Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:57

Наманганда портлаш: Жума ва Тоҳир образи кинога кўчди


Наманган шаҳрида ваҳима тарқалди: Чорсу бозорида автобус портлапти
Наманган шаҳрида ваҳима тарқалди: Чорсу бозорида автобус портлапти

Ўзбекистонда “исломий жангарилар ва ёт ғояларга қарши” навбатдаги ташвиқот фильмини суратга олиш жараёни ниҳоялаб бормоқда. “Муқаддас истак” номли ушбу фильм асосида “диндорлиги учун Совет даврида таъқибга олинган, аммо мустақиллик туфайли озодликка эришган оддий инсон ҳикояси” ётади.

Фильмдаги асосий қаҳрамонлар орасида Ўзбекистонда террорчи ташкилот дея эълон қилинган “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” асосчилари Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний образлари ҳам бор.

Фильм Ўзбеккино Миллий агентлиги буюртмасига асосан “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинмоқда.

Кинорежиссёр – ўзбек киномухлисларига давлат сисёсатини тарғибу ташвиқ қилиш билан яхши танилган “Ўзбекфильм” киностудиясининг директори Ҳилол Насимов.

“Муқаддас истак” бадиий фильми Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги тантаналари пайтида кинотеатрларда намойиш этилиши кутилмоқда.

“Ўзбекфильм” Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний ҳақида фильм олмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:19 0:00

Наманганда портлаш

Фильм асосан Тошкент ва Наманган шаҳарларида суратга олинмоқда
Фильм асосан Тошкент ва Наманган шаҳарларида суратга олинмоқда

7 июль тушликдан сўнг Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳри бўлмиш Наманган бўйлаб аҳоли орасида ваҳима тарқалди – Чорсу бозорига ўт кетибди, автобус портлабди.

Гувоҳларга кўра, ҳатто шаҳар четида ҳам одамлар орасида Чорсу бозорига ўт кетгани ҳақида гап-сўзлар урчиганди.

"Биздан беш километр нарида бозор. Лекин ҳамманинг оғзида бир гап: бозорга ўт кетибди," деб ёзди ҳодисага ойдинлик киритишни сўраб Озодликка боғланган наманганликлардан бири.

Бироқ, Чорсу даҳасида яшовчи Озодлик манбаси "Муқаддас истак" фильмидаги жанг саҳнаси тасвирга туширилаётганини билдирди.

"Ҳамма Чорсу бозорига йиғилган. Ҳокимият вакилларию милиса ҳам, актёрлару оддий халқ ҳам шу ерда. Фильмнинг финал қисмини олишаяпти. Ҳозиргина бир эски автобусни портлатиб юборишди," деди Озодлик манбаси.

“Муқаддас истак” фильмида етакчи роллардан бирини ижро этаётган актёрнинг айтишича, суратга олиш жараёни 8 ёки 9 июлда ниҳоясига етади.

Ҳилол Насимов ўзининг зиддиятли фильмлари билан танилган
Ҳилол Насимов ўзининг зиддиятли фильмлари билан танилган

Аммо, фильм режиссёри Ҳилол Насимов Озодликка, узр билдирган ҳолда, фильм ҳақида ҳеч нима дея олмаслигини маълум қилди.

"Тўғридан тўғри заказ"

Етакчи роллардан бирини ижро этаётган актёр фильм асосида "диндорлиги учун Совет даврида таъқибга олинган, аммо мустақиллик туфайли озодликка эришган оддий инсон" ҳикояси ётганини айтди.

"Бу - террор ғояларини қораловчи фильм. Фильм исломий жангарилар ва четдан кириб келаётган ёт ғояларга қарши ғоя билан курашишни мақсад қилган. Унда диндорлиги учун Совет даврида таъқибга олинган, аммо мустақиллик туфайли озодликка эришган оддий инсон ҳақида гап боради," деди фильмда етакчи роллардан бирини ижро этаётган актёрлардан бири.

"Муқаддас истак" фильмидаги воқеалар 1980-йиллар охири ва 1990-йиллар бошида Тошкент ва Наманган шаҳарларида юз беради.

Ролларни Соҳиб Аббосхон, Ғайбулла Ҳожиев, Лола Элтоева ва Гулбаҳор Йўлдошева каби таниқли актёрлар ижро этмоқда.

Тоҳир Йўлдош образини актёр Комил Ҳамроев ижро этмоқда
Тоҳир Йўлдош образини актёр Комил Ҳамроев ижро этмоқда

Тоҳир Йўлдош образини яратиш вазифаси актёр Комил Ҳамроевга, Жума Намангоний образи эса актёр Дилмурод Массаидовга ишониб топширилган.

Фильмга бир миллиард сўмга атрофида давлат маблағи ажратилгани айтилади.

Ўзбекистонлик киномунаққидлардан бири фильм давлатнинг "тўғридан-тўғри" топшириғи билан олинаётганини айтди.

"Бу кино давлатнинг тўғридан-тўғри закази билан олинаяпти. Ҳайронман, ҳозир бу муаммо актуал эмас-ку. Қолаверса, бундай тарғиботнинг ҳозир кимга кераги бор?!" дея таажжуб билдирди исми сир қолишини истаган киномунаққидлардан бири.

Фильмда Жума Намангоний образи жангарига айлангунга қадар ароқхўр қилиб тасвирланган
Фильмда Жума Намангоний образи жангарига айлангунга қадар ароқхўр қилиб тасвирланган

​Ҳилол Насимов киномухлисларга Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган сиёсатни тарғиб этувчи зиддиятли фильмлари билан танилган.

"Одноклассники", "Гумроҳлар", "Тубанлик" каби бадиий фильмлар кинорежиссёр яратган ана шундай фильмлар жумласига киради.

"Кўпчилик унутган одамлар"

Фильмда 1980-йиллар охири ва 1990-йиллар бошида юз берган ҳодисалар ҳикоя қилинади
Фильмда 1980-йиллар охири ва 1990-йиллар бошида юз берган ҳодисалар ҳикоя қилинади

​"Муқаддас истак" фильмидаги икки образ - Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний - 1980 йиллар охирида Наманган шаҳрида исломий гуруҳларни ташкил қилган тарихий шахслардир.

Икковлон Ўзбекистонда Ислом Каримов 1991 йил декабрида президент этиб сайланганидан бир неча ой ўтиб, Ўзбекистонни тарк этди ва Тожикистонда бошланган фуқаролар урушида тожик исломий мухолифати сафларига қўшилди.

Ўзбекистондаги жорий тузумни ағдариб, ўрнига исломий давлат барпо этиш ғояси билан дунёга келган "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" ҳам 1998 йилда айнан шу икки шахс томонидан барпо этилганди.

Жума Намангоний 2001 йил кузида Афғонистонда, Тоҳир Йўлдош эса 2009 йил ёзида АҚШ ҳаво ҳужумларида ўлдирилди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг бугунги сони, омон қолган жангарилари ва раҳбарларининг ҳозир айнан қаерда эканликларига оид расмий, ишончли маълумотлар йўқ.

Тоҳир Йўлдошни яқиндан таниган наманганликлардан бири Чорсу бозорида олинаётган фильм "кўпчилик унутган одамларни" эсга солганини айтди.

XS
SM
MD
LG