Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:58

Асакада имом эҳсон пулини товуқхонага ишлатди


"Ҳолид ибн Волид" масжиди
"Ҳолид ибн Волид" масжиди

Андижоннинг Асака шаҳаридаги "Ҳолид ибн Волид" масжидида 173 миллион сўм ўмарилганига оид ишни суриштирган терговчилар эҳсон пули товуқхона қуришга сарфланганини аниқлашган. Иддао қилинишича, ўзлаштирилган маблағларни яшириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига топширилган молиявий ҳисоблотларда эҳсон миқдори камайтириб кўрсатилган.

Андижон вилояти ҳуқуқ тартибот идорасидаги Озодлик манбаси иддаосига кўра¸ "Ҳолид ибн Волид" масжиди имоми¸ мутаваллиси ва ҳисобчиси масжид таъмирига дея ажратилган пулнинг бир қисмига жўжа сотиб олиб, товуқхона ташкил қилган.

- Тергов мобайнида бу товуқхонанинг солиқ идоралари қайдидан ўтказилмагани анқиланди. Яъни, товуқхонанинг масжидники эканики ҳақида ҳам ҳужжат йўқ. Товуқхона эҳсондан ўмарилган пул эвазига шахсий бойлигини орттириш мақсадида тузилгани аниқланди, - деди манба.

"Ҳолид ибн Волид" масжидидаги Озодлик манбаси эса бу даъвони қисман қувватлади, аммо пул ўмарилганига оид айбловни инкор қилди:

- Ремонтга ажратилган пул, тўғри. Эҳсондан тушган. Биз бу пулни процентга қўя олмаймиз. Шу боис, жўжа олиб боқиб қўйган эдик. Сал катта бўлса, сотиб пулини масжидга қайтарамиз, деб. Бу фақат масжид пули баракали бўлсин, деб қилинган ниятдаги эзгу иш эди, - деди "Ҳолид ибн Волид" масжидидаги Озодлик манбаси.

Озодликка маълум бўлишича, шу кунларда масжид ҳисобчиси ишдан бўшатилган, имом ва мутавалли тергов қилинмоқда.

Хайр-эҳсондан тушган пулни ўмарганликда гумон қилинаётган бу уч шахснинг исм-фамилияси Озодлик тасарруфида мавжуд. Айбсизлик презумпцияси нуқтаи назаридан бу исмлар очиқланмаётир.

Андижон-ҳуқуқ тартибот идорасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси асосида жамоат мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш айблови билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишига тиркалган 173 миллион сўм шу кундаги қора бозор курсида, тахминан, 27 минг АҚШ доллари бўлади.

Масжиднинг ўтган беш йиллик бухгалтерия ҳужжатлари билан танишиб чиққан маҳаллий ҳисобчилардан бирининг Озодликка айтишича, хайр-эҳсондан ташқари масжид қавмидан обуна учун ҳам пул йиғилган.

- Намозга келувчилар “Ҳидоят“, ”Ислом нури” газеталарига обуна қилдирилган, бунинг учун шу масжидга келган одамлардан пул олинган. Закот пуллари олинган, фитр пуллари олинган. Квитанциялар ёзилган, лекин, 173 миллион сўм даромад дафтарига тушмаган, банкка ҳам топширишмаган,- деб иддао қилди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган асакалик ҳисобчи.

Бу ҳолат масжидга келувчи намозхонларда ишончсизлик уйғотди, дейди масжид жамоаси аъзоларидан бири.

- Масжидга келувчилар бундан жуда норози бўлиб туришибди. Ахир гап эҳсонга, деб берилган пуллар ҳақида кетяпти-ку,- дейди исми сир қолишини истаган асакалик намозхонлардан бири.

Бунга қадар Озодлик айни мавзуни ёритган ва иддаоларга ойдинлик киритиш учун Асака туманидаги "Ҳолид ибн Волид" масжидига қўнғироқ қилган эди. Ўшанда ҳам масжид ходимларидан бири “растрата” сифатида кўрилаётган 173 миллион сўм масжид ремонти учун сарфланганини айтиб, эҳсон пули ўмарилганига оид иддаоларни рад қилган.

"Ҳолид ибн Волид" масжиди Ўзбекистондаги бошқа масжидлар қатори асосан хайр-эҳсон ҳисобидан кун кўради. Масжидга эҳсондан тушадиган йиллик даромад эса юз миллион сўмдан кўпроқни ташкил этиши айтилади.

Ўзбекистонда имом-хатиб ва мутавалли масжидга эҳсон сифатида берилган хайрия маблағини ўзаро ўзлаштиргани аввал ҳам кузатилган.

Ўтган йил Тошкент шаҳри Яшнобод (собиқ Ҳамза) туманида жойлашган масжидлардан бирининг имом-хатиби ва мутаваллиси 18 миллион сўмлик эҳсон пулларини ўзлаштиришда айбланганган.

XS
SM
MD
LG