бош бошқармаси таркибидаги қрим-татар кўнгиллиларининг диверсия-разведка гуруҳи ҳамда Нўъмон Челебижихон номидаги кўнгиллилар батальони. Иккисида тахминан 2 минг қрим-татар хизмат қилмоқда.

Украинага босқин: 816-кун | Россия ва Қрим: Дронларнинг янги ҳужуми
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:15 0:00

Қул бўлиб яшаш ёки ғурурни сақлаб қолиш ҳақида

– Қрим аннексия қилинган ва яриморолдан “тинч” депортация давом этаётган, одамлар ё Украина, ё Россия армияси сафида жанг қилишига тўғри келаётган экан, халқ қандай жон сақлай олади?

– Агар Қрим озод этилмаса, халқимизнинг истиқболи бўлмайди. Қайси юртда одамлар ўз заминига ракеталар учиб келса ва бомбалар портласа хурсанд бўлади? Лекин қримликлар хурсанд. Чунки ақллари етади: Қримда украин ракеталари портлаётган экан, демак, Украина уларни унутмаган; Қрим устида ва Украинанинг босиб олинган бошқа ҳудудлари устида оккупантлар билан музокара бўлмайди. Энг муҳими, одамлар Қрим озод этилмаса, келажаклари бўлмаслигинижуда яхши тушунишади.

– Қрим аҳли нима қилсин: кетсинми, қолсинми? Қоладиган бўлса, ўзлигини қандай асрайди?

– Қримликлар шиори бундай: “Яшасанг, ўз Ватанингда яша!” Ажойиб шиор, лекин яшаш билан яшашнинг фарқи бор. Масалан, босқинчиларга бўйин эгиб, қулдек яшаш мумкин. Бошқа йўл ҳам бор – инсоний миллий ғурурни сақлаб қолиш. Хавфлироқ, аммо ҳақ йўл. 2014 йилга қиёслаганда, қрим-татарлар орасида коллаборантлар (руслар билан ҳамкорлик қилаётганлар-таҳр.) сони ошмаяпти. Чунки халқ улардан жирканади. Босқинчиларнинг малайлари билан ҳеч ким бир дастурхонга ўтирмайди.

Менга бир воқеани айтиб беришганди. Тўйга меҳмонлар келишади, ёш йигитлар, қарашса – битта столда коллаборант ўтирган экан. Йигитлар тўй эгасини чақириб: “Бизни нега чақирдинг? Унақа одам ўтирган жойда бизга нима бор?” дейишади. Тўй соҳиби: “У узоқ қариндошим, таклиф қилишга мажбур бўлдим”, деб жавоб беради. “Унда майли, – дейишади йигитлар, – қариндошинг билан ўтказавер тўйингни. Биз кетдик”. Тўй эгаси уларни тўхтатиб, коллаборант ёнига боради ва қулоғига нимадир дейди. У эса ўрнидан туриб, тўйхонани тарк этади. Қаранг, унинг столида ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ эди, шумшайиб ёлғиз ўтирувди. Башарасига туфлашмади, жағига солишмади. Нафратларини шу тариқа изҳор қилишди. Бу, албатта, миллат соғлом сақланиши учун жуда муҳим.

– Сиз танийдиган ва танимайдиган қримлик татарларни Россияга хизмат қилдираётган қанақа мотивация бор?

– Янукович иқтидорга келганида бутун давлат аппаратини қрим-татар вакилларидан тозалашни бошлади. Уларни “мажлисчилар” (Қрим-татар халқи Миллий Мажлиси аъзолари назарда тутилмоқда – таҳр.) деб атай бошладилар. Бўшатилганлар ўрнига руслар ёки Януковичнинг таъбига ёққан қрим-татарлар келди. Хуллас, Янукович ўшанда амал берган одамларнинг бари, истисносиз, ҳаммаси бугун босқинчи Россияга хизмат қиляпти. Кимдир ўз ихтиёри билан ўтган бўлса, кимлардир пул ва шантаж билан оғдириб олинган. Ғоявий мотивация йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас.

“Қрим татарлари Украина ҚК келишига жиддий ҳозирланишмоқда”

– Қрим оккупациядан озод бўлиши истиқболини кўряпсизми? Энг эҳтимол йўл қайси: ҳарбий кучми ёки дипломатия?

– 2014 йилдан бери айтаман: Қрим албатта озод қилинади, аммо дипломатик йўл билан. Чунки, жанг қилинадиган бўлса, Қрим Мариупол каби кимсасиз оролга айланиши мумкин.

