Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:36

Юнусобод метро қурилишида 6 кишининг ўлими бўйича иш ёпилган. Жиноятлар текширилмади - манба


Ўтган йил декабрида Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида юз берган ер ўпирилиши оқибатида 6 киши нобуд бўлганди
Ўтган йил декабрида Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида юз берган ер ўпирилиши оқибатида 6 киши нобуд бўлганди

Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида 6 одам ўлимига сабаб бўлган ер ўпирилиши юзасидан очилган жиноят иши айбдорлик масаласи ҳал этилмасдан жорий йилнинг март ойидаёқ ёпилган. Бу ҳақда Газета.uz нашрига Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Икром Наримов билдирди.

Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида 2019 йил 18 декабрида ер ўпирилгани, бунинг оқибатида 6 одам нобуд бўлгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Ҳодисани текшириш учун тузилган махсус комиссия ер ўпирилишига хандак қиялик деворини мустахкамлаш ишлари жараёнида йўл қўйилган камчиликлар, лойиҳадан четланиш ҳолати мавжудлиги, ёғингарчилик сувлари ҳамда оқова қувурларидан сизиб чиққан сувнинг интенсив тупроққа шимилиши сабаб бўлгани ҳақида хулоса берган.

Махсус текшириш комиссияси қарори билан жабрланувчиларнинг қарамоғидаги шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 4 та оиланинг ҳар бирига 261 миллион 938 минг 888 сўмдан, жабрланувчи яна бир оилага 281 миллион 62 минг 782 сўм бир йўла тўланадиган бир марталик нафақа пуллари берилган.

Шунингдек, марҳумларнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахсларга ойма-ой тўланиши лозим бўлган пул маблағлари ҳисоб-китоб қилиниб, амалга ошириш учун иш берувчиларга тақдим этилган.

Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосари Икром Наримовга кўра, ҳодиса юзасидан юритилган дастлабки тергов давомида иш бўйича йиғилган материаллар ҳамда қурилиш ва давлат назоратини амалга ошириш бўйича тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда қурилиш-техник суд экспертизаси ўтказилгани ҳам қўшимча қилинган.

Экспертизаси хулосасига кўра, Юнусобод метроси бекатининг туннели ўнг томонининг темир-бетон конструкцияси қулаб тушганига туннелни очиқ усулда ковлашда техник хавфсизлик қоидаларининг бузилганлиги ва қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилганлиги сабаб бўлган. Бу масъул шахсларнинг жараённи етарлича назорат қилмаганлиги натижасида содир бўлган.

Масъул шахслар ўлароқ “Кўприк қурилиш инвест” УК 67 рақамли қурилиш отряди бошлиғининг ўринбосари Отабек Алимов, отряд иш юритувчиси Саидбек Бобожонов, отряднинг қурилиш бўйича устаси Салоҳиддин Ашуров, “Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси” иш юритиш бўлимининг қурилиш-монтаж ишлари бўйича бош инспектори Баходир Мухамадраҳимовларнинг исми келтирилган.

Икром Наримовнинг қайд этишича, Юнусобод метро линияси қурилишида рўй берган фожиа юзасидан ЖКнинг 257-моддаси 2- қисми “а” банди (Техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларини шу қоидаларга риоя этилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши одам ўлишига сабаб бўлса), 258-модда 2-қисми “а” банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу жиноятлар “катта жамоат хавфсизлигини келтириб чиқармайдиган” турига киради.

Аниқланган қоидабузарликлар эҳтиётсизлик оқибатида содир этилганлигини инобатга олган ҳолда юқорида қайд этилган шахслар ўзларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишни айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатишни сўраб мурожаат қилишган”, дейилган И. Наримовнинг Газета.uz нашрига йўллаган хатида.

Прокуратура мулозими қайдича, Меҳнат вазирлигининг махсус тузилган комиссияси хулосасига кўра, иш берувчи ҳалокатда вафот этганларнинг оила аъзоларига етказилган зарарни қоплаган. Таъкидланишича, оилалар томонидан эътирозлар мавжуд эмас.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарувининг юқоридаги ходимларга берган ижобий тавсифномасини инобатга олган ҳолда 2020 йил 18 март куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 84-моддаси 5-қисм 2-бандига асосан (ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса) жиноят иши тугатилди”, дейилган И. Наримов жавобида.

Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида ўтган йил декабрида рўй берган фожиадан сўнг Озодлик аниқлаган маълумотлар қурбонларнинг метро қурилишида ишлашга на малака ва на рухсатномаси бўлган вилоятдан келган мардикорлар эканини кўрсатган эди.

Шу йил августида Озодлик билан шахси очиқланмаслик шарти билан гаплашган Транспорт вазирлигига яқин мулозим вазир Элёр Ғаниевнинг ишдан кетишини унинг метро қурилишини тафтиш қилишни истагани билан боғлаган эди.

Манбага кўра, Э. Ғаниевнинг бу станцияларни фойдаланишга топширишни кечиктириш, метро қурилишидаги ниҳоятда катта ўғриликлар ва бунинг ортидан метро хавфсизлигидаги жиддий ноқисликлар юзасидан текширув ўтказиш режаси олий раҳбарият томонидан “яхши қабул қилинмаган”.

Бу станциялар Ғаниев вазир бўлгунга қадар қуриб битказилган. Унинг тепасида олдинги вазир – “Темир йўллари”нинг эгаси Раматов турибди. Ғаниевдан бу қурилишни топшириш сўралган. У президентга метро станцияларни топширишдан олдин қурилишни яхшилаб ревизия қилишга рухсат сўраган. Текшириш бошланганда қурилишдаги жуда катта ўғриликларни аниқлаган. Масалан¸ сметада ëзилган М800 супербетон ўрнига М400, ҳатто М300 ишлатилган. Метро қурилишида М800 дан паст марка цементни ишлатишнинг ўзи жиноят! Ғаниев бунақа метро эртага қулаб тушса, ўзи жавоб беришини билгани учун метрони топширишга қаршилик қилди. Ҳамма ишни Раматов қилиб, қоғозда Ғаниев ëзилса, жавобни қурган эмас, уни топширган беради-да! Шундан кейин президентга унинг устидан компромат ташлаш кучайди, “ҳеч кимни ишлашга қўймаяпти, қоғозбозликдан бошқа иш қилмаяпти” деб. Раматовнинг қўли баланд келганидан кейин Ғаниев 3 август куни ўзи кетиш ҳақида ариза ëзди”, дея иддао қилганди Озодлик манбаси.

Ўшанда Озодлик Транспорт вазирлиги ахборот хизмати мулозими билан боғланган. Мулозимдан Элëр Ғаниевнинг транспорт вазири лавозимидан олинишига оид тахминлар хусусида сўралганда у бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини айтиш билан чекланган.

XS
SM
MD
LG