Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:09

"Янги Ўзбекистон" тарғиботига оид фильмларга ҳомийлик учун пул топилмаяпти


Шавкат Мирзиёев расман "Янги Ўзбекистон" деб аталаётган президентлик даврига қадар 13 йил ҳукуматга раҳбарлик қилган.
Шавкат Мирзиёев расман "Янги Ўзбекистон" деб аталаётган президентлик даврига қадар 13 йил ҳукуматга раҳбарлик қилган.

Мамлакатдаги 200дан зиёд ташкилот Шавкат Мирзиёевнинг президентлик даври - “Янги Ўзбекистон”га бағишланган туркум фильмларга ҳомийлик қилишга мажбурланмоқда.

Бу жараёнга бош-қош бўлаётган Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов икки ҳафта аввал ҳомийликни пайсалга солаётган ташкилотларни жараённи тезлатишга чақирди.

Абдуҳакимовнинг ушбу чақириғидан сўнг ташкилотларга нисбатан босим кучайгани натижасида фильмлар яратилиши учун масъул бўлган Кинематография агентлиги (собиқ "Ўзбеккино"- таҳр.)га пул тушиши нисбатан кўпайган.

Буни Озодликка тасдиқлаган мулозимларга кўра, айрим ташкилотлар молиявий аҳволи ночорлигини айтиб, пул ўтказиб беришдан бош тортган.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларда жорий йил февралида ҳомийлик юклатилган жами 215 та корхона ва ташкилот ҳануз Кинематография агентлигига пул туширмагани қайд этилган.

Озодлик қўлга киритган ҳужжат “Шошилинч” деб номланиб, унга Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов жорий йил 13 июль куни имзо чеккан.

Мирзиёев даври тарғиботига оид фильмларга пул ўтказмаган идоралар

Ҳужжатда Мустақилликнинг 30 йиллик байрамига бағишланган фильмларга ҳомийлик қилишни кечиктираётган вазирлик, идоралар, хўжалик бирлашмалари, банклар, корхона ва ташкилотлар ҳамда ҳокимликлар (жами 215та) рўйхати келтирилган.

Озодлик 29 июль куни Абдуҳакимов рўйхатидаги ўндан зиёд корхона билан боғланиб, вазиятни ўрганди.

Аноним қолиш шарти билан суҳбатлашган мулозимлар Абдуҳакимовнинг “Шошилинч” қароридан сўнг уларга нисбатан босим кучайганини айтишди.

“Тепадан телефон қилиб, “президент сиёсатига қаршимисан?” деган гапни қилишди. Бу фильмларни Мустақиллик байрамига тайёр қилиш шарт экан. Шунга бошлиқ мажлис қилиб, “ўтказиб беринглар пул, ўзимиз бир амаллармиз”, деди. Энди эса ўз харажатларимизни қисқартиш йўлларини излаяпмиз. Қурбон Ҳайитига ходимларга мукофот пули бермадик. Балки Мустақилликка ҳам бермасмиз”,- деди Тошкентдаги нуфузли ташкилотлардан бирининг мулозими.

Режага кўра, фильмларни ишлаб чиқариш харажатлари масъулларнинг ўзаро келишувига кўра белгиланиши лозим. Бироқ Озодлик суҳбатлашган мулозимларга кўра, Кинематография агентлиги уларга ҳомийлик суммаси кўрсатилган шартномаларни тақдим қилган.

Ташкилотнинг катта-кичиклигига қараб, 50 миллиондан 2 миллиард сўмгача ҳомийлик учун шартнома берилган.

Жумладан, “Дори-дармон” компаниясига 100 миллион сўмлик шартнома берилган.

“Биз кеча 50 миллион сўмни Кинематография агентлигининг “Ёшлик” студиясига ўтказиб бердик. Пулнинг қолган қисмини ҳам яқинда ўтказамиз”,- деди “Дори-дармон” компанияси мулозимларидан бири.

Ўнлаб ташкилотлар пул ўтказишга ваъда берган, бироқ пул йўқлиги учун шартномани бажара олмаяпти. Жумладан, “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва “Ўзагролизинг” АЖ мулозимлари ҳомийликни қачон амалга оширишлари номаълумлигини айтишди.

Айни пайтда айрим ташкилотлар молиявий аҳволи ночорлиги боис пул ўтказишдан бош тортган.

“Биз молиявий шароитимиз тўғри келмаслиги борасида хат чиқардик. Пулимиз йўқ, ҳомийлик қила олмаймиз”,- деди “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятининг исмини очиқламасликни сўраган мулозими.

