Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:46

“Мени менсиз эмлашибди”. Мажбурий эмлаш Қозоғистонда қўшиб ёзишга йўл очмоқдами?


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистонда ҳукумат ширкат ва ташкилотлардан эмланмаган ходимларни ишхонага киритмасликни талаб қилмоқда. Бу талаб фирибгарлик ва сохтакорликка йўл очди: айримлар ишсиз қолишдан қўрқиб эмланганлик ҳужжатини сотиб олмоқда, бошқа томондан эса, эмланганлар сонини ошириб кўрсатиш ҳоллари бўй кўрсатяпти...

Олмаоталик Анор Қорабоевага вакцинанинг биринчи дозасини икки марта “уришди”, биринчи мартасида – фақат қоғозда. Мулозимлар маълумотлар базага “янглиш киритилган”ини баҳона қилишаётган бўлса, Анорнинг ўзи юқорининг босими остида тиббиёт муассасалари қўшиб ёзишни бошлаган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

“МЕНИНГ НОМИМГА АНКЕТА ТЎЛДИРИШИБДИ”

Анор Қорабоева талаба қизи билан бирга эмлатмоқчи бўлганди. 28 июнь куни улар 3-сонли поликлиникага қарашли эмлаш марказига боришган. Анорнинг ўзи Олатов туманидаги 29-сонли поликлиникага бириктирилган, лекин ишхонасига яқин бўлгани учун шу марказни танлаган – қонунда бунга рухсат бор.

“Қизим ёлғиз қўрқмасин деб, мен ҳам ўзимни эмлатишга қарор қилдим. “Спутник V” билан эмлашди, ҳаммаси яхши ўтди. Икки соатлардан сўнг эмлаш марказидан қўнғироқ қилиб чақиришди. Бордим. “22 июнь куни эмланган экансиз, нега айтмадингиз? Анкетангиз тўлдирилган, базада бор экансиз, шундай бўлатуриб иккинчи марта вакцина олибсиз”, деб гина қилишди. Ҳанг-манг бўлиб қолдим. 22-куни эмлатиш тугул уйдан ташқарига чиқмаганимни айтдим. Кўрсатишди: ростдан ҳам анкетада менга доир маълумотлар ёзилган, фақат телефон рақами билан имзо бегонаники эди. Шифокор фамилияси ёзилган, 7-сонли поликлиника кўрсатилганди. Бу поликлиника қаердалигини ҳам билмайман, шу боис мени қандай қилиб бу поликлиникага бириктириб қўйишганига ақлим етмади”, деб ҳикоя қилади Анор.

У “Damumed” тиббий ахборот тизимидаги маълумот ёлғонлигини, вакцинанинг илк дозасини 22 июнь куни олмаганини кўрсатиб тушунтириш хати ёзиб беради.

“Мени “ўзингиз ҳал қилинг”, деб жўнатишди. Нега мен ҳал қилишим керак? Эмлаш марказидаги врачларга ҳам эътирозим бор: мен анкета тўлдираётганимда маълумотларим аллақачон базадалигини нега айтишмаган? Нега эмланганимдан икки соат ўтиб айтишяпти? Хатога алоқадор врач телефон қилиб узр сўради. Иккитагина рақамда адашибман, деди. Ҳа, мен уни кечирдим, лекин бу хатолик эмасди, чунки анкетага шахсий идентификация маълумотларим тўлиқ киритилганди”, дейди Анор.

“ЧАРЧОҚ” ТУФАЙЛИ ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН ХАТОЛИК

Олмаота жамоат соғлиғи бошқармасида “Озодлик”нинг қозоқ хизматига ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилиб “эмлаш жараёнини “Damumed” ахборот тизимида рўйхатга олиш чоғида ШИР (шахсий идентификация рақами) нотўғри киритилгани, шу муносабат билан 2021.28.06 санасида ушбу ёзувни ўчириш ҳақида РЭТМга хат юборилган”ини маълум қилишди.

Вазиятни 7-сонли поликлиника бош врачи Ойгул Асен шундай изоҳлайди:

“Эмлашдан олдин шундай тартиб мавжуд: одам эмлаш марказига келади, ШИР ва уяли телефон рақамини кўрсатади. Ҳамшира бу маълумотларни ахборот тизимига киритиши керак. Мазкур ҳолатда ҳамшира иккита рақамни янглиш ёзган. Воқеа 22 июнь куни бўлганди. Фамилия, исм, ота исмига ҳеч ким эътибор бермапти. 28 июнь куни Анор Қорабоева мурожаат қилганида, унинг маълумотлари аллақачон базага киритилгани аён бўлади. Яъни, хатолик 22-куни юз берган‑у 28-куни аниқланган. Бу техник хатолик эди. Ўша куни 100 кишини эмлаганмиз, ҳамма чарчаган экан шекилли. Бироқ хатога йўл қўйгани учун ҳамширани жазоладик, ўринбосарим ишдан бўшатилди”, дея маълум қилади Ойгул Асен.

