Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:59

Мирзиёев чигит импорт қилишга буйруқ берди. Мутахассис ва фермерлар хавотирда


Президент Мирзиёев ҳукуматга хориждан 3 минг тонна чигит сотиб олиш ҳақида кўрсатма берди.

12 февраль куни президент ўтказган селекторда айтилишича, бу йил 100 минг гектар майдонда юқори ҳосилдор хорижий пахта навларини экиш режаланган.

Айрим фермерлар, бундан бироз хавотирда, боиси хорижий навнинг Ўзбекистонда қандай ҳосил беришини билишмайди. Айримлари ўтказилган синовлардан қониқмаётир.

Мутахассислар эса, шу билан Ўзбекистон ҳукумати учинчи бор хорижий чигитга пул тикаётгани, бунга қадар бўлган икки уриниш натижа бермаганини эслатмоқда.

Яна бир жиддий хавотир - чигит уруғи билан кириб келиши мумкин бўлган касаллик ва ҳашаротлардир.

-----------------------

12 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди.

Расмий хабарда айтилишича, президент “унумдорликни ошириш, таннархни камайтириш, сувни тежаш”га оид янги вазифаларни белгилаб берди, асосий эътиборни пахта ва ғаллачиликка қаратди.

Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан, бир ой муддатда хориждан 3 минг тонна уруғлик чигит олиб келиниши керак.

2024 йилда 100 минг гектардан ошиқ майдонга хорижий - импорт чигит экиладиган бўлди. Бундан буён ҳосилдорлиги гектарига 30 центнердан кам бўлган навлардан воз кечилиб, серҳосил маҳаллий ва хорижий навларга алмаштириб бориш режаланяпти.

Фермернинг пулини еган кластерлар ҳам синмоқда. Гап нимада?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:47 0:00


Аслида президент бу гапни ўтган йил 12 декабр кунги пахтачиликка бағишланган селекторда айтганди.

Аммо, унинг танқидига кўра, орадан бир ой ўтган бўлса ҳам, “Пахтачилик кенгаши, Карантин агентлиги, вилоят ҳокимлари қаердан, қандай нав олиб келиш масаласини ҳал қилмаган”.

Эндиликда бу ташкилотлар келгуси бир ой ичида бу муаммоларни ҳал қилиши лозим.

Селектордаги масалалар муҳимлигини урғулаган ҳокимият идорасидаги Озодлик манбасига кўра, ҳозир ижро институтида буни қандай бажариш мумкинлигига оид якдил ва тушунарли режа йўқ:

“Ҳозир бизнинг республика чигитни Туркия, Хитой, Хиндистондан олиб келишлари мумкин. Бошқа танлов йўқ. Лекин, бирорта одам йиғилишда туриб айтмади: ахир четда иқлим бошқа, шароит бошқа. Чигитни сифати тўғри келиши ҳали иккинчи даражали нарса. Биринчи ўринда, бизнинг иқлимимизга тўғри келмайди. Иккинчи масала, карантин объектлари кириб келиши хавфи бор. Pink bollworm деган ҳашарот бор. Бу толани ейдиган капалак. Кип ва бунтларнинг ичидаги толани еб тугатади. Ҳиндистонда кўп. Кечаги мажлисга саволлар жуда кўп. Эътибор берган бўлсангиз, йиғилишда бирорта олим йўқ”.

Хориждан келадиган пахта навлари учун алоҳида агротехника ва соддалаштирилган карантин талаблари жорий этилиши, тажриба махсус карантин кузатувида олиб борилиши айтиляпти.

Шунга қарамай, Озодлик гаплашган расмийга кўра, нафақат чигит, балки бошқа қишлоқ хўжалигида экиладиган уруғларни олиб келишда катта риск бор, жумладан ҳашарот ва касалликлар.

Хусусан, Pink bollworm - пахта капалаги Ҳиндистоннинг катта қисмида тарқалган. Бу ҳашарот қишда очиқ майдонларда ёки пахта толаси, чигити, ғўзасида сақланади, кейинги йил баҳордан яна кўпайиши мумкин.

Ҳиндистоннинг қатор штатларида бу капалакнинг дори воситаларига қаршилиги ошган ва деҳқонлар уни йўқотолмай ҳалак бўлмоқда. Бунда дунё бўйлаб иқлим ўзгариши ва сув танқислиги ҳам жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Жаҳон бозорида сара уруғлик чигит нархи килосига 10-15 АҚШ долларигача. Энг катта сотувчилар айнан Ҳиндистон, АҚШ ва Хитойдир.

Қарийб 15 йилдан буён Қашқадарёда пахта экаётган деҳқоннинг айтишига қараганда, Хитойдан келтириладиган навлардан айримларининг синовига гувоҳ бўлган:

“Қашқадарёда хитойлик деҳқонлар ўзлари олиб келиб, полиэтилен плёнка остига экиб, томчилатиб суғориб ҳосилини олди. 2022 йили. Кўрдик, лекин ҳосил унақа юқори бўлмади. Шу бизни навларга ўхшаган 40-45 центнердан ошмади. Лекин, меҳнати ва харажати кўп бўлди, менимча. Энди ҳукумат нимага бу ишни қиляпти, тушунмадим мен”

Сўнгги йилларда Марказий Осиёда сув танқислиги ва иқлим ўзгариши оқибатлари яққол кўринмоқда. Бу эса асосан қишлоқ хўжалигига урғу бериб келинган Ўзбекистондаги деҳқонларни янада оғир аҳволга солмоқда.

