Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:42

“Ўзтрансгаз” газнинг кўп қисмини “Ўзбекэнерго” еб қўяётганини айтди


"Ўзтрансгаз" бошқарма бошлиғи Эркабой Алиев
"Ўзтрансгаз" бошқарма бошлиғи Эркабой Алиев

Йил охирига келиб мамлакатнинг бир қанча вилоятларида автомобилларга метан гази қуйиш шохобчаларида бир неча километрлик навбатлар пайдо бўлгани, ҳайдовчилар 5-6 соатдан навбат кутаётгани оддий ҳолга айланди.

Озодликнинг 22 декабрь кунги мақоласида “Ўзтрансгаз” мулозими бу ҳолатни газ ишлаб чиқарувчи корхоналар етарли миқдорда газни етказиб беролмаётгани сабаб, қувурларда газ босими тушиб кетганлиги билан изоҳлаган эди.

29 декабрь куни “Ўзрансгаз” ҳиссадорлик компанияси бошқарма бошлиғи Эркабой Алиев, Газета.уз сайтига Ўзбекистон ички эҳтиёжи учун ишлаб чиқарилаётган газнинг асосий миқдорини электр қуввати ишлаб чиқариш мақсадида “Ўзбекэнерго” еб қўяётганини айтди.

Газета.уз га интервью берган Эркабой Алиевнинг айтишича, ҳаво совиб кетганлиги боис “Ўзбекэнерго”нинг газга талаби ҳам ортган:

“Ҳавонинг бирданига совиб кетиши натижасида республика аҳолиси кўпроқ электр энергияси истеъмол қила бошлади. Бизнинг асосий истеъмолчимиз “Ўзбекэнерго” ҳам лимитдан юқори газга талаби ошди. Агар режа бўйича биз ҳар куни “Ўзбекэнерго”га 51 миллион кубометр газ етказиб беришимиз керак бўлса, айни кунларда бу кўрсаткич 52-53 миллион кубометрни ташкил қилмоқда. Совуқ тушиши сабаб электр энергиясига талаб кучайгани ва табиий газ босими резервларини қисқариши ҳисобига Фарғона водийсига газ етказиб бериш сусайди”.

Асакадаги 22 декабрдаги ҳолат
Асакадаги 22 декабрдаги ҳолат

“Ўзтрансгаз” ҲКнинг ўзини таништирмаган мулозими бу ҳолатни 22 декабрь куни Озодликка шундай шарҳлаган эди:

"Сабаби газ босими паст. АГНКСларнинг ўз нормаси бор, улар трубадаги газни йиғиб олиб, босим билан беради. Ҳозирги газ босими паст бўлган ҳолатда, заправкалар ҳамма колонкаларини ҳам бирдай ишлата олмайди. Шунинг учун машиналар навбати кўпайиб кетмоқда. Ҳаво совиб кетгани учун газ истеъмоли ортиб боряпти, шунинг учун биринчи навбатда аҳоли газ билан таъминланяпти. Шўртандаги, Муборакдаги газ ишлаб чиқарувчи корхоналардан газ кам келяпти. Ҳозир бу муаммони бартараф этиш устида ишланмоқда".

Айни пайтда, водий вилоятларида автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларида узундан-узун навбатлар барҳам топгани йўқ.

Асакалик ҳайдовчи 29 декабрь куни тўрт соат навбатда туриб газ олганини Озодликка айтди:

“Саҳар келиб, тўрт соат кутиб энамни кўрдим. Даҳшатли навбат. Айтишларича. Янги йилдан кейин яхши бўлар экан”, деди ҳайдовчи.

Ўтган йилнинг январь ойида ҳам Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларининг шаҳар ва туманларида автомобилларга қуйиладиган метан газининг тақчиллиги юзага келган эди. Озодлик мобил мухбирлари юборган фото ва видеоларда автомобилларнинг бир неча километрлик навбатлари акс этган, ҳайдовчилар Озодликка 5-6 соатдан навбатда туришганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG