Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:41

Германияга сафар: Берлинда Мирзиёев танқидчилари ва тарафдорларининг чиқишлари


Президент Шавкат Мирзиёев Германия федерал канцлери Олаф Шольц билан. Берлин, 2 май, 2023
Президент Шавкат Мирзиёев Германия федерал канцлери Олаф Шольц билан. Берлин, 2 май, 2023

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев унинг ҳокимиятда қолиш эҳтимолини 2040 йилгача узайтирган зиддиятли референдумдан бир кун ўтиб Германияга сафар қилди.

2 май куни Берлинга етиб борган Ўзбекистон президентини Германия канцлери Олаф Шольц қабул қилди.

Канцлер матбуот хизмати берган маълумотга кўра, музокараларда икки томонлама алоқаларга оид масалалардан ташқари, ташқи сиёсат, хавфсизлик ва минтақадаги вазият муҳокама қилинган.

Ўзбек томонига кўра, ёпиқ эшиклар ортида Олаф Шольц билан 2 соатга яқин давом этган музокараларда, Германия канцлерининг Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик ва ўзаро ишонч муҳитини яратиш, интеграцияни чуқурлаштириш бўйича янги минтақавий сиёсатини қўллаб-қувватлаган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, ўзаро товар айирбошлаш, қўшма лойиҳалар сонини ошириш ва хусусан, Ўзбекистонда Германия ширкати билан ҳамкорликда автомобиллар учун микрочиплар ишлаб чиқаришга келишилган.

Ўзбек томонининг билдиришича, Германиядан Ўзбекистонга инвестициялар ҳажми 5,5 миллиард долларга етган, бунинг 4 миллиарди охирги 6 йилда жалб қилинган.

Германия томони инвестицияларга доир расмий рақамларни тақдим этганича йўқ,

Ташриф доирасида қўшма бизнес-форум ҳам бўлди. Унинг якунида умумий қиймати 9 миллиард долларлик савдо, инвестициявий ва технологик лойиҳалар имзолангани айтилди.

Булар орасида "яшил" энергетика, қазиб чиқариш, кимё, фармацевтика, транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик саналди.

Германиянинг “Infineon technologies” компанияси билан ҳамкорликда сим-карталар, ID-карталар, пластик карточкалар, маиший техникалар ва автомобиллар учун микрочиплар ишлаб чиқариши алоҳида тилга олинди.

Ўзбекистонлик фаоллар Мирзиёевни Берлинда "диктатор" деб ёзилган плакатлар билан қарши олишди.
Ўзбекистонлик фаоллар Мирзиёевни Берлинда "диктатор" деб ёзилган плакатлар билан қарши олишди.

Бундан ташқари, Германия компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “KfW”, “Deutsche Bank” банклари ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан шерикликка келишилгани маълум қилинди.

Бу мулоқотларда ўзбек томонининг таъкидлашича, Германия ҳукумати Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишини ҳамда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имкон қадар тез имзолашини қўллашга тайёрлигини билдирган.

"Диктатор"

Шольц билан учрашув арафасида бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар президент Мирзиёев сиёсатини танқид қилувчи плакатлар билан Берлиндаги Германия федерал канцлери идораси олдида норозилик акцияси ўтказишди.

Уларга кўра, Мирзиёев ўз икки президентлик муддати бошқаруви пайтида ислоҳотлар бўйича берган ваъдаларини бажармаган, аксинча мамлакатдаги иқтисодий, ижтимоий вазият оғирлашмоқда, ҳукуматни танқид қилаётган фаолларга босим кучайиб бораётир.

Канцлер Шольц идорасига президент Шавкат Мюирзиёев етиб келган пайтда эса яна бир гуруҳ ўзбекистонликлар пайдо бўлиб, танқидчи фаолларнинг олдини тўсиб қўйди.

Танқидчилар "Мирзиёев-диктатор", "Мирзиёев-Путин" деб ҳайқираркан, Ўзбекистон байроғини кўтариб олганлар "Ўзбекистон" деб бақириб, уларнинг овозини ўчиришга уринишди.

Мирзиёев тарафдорлари Озодликка интервью беришни истамади. Улар танқидчиларнинг ўзаро мулоқот чақириғини ҳам рад этди.

OzodLive: “Умрбод президентлик” бўйича референдум
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:22:56 0:00

Оилавий ташриф

Мирзиёевга Германия ташрифида унинг рафиқаси Зироатхон Мирзиёевадан ташқари қизи ва унинг администрацияси мулозими Саида Мирзиёева, шунингдек, оиланинг бошқа аъзолари ҳам ҳамроҳлик қилаётгани маълум бўлди.

Президент Германия канцлери билар музокара қиларкан, унинг оиласи Берлин фирлармониясида концерт томоша қилди.

"Берлин филармониясиннг Катта залида ўтган Кирилл Рихтер ва дирижёр Алибек Кабдурахмонов бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг концертида бўлганимдан мамнунман", деб ёзди Саида Мирзиеева тармоқлардаги саҳифаларида.

Мирзиёевнинг Берлин сафари зиддиятли конституциявий референдумдан бир куни ўтиб амалга оширилди. Янги конституция Мирзиёевнинг 7 йилдан яна икки муддат президентликка сайланишига йўл очади.

Германиядаги "Эркин Ўзбекистон" ташкилоти фаолларининг иддао қилишича, Мирзиёевнинг ҳокимиятда қолишини Кремль ва президент Путин билан илиқ муносабатлари учун танқид қилинган канцлер Олаф Шольц маъмурияти қўллаётган бўлиши мумкин.

Гуруҳ етакчиси, Германияда яшаётган ўзбекистонлик фаол Ҳасанбой Бурҳонов Берлиндаги учрашувлар Берлин-Тошкент-Кремлнинг кейинги алоқаларида муҳим, деган фикрда.

Шавкат Мирзиёев 3 май куни Германия президенти Франк Вальтер Штайнмайер билан учрашиши кутилмоқда.

Шу куни тушдан сўнг Берлиндаги "Янги музей" (Neues Museum) да “Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Александр Македонскийдан Кушонлар империясигача” деб номланган кўргазма очилади.

Форум

XS
SM
MD
LG