Мирзиёев эса сўнгги 3 ойда пахатачиликка бағишланган учинчи селекторни ўтказди ва ҳар гал пахта ҳосилини ошириш, бунинг учун пахта экиладиган майдонларни кўпайтириш ҳақида гапирмоқда.

Аслида Ўзбекистонда бунга қадар ҳам икки бора хориждан чигит олиб келишга уриниш бўлган, синалган ва воз кечилган.

Биринчи бор 1998 йилда марҳум президент Ислом Каримов Исроил пахтачилик тажрибаси ва навларини Ўзбекистонда синовдан ўтказган.

“1998 йилда Каримов шахсан ўзи Исроилга бориб, Пинхасов деган олим билан, келтириб эктирган. Исроилда гектарига 80 центнергача ҳосил олишади. Чунки иқлими шунга мос - пахта кетма-кет ҳосил бераверади. Бизда эса баланд-баланд ғўза бўлган, лекин ҳосили жуда кам бўлган. Кейин 2010 йилда Америкадан олиб келишди. Пахта яна ўсиб кетди, ҳосили жуда кам бўлди. Яъни, бизнинг иқлимга тўғри келмади. Ҳозир бизга чигит сотиши мумкин бўлган давлатларда ҳам иқлим тамоман бошқача. Хуллас, килоси 2 доллардан бўлса ҳам, 6 млн. доллар расход қилиб, яна олиб келишмоқчи. Кимнингдир ўйинчоғи бўлади-да бу яна. Ундан кўра, ўзимизнинг олимлар билан ишлаш керак”, дейди ҳокимият идорасидаги исми очиқланишини истамаган манба.

Ўзбекистон “Ўзагроинспекция” ахборот хизмати 2024 йилда 1 миллион гектар майдонда ғўза навлари экилишини билдирган.

Расмий маълумотига қараганда, бунинг учун 50 минг тонна уруғлик чигит керак бўлади ва ҳозир захирада ҳам етарли чигит йўқ.

“Мавсум бошидан режага нисбатан 45,5 минг тонна ёки 81,3 фоиз уруғлик чигит тозаланиб, сараланган ва бу ишлар давом эттирилмоқда”, деди 9 февраль куни АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзагроинспекция" ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева.

2024 йилдан жорий этилиши айтилган янги тизимга кўра, олдинги қарзини 1 апрелгача тўлиқ тўламаган кластер билан фьючерс шартномаси бекор қилинади. Фермерга пахтани биржада сотишга рухсат берилади.

Хорижий чигитни эса тажриба тариқасида 14 та туманнинг балл бонитети паст, сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда экиш режаланаётгани айтилмоқда.

Бундай оғир аҳволдаги пахта майдонларидан юқори ҳосил олиш учун аввало импорт пахта навларини олиб келиш эмас, балки деҳқоннинг шароитини ўнглаш керак, демоқда қашқадарёлик деҳқон:

“Мен масалан, “Бухоро-6” навни экаман, уям гектарига 40-45 центнер ҳосил беради. Лекин, бу нав ўзимизники, шу муҳитга чидамли, камхаржроқ. Агар сув яхши бўлса, ўғит сифатли бўлса, вақтида берилса, гектарига 52 центнергача ҳосил олиш мумкин. Мен ўзим олганман шу ҳосилни. Бизнинг деҳқонларимиз ҳосилни қандай оширишни жуда яхши билади. Олимларимиз ҳам билади. Ҳамма имтиёз ва ваколатларни кластерларга бермай, фермер-деҳқоннинг ўзига имконият берилса бўлди. Ҳозир кластер бор имкониятларни ишга солиб, бойиб боряпти. Фермернинг қарздан боши чиқмаяпти”.

Ҳозирда Ўзбекистонда 134 та пахта-тўқимачилик кластери бор. Уларнинг ихтиёрига пахта экиладиган жами майдон - 1 миллион гектардан ортиқ ер майдони бериб қўйилган.

"Уларга фермер устидан ҳукмронлик керак" - кластерлар пахта пулини бермаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:38 0:00


Пахта соҳасини кластер ширкатларга бўлиб бериш тажрибаси айнан Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланди.

2019-20 йилларда оммавий очилган кластерлар фермер хўжаликлари ерларини тортиб олди. Шундан буён кластер ишчисига айланган фермерларнинг мустақил ассоциация ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳаракатлари ҳокимиятнинг қаршилигига учраб келади.

Фермерлар кластерларнинг топширилган ҳосил учун вақтида пул тўламаётгани ва бошқа ноқонуний ҳаракатларидан шикоят қилиб келадилар.

Озодлик Ўзбекистон бўйича ўнлаб кластерларнинг президент Шавкат Мирзиёевнинг қариндошлари ва президентга яқин деб ишонилган бошқа шахслар бошқарувида эканини аниқлаган.

Форум

XS
SM
MD
LG