Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:51

Мирзиёев ШҲТ доирасида "яшил йўлаклар"ни кенгайтиришни таклиф қилди


Президент Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида, 10-июнь, Хитой
Президент Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида, 10-июнь, Хитой

Хитой раиси Си Цзинпин Ҳиндистон билан Покистон Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида тўлақонли аъзо сифатида қатнашаётганини эълон қилди.Саммитда қатнашган Ўзбекистон президенти эса, матбуот хизматига кўра, аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-транспорт алоқаларини ривожлантириш учун "яшил йўлаклар"ни кенгайтиришни таклиф қилган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати берган хабарга кўра, президент Мирзиёев ушбу саммитда чиқиш қилиб, аъзо давлатлараро савдо-транспорт алоқалари, хавфсизлик масаласидаги ташаббусларни илгари сурган.

"Биз давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида агросаноат кластерларини шакллантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда «яшил йўлаклар» тармоғини кенгайтириш тарафдоримиз", дея Мирзиёевдан иқтибос келтирди матбуот хизмати.

Шунингдек, расмий хабарга кўра, Мирзиёев Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой, Мозори Шариф – Ҳирот темир йўлларини қуриш, Марказий Осиё – Форс кўрфази, Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб трансминтақавий йўлакларни ривожлантириш тарафдори эканини билдирган.

Расмий Пекин билан Москва етакчилигида асос солинган ушбу сиёсий ва иқтисодий ташкилот саммити Циндао порт шаҳрида бўлиб ўтди.

Си 10 июнь куни Покистон президенти Мамнун Ҳусайн ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модини анжуманга ташрифи билан қутлади ва уларнинг иштирокини “буюк тарихий аҳамиятга эга”, деб айтди.

ШҲТга аъзо мамлакатлар кўпаяётгани унинг нуфузи ошиб бораётганини кўрсатади, шу билан бирга унга минтақа мамлакатлари ва халқаро ҳамжамиятнинг эътибори ошади ва кўп нарсаларни кутади, − деди Си.

Покистон билан Ҳиндистон ШҲТга ўтган йили аъзо бўлди. Ўшангача унга Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга аъзо, Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Монголия кузатувчи мақомига эга эди.

Саммитнинг очилиш маросими 9 июнда бўлиб ўтди. Асосий тадбирлар 10 июнга белгиланган эди.

Си ШҲТ саммитини якдиллиги учун мақтади ва Канаданинг Квебек провинциясида бўлиб ўтган йирик саноатлашган мамлакатларнинг “G7” саммити бир қарорга кела олмасдан тарқалганига, гўёки, шама бўлди.

Бу анжуманда Қўшма Штатлар анъанавий иттифоқчилари билан аксарият масалаларда тортишувларга борди. Қўшма коммюнике эълон қилингандан сўнг президент Доналд Трамп уни маъқуллагани ҳақида гапини қайтариб олди. Бу ҳам етмагандай, саммит мезбони, Канада Бош вазири Жастин Трюдо шаънига аччиқ-тизиқ сўзлар айтди.

Айни дамда Си Цзинпин ШҲТ саммитидаги маърузасида: “Биз минтақада хавфсизлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш, тараққиёт ва фаровонликка кўмаклашиш учун масъулмиз”, деб айтди.

Гарчи, у маърузасида бевосита АҚШни тилга олмаган бўлса-да, “Биз манманлик, калтабинликка асосланган ёпиқ ва чекланган сиёсатни инқор қиламиз. Биз Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларини, кўп томонлама савдо тизимини ва дунёда очиқ иқтисодиёт барпо қилишни қўллаб-қувватлаймиз”, деб таъкилади.

Бу йилги саммит натижалари бўйича Циндао декларацияси қабул қилинди.

Ҳозирда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори бўлиб ишлаётган Владимир Норов, президент матбуот хизматига кўра, ШҲТ Бош котиби, Тожикистон вакили Жумахон Ғиёсов ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори этиб тайинланган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик эса Қирғизистонга ўтди.

2001 йилда тузилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Хитой, Тожикистон ва Қирғизистон аъзо.

2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга аъзо бўлиб кирди.

Айни пайтда, Мўғилистон, Эрон, Афғонистон ва Белорус ташкилотда кузатувчилик мақомига эга.

XS
SM
MD
LG