Бироқ Россия Қрим муҳокама қилинмайди, деб туриб олган, гўё конституцияга биноан “Россия ҳудуди” эмиш. Кенг кўламли босқин бошланганидан бир ҳафта ўтиб Россия-Украина музокаралари бўлган эди. Якуний ҳужжатда ҳар бир томон ўз истакларини ёзди. Бизнинг урушни тўхтатиш бўйича шартларимиз қуйидагилар эди: руслар 2022 йил 24 февралгача бўлган чегарага қайтишади, Қрим ва Донбасснинг мақоми бўйича музокара бошлаймиз, Россия ва Украина музокара жараёни мобайнида ушбу ҳудудларни озод этиш учун куч ишлатмаслик мажбуриятини зиммасига олади. Шартларни ўқиганимизда Россия вакиллари “музокара учун 15 йил вақт берасизлар”, дейишди. Барча камералар менга қаратилди: сиз нима дейсиз? Нафақат турк ва украин медиалари, балки жаҳон ОАВларидан ҳам журналистлар бор эди у ерда.

Мен бу шартга мутлақо қарши эдим. Тахминан шундай дедим: Россия Қримнинг мақоми бўйича музокарага рози экан, бу Қрим Россия ҳудуди эмас, балки оккупация қилинган ҳудуд ҳисобланади ва 1949 йилги Женева Конвенциясига биноан у ерда Украина қонунлари ва Украинада мавжуд демократик ҳуқуқлар амал қилиши керак. Бу ҳуқуқлар бўлса, ҳар бир инсон фикрини эркин билдира олса, Қримни ишғолдан халос қилиш учун 15 йил эмас, кўпи билан 6 ой етарли.

Бу гапдан сўнг, эртасига Путин Песковнинг оғзи билан айтдики, Қрим хусусида ҳеч бир музокара бўлмас эмиш. Демак, ҳозирча ягона йўл – қурол кучи билан озод қилиш. Аммо, ўйлайманки, Украина армияси Қрим остонасига етиб борса, Россияга яна бир марта музокара таклиф қиламиз, лекин бу музокара Россия қўшинларини Қримни талафотсиз ва жангсиз тарк этиши ҳақида бўлади.

– Рози бўлишмаса-чи?

– Жанг қиламиз. Бошқа чора йўқ.

– Яъни, сиз айтгандек, Қрим Мариуполга айланиши эҳтимоли бор экан-да?

– Унчалик бўлмайди, деб ўйлайман. Қрим татарлари Украина ҳарбийлари яриморолга келишига жиддий тайёргарлик кўришяпти. Армиямиз Қримга яқинлашгач, улар ҳаракатни бошлашади. Ҳарбий таълим олишмаган, қурол-аслаҳалари кам, лекин барибир улар Украинага кучли дастак бера олишади. Бу ҳақда Будановга (Украина МВ Бош разведка бошқармаси бошлиғи – таҳр.) ҳам айтганман.

Украинага босқин: 558-кун | Самарқандлик йигит Украина Мудофаа вазири этиб тайинланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:37 0:00

– Қрим озод этилгач, адолатни тиклаш учун биринчи навбатда нима қилиш керак?

– Табиийки, дарҳол люстрацияни бошлаш лозим. Очиқ манбалар орқали аллақачон рўйхат тузиб қўйганмиз. Қримдаги барча коллаборантлар зудлик билан зарарсизлантирилиши керак. Отиб ташлаш шарт эмас, аммо жамиятдан иҳоталанса, бас. Украина қонунларига кўра, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш – жиноят. Шундай экан, оккупациядан сўнг Қримга кўчиб келган салкам бир миллион россияликлар яриморолдан чиқиб кетадилар.

– Қрим аннексияси такрорланмаслиги учун бугун нима(лар) зарур, деб ўйлайсиз?

– Россиядек йиртқич қўшни бор экан, такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Путин режими қулаб, Россия парчаланган тақдирдагина бехавотир бўламиз. Тинчлик қарор топиши учун Россия, худди фашистлар Германияси каби намойишкорона суд қилиниши лозим, деб ҳисоблайман.

Биласизми, Истанбулда кечган музокараларда Россия делегацияси таркибида Роман Абрамович ҳам бор эди. У Рустам (Умаров, ҳозирги мудофаа вазири) орқали мен билан ёлғиз учрашишни истади. “Ҳилтон”да кўришиб, гаплашдик. Мен кўнглимдаги бор гапни тўкиб солдим, хусусан, Путиннинг жиноятларига ҳар бир россиялик шерик, уни ҳокимиятга сизлар келтиргансизлар, дедим.

Шунда Абрамович қизиқ гап айтди: “Биласизми, фашистлар Германиясидаги вазият ҳам тахминан шундай эди. Лекин бир неча ўн йил ўтиб, Германия ҳавас қилса арзигулик демократияга айланди. Чунки маълум вақт мамлакат ташқаридан бошқарилган эди. Россияда ҳам ташқи бошқарув бўлмас экан, путинизм, рус фашизми барибир бош кўтараверади”.

“Бу гапни Путинга ҳам айтганмисиз?” десам, мийиғида кулди: “Қўйсангизчи”.

Форум

XS
SM
MD
LG