Кинематография агентлигининг Озодлик 29 июль кун боғланган мулозими ҳомийлардан пул келмаётгани боис режадаги барча фильмлар Мустақиллик байрамига тайёр бўлмаслигини билдирди.

Мустақилликка бағишланган фильмлар борасидаги ҳужжат

Ҳукумат қарорига кўра, Ўзбекистоннинг сўнгги 5 йиллигини ўзига жамлаган жами 86 та бадиий, ҳужжатли фильмлар ва мультфилмлар яратилиши лозим. Бироқ Мустақиллик байрамига фақат 3та турдаги фильм тайёр бўлиши кутилмоқда.

“Адиблар хиёбони”даги 24та адибга бағишланган ҳужжатли фильмлар устида ишланмоқда. Кейин Амир Темурга бағишланган “Улуғ Амир” фильми ва “Янги Ўзбекистон” фильми тайёр бўлади. Лекин “Адиблар хиёбони”даги адиблардан фақат 20тасининг фильмини Мустақилликка якунлашимиз мумкин. Бошқа фильмлар йил охиригача якунланади. Ҳаммаси пул билан боғлиқ”,- деди Кинематография агентлигининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган мулозими.

Мустақиллик байрамига тугалланиши режаланган "Бизнинг диёримиз" рукнидаги анимацион фильмлар ҳам маблағ бўлмагани боис тўхтатилган.

“Ҳар бир вилоятга бағишланган жами 14та мультфилм ишлаш режаланган. Лойиҳа 2 миллиард 800 минг сўм. Ҳар бир вилоят 200 миллион сўмдан тушириб бериши керак. Ҳокимликлар билан шартнома тузилган, лекин пул тушмади”,-деди Кинематография агентлиги мулозими.

Мулозимга кўра, “Адиблар хиёбони”идаги адибларга бағишланган 24та фильмга жами 13 миллиард сўм сарфлаш режаланган бўлиб, бу маблағнинг 50 фоизи давлат бюджетидан, 50 фоизи эса Олий ва Ўрта таълим вазирлиги ҳомийлигида суратга олинмоқда.

Ҳукумат қарорида Ташқи ишлар вазирлигига жами 20га яқин фильмга ҳомийлик қилиш масъулияти юклатилган. Вазирлик бу вазифани бажарган ёки бажармагани Озодликка маълум эмас. (Вазирлик масъуллари билан боғланиш имкони бўлмади)

Манбаларга кўра, Мирзиёев даврини тараннум қилувчи туркум фильмлар яратиш ғояси Кинематография агентлиги бош директори, айни пайтда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (НАЭСМИ) раиси ҳамда қатор хусусий телеканал ва ахборот сайтлари эгаси, медиа-магнат Фирдавс Абдухолиқовга тегишли.

Абдухолиқов Ислом Каримов даврида унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова тадбирларининг етакчи ташкилотчиси ва тарғиботчиларидан бири сифатида танилган.

Каримова қамалиши билан ундан расман юз ўгирган ва ўзига қарашли матбуотда "Гулноранинг кирдикорлари"ни фош қилган Абдухолиқов¸ бир муддат танаффусдан сўнг Шавкат Мирзиëев ислоҳотларининг бош пропагандачисига айланди.

Кинематография агентлигига пул ўтказган вазирликлардан бирининг мулозими Абдухолиқов давлат идораларига мажбуран сотаëтган «Янги Ўзбекистон”га бағишланган фильмлар лойиҳаси доирасида очиқчасига манфаатлар тўқнашуви¸ қолаверса¸ давлат маблағларининг ўзлаштирилаëтганини иддао қилди.

Айни пайтда Россиянинг "Мастерская" киностудияси томонидан суратга олинаётган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга бағишланган хужжатли фильм ҳам Мустақиллик байрамига тайёр бўлиши кутилмоқда.

“Ўзбекистон: Энг янги тарих” номли ушбу фильм мамлакатнинг деярли барча вилоятларида суратга олинмоқда. Манбаларга кўра, мазкур фильм билан боғлиқ асосий харажатлар ҳам маҳаллий ташкилотлар зиммасига юклатилган.

Ҳукумат ҳужжатларида ҳам хорижлик ижодкорларнинг "кино лойиҳаларини мамлакат ҳудудларида тасвирга олиш ишларида яқиндан амалий ёрдам кўрсатиш” белгиланган.

XS
SM
MD
LG