Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:10

Мирзиёев номзоди учун "керагидан ортиқ" имзо. Фаоллар ва талабалар сайловолди тадбирларидан норози


O’zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Ҳалимжон Раҳмонов(чапдан биринчи)
O’zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Ҳалимжон Раҳмонов(чапдан биринчи)

Ўзбекистон Либерал Демократик партиясининг Фарғона вилоят фаоллари президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг номзодини қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғишда ортиқча талаб қўйилаётганидан шикоят қилмоқда.

Фаолларнинг иддао қилишича, партиянинг вилоят бўлими раиси ўринбосари Ҳалимжон Раҳмонов турли баҳоналар билан ўттиз кишининг имзоси йиғилган рўйхатдан арзимаган хатолар топиб, қайтадан имзолатиб келишга ва керагидан кўп имзо йиғишга мажбурламоқда.

Иқтидордаги партия тадбирларида қатнашган талабалар эса, уларни ҳар куни оч қолдириб, байроқ кўтариб туришга мажбурлашганини иддао қилмоқда.

O’zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Ҳалимжон Раҳмонов имзо йиғишда камчиликлар борлигини тан олар экан, талабларнинг тадбирларда оч қолдирилганини инкор қилди.

O’zLiDeP Фарғона вилояти бўлими фаолларидан Озодликка юборилган шикоятда раис ўринбосари Ҳалимжон Раҳмонов имзо йиғувчиларни “қийнаб ташлагани” ҳақида сўз боради:

“Раис ўринбосаримиз президентликка номзодни қўллаб-қувватлаш учун йиғилаётган имзоларни тўплашда имзо йиғувчиларни қийнаб ташлади. Имзо бланкасини тўлдиришда бир хил ручкадан фойдаланиш, шахсий маълумотларни ўзи шахсан тўлдириши каби талаблари билан тўлдирилган бланкаларни ортга қайтаряпти. Мисол учун, бирон бир оилада бир киши учун бир одам тўлдириб берган бўлса ёки қора рангдаги ручка ишлатилган бўлса, 30 нафар одам имзо қўйган бланка йўққа чиқяпти. Бошқа одам тўлдиргани билан имзони ўзи қўйяпти-ку?" Имзо тўплаш азобга айланди”.

Исми сир қолишини сўраган партиянинг бошқа бир фаоли ҳам ортиқча талаблардан имзо йиғувчилар қийналаётганини айтади:

“O’zLiDeP Фарғона вилояти бўлими 30 мингта имзо йиғиб бериши керак. Шунча имзо йиғилиб бўлинди. Лекин раис ўринбосаримиз ўзини Тошкентга яхши кўрсатиш учун яна мингта имзо йиғишни буюрган. Аввалги йиғилган имзолардан ҳам хато топиб, қайтадан имзо йиғиб келишни буюрмоқда. Мисол, битта ўттиз кишилик рўйхатда 29тасини тўғри тўлдириб келдингиз-да, ўттизинчиси ёзаётганда ниманидир хато қилиб қўйди. Масалан, отасининг исми ёзилмай қолган. Шу битта хато учун яна уйма-уй, ташкилотма-ташкилот юриб, ўша 29 кишига қайтадан ёздириб, имзо қўйдириб келиш керак. Бу жуда ортиқча иш бўляпти бизга”.

Партиянинг оммавий тарғибот тадбирларида қатнашган Тошкент Ахборот технологиялари университетининг Фарғона вилоят филиали талабасининг иддао қилишича, байроқ кўтаришга жалб қилинган йигирмадан ортиқ талаба тадбирларда оч қолган:

“Вилоятдаги Қўқон шаҳри ва яна тўққизта тумандаги тадбирларда байроқ кўтарувчи бўлиб қатнашдик. Лекин ҳар куни кечқурун Фарғонадан автобусда узоқ районларга олиб боришади, беш-олти соат юрамиз, қоринлар оч қолади, лекин ҳеч ким бир нарса олиб бермади. Оч бориб, оч қайтдик. Биз партия аъзоси эмасмиз-ку, лекин партиянинг тарғибот ишларида қатнашишга мажбур қилиндик”.

O’zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Ҳалимжон Раҳмонов Озодлик билан суҳбатда имзо йиғишда камчиликлар борлигини тан олар экан, талабаларнинг тадбирларда оч қолдирилганини инкор қилди:

“Имзо йиғиш талаби қандай бўлган бўлса, ўшандай тартибда ташкиллаштирдик. Бир хил рангдаги ручкада ёзилиши, бир хил талаб ва меъёрлар бўлишини, балки қайта кўриб чиқиш керакдир, танқиддан ҳам тўғри хулоса чиқариш керак. Албатта яна бир кўриб чиқиш керак, буни раҳбариятга етказамиз. Тадбирларимизда қатнашган талабаларнинг оч қолгани эса нотўғри хабар. Шахсан ўзим талабаларни овқатлантириб, қараганман. Бундай хабар ижтимоий тармоқларда ҳам чиққан эди. Талабаларнинг ўзлари келиб, Ҳалимжон ака биз ҳам эътироз билдириб, видео қилайлик деганида, майли қўяверинглар деган эдим. Талабаларни бирор марта ҳам оч қолдирган эмасмиз”.

Ўзбекистонда кутилганидек, иқтидордаги Либерал-демократик партия мамлакатнинг амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзодини яна бир муддатга президентликка илгари сурди.

Бу ҳақдаги қарор партия Cиёсий кенгашининг 7 август кунги мажлисида қабул қилинди.

Мирзиёев партияси вирус тарқатувчи оммавий тадбирларни ўтказмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:24 0:00

31 август куни Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб очилган "Янги Ўзбекистон" боғидаги расмий тантанада қилган нутқида Мирзиёев "Бўлғуси Президент сайлови юксак демократик мезонлар асосида ўтиши"ни айтди.

Унга кўра, сайловлар "янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этади".

Аммо сайловлар ўтган йилларда бўлгани каби ҳақиқий сиёсий рақобатсиз ўтиши кутилмоқда. Ҳукумат мухолифат фаолларининг мустақил сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш ва сайловда қатнашиш ҳаракатларига тўсқинлик қилган. Фаоллар сайлов арафасида ўзларига нисбатан босимларнинг кучайганини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG