Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:59

Фермерларга ҳар гектар ери учун 40 килодан “темир солиғи” солинди


Ўзбекистон бўйлаб фермерлар зиммасига жорий йил биринчи чораги учун металлолом топшириш вазифаси юклатилди. Бу ҳақда Озодликка хабар қилган фермерларга кўра, улардан ҳар бир гектар ер учун 40 килограммдан темир-терсак топшириш ёки металлоломнинг ҳар килосига 250 сўмдан пул бериш талаб қилинмоқда.

Хоразмлик фермернинг айтишича, маҳаллий ҳокимият томонидан ўзига 25 гектар ер учун 1 тонна металлолом топшириш мажбуриятини юклатилган.

“Ҳар чоракда металлолом топшириш керак. Менинг ерим кўп бўлгани учун 1 тонна топширасан¸ дейди. Ҳар гектар ерга 40 килодан ёзишган. Ҳар йили совет давридан қолган эскирган, ишлатилмай ётган техникаларни бўлиб-бўлиб топшираётган эдим. Энди эски техника умуман қолмади. Бир ҳафта аввал ҳокимиятдаги мажлисда металолом топшириш яна ўртага чиқди. Кеча ҳокимиятдаги йигитлар билан гаплашгандим. Темир топмасанг, пулини тўла деди. Лекин ҳали пули қанча эканлигини келишмадик”, дейди хоразмлик фермер.

Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи фермер эса¸ ҳокимият топшириғи билан¸ йилига 400 килограмм металлолом топширишга мажбурлигини айтади.

“Ҳар чоракка 100 килодан топширишим лозим. Бир йиллик солиқ 400 кило металлолом. Темир топа олмасангиз, пулини бериш мумкин. Ҳокимиятдаги металлолом учун масъул йигитларга 1 килосига 250 сўмдан қўлига берасиз. Кейин улар “металлолом топширди” деб расмийлаштириб қўйишади. Билмадим¸ шу пулга ўзлари металлолом сотиб олишса керак”, дейди фермер йигит.

Унинг айтишича, металлолом топшириш режасини бажармаганларга¸ одатда¸ ерини тортиб олиш билан таҳдид қилинади.

“Чақириб, ҳоким ерингни оламан деб қўрқитади. “Бошқа бирор айбингни топиб ерингни олиб қўяман” дейди. Топширмасангиз¸ ҳокимиятга чақириб тўполон қилишади. Турли хил айбларни топиб қўрқитишади. Шунинг учун бош оғриғи кўп бўлмасин деб, пулини бериб қутуламиз”, дейди янгийўллик фермер.

Озодлик суҳбатлашган Қорақалпоғистон, Жиззах ва Сурхондарёдаги бошқа фермерлар ҳам “металлолом солиғи” билан боғлиқ вазият ўз ҳудудларида ҳам айни эканини айтишди.

Ўзбекистонда Наврўз муносабати билан 21 март расмий байрам куни бўлгани боис маҳаллий ҳокимликлардан металлолом билан боғлиқ саволларга жавоб олиш имкони бўлмади.

Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ айни кунларда нафақат фермерлар¸ балки мамлакатдаги бошқа кўплаб ташкилот ходимларидан ҳам металлолом топшириш ёки пулини бериш талаб қилинмоқда.

Озодликнинг Facebookдаги фолловерларидан бири @Ikbol_Kuldashev ишчи-хизматчилардан металлолом талаб қилиш мунтазам кўриниш касб қилгани ҳақида ёзди.

Металлолом ҳар йили мажбур қилинадиган ҳолатку. Халқ ва ишчилар бунга ўрганиб қолган. Буни ҳатто Мирзиёев ҳам бекор қилолмаса керак. Пахта билан металлолом ўзбеклар учун одатий эксплуатация¸ холос”, дейилади унинг Озодлик Facebook саҳифасида қолдирган шарҳида.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарорини бажариш масъулияти, асосан, фермерлар, мактаб-коллежлар ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига юкланган.

Кейинги пайтларда ҳатто боғчаларга қатнайдиган болаларнинг ота-оналарига ҳам металлолом солиғи солинмоқда.

XS
SM
MD
LG