Аммо кейинроқ яна шу жамоат соғлиғи бошқармасида изоҳга аниқлик киритишиб, ҳеч ким бўшатилмаганини, “ҳамшира ва ўринбосар интизомий жазога тортилган”ини (ҳайфсан берилган) билдиришди ва тиббиёт ходимлари эмлаш кампанияси бошланган февраль ойидан бери дам олмасдан ишлашаётганини ва бунақа шароитда инсон омили туфайли хатолар бўлиб туриши мумкинлигини таъкидлашди.

“ТЕПАДАН БОСИМ ҚИЛИШАДИ – МАНА НАТИЖА”

Жамоатчилик фаоли, шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Каиргали Конеев бу каби хатоликлар тасодиф эмаслигини, балки, катта эҳтимол билан, оддий ходимларга “юқоридан бўлаётган” босим натижаси эканини айтади.

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги акиматларга босим қилади, акиматлар –соғлиқни сақлаш бошқармаларига, улар эса ўз навбатида поликлиникаларга. Поликлиникалар бош врачлари тиббиёт ҳамшираларини сиқувга олади, бечора ҳамширалар эса халқ эмланишга келмаётган бўлса ҳам иш натижадорлигини ошириб кўрсатиш учун қўшиб ёзиш билан шуғулланаётган бўлиши мумкин. Бу ҳолат тизимли тус олган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо бу воқеани ваколатли идоралар, масалан полиция ўрганиши лозим. Бу оддий хатолик эканига шубҳам бор”, мулоҳаза қилади Конеев.

Фаол “мазкур ҳолат асосида бутун ҳудудни текшириш лозим”лигини айтади.

“Агар бу ягона ҳолат бўлмаса, тагини суриштириш керак: ҳамшира кимдандир кўрсатма олган ва шу тариқа вакциналарни ҳисобдан чиқаришяпти. Ҳукуматнинг йил охиригача 10 млн кишини эмлаш режаси – амалга ошмайдиган режа. Ҳозирда атиги 2 млн киши тўлиқ эмланди. Маъмурий ресурслар ишга солинган тақдирда ҳам кўпи билан яна икки-уч млн киши қўшилиши мумкин. Шу манзарада, ҳукуматнинг зарур натижага эришишга интилиши мана шунақа оқибатларни келтириб чиқаряпти. Соғлиқни сақлаш бошқармаларининг рейтинги борлигини биламан, поликлиникалар ўртасида ҳам норасмий рейтинг мавжуд. Қўшиб ёзиш аввало ана шу, рейтинги паст муассасалардан чиқади”, деб тахмин қилади Конеев.

Мамлакат ҳукумати коронавирусга қарши вакцинацияни кўплаб ишлайдиган қозоғистонликлар учун де-факто мажбурий амалга айлантирди. 1 июль куни республика бош санитар врачи чиқарган қарорга кўра, хизмат кўрсатиш соҳасида банд ходимлар эмланиши лозим.

Рўйхат жуда узун: савдо шохобчаларидан тортиб, банклар ва почта бўлинмалари, адвокатура ва нотариал идоралар, фитнес-марказлар ҳамда гўзаллик салонларигача – барча муассасалар ўз ходимларининг ковидга қарши эмланишини назорат қилиши керак. Эмланмаганлар ҳафтада бир марта ўз пулига тест топширади: натижа манфий чиқсагина у ишхонасига киритилиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эмланмаган ишчи-ходимларни иш жойларига киритган корхоналар раҳбарлари учун жарималар миқдорини аллақачон белгилаган (34 дан 3 400 долларгача). Жойлардаги санитария маъмурлари 15 июлдан сўнг текширувлар ўтказиш ва ходимлари эмланмаган муассасалар фаолиятини тўхатиб қўйиш билан пўписа қилишмоқда.

Айрим юристлар ва фаоллар эмлашни талаб қилиш қонунчиликка хилоф эканини айтиб, мажбурлаш кампанияси ҳужжатлар қалбакилаштирилишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Бу орада “қора бозор” аллақачон ишга тушган: интернетда вакцинация паспортлари, эмлашга рухсат этилмайдиган касаллик қайд этилган тиббий маълумотнома каби ҳужжатлар сотилиши ҳақида кўплаб эълонларни кўриш мумкин. Ички ишлар вазирлиги эса ковидга қарши тест натижалари ҳамда вакцинация паспортлари сохталаштирилиши ҳоллари бўйича ўнлаб жиноят ишлари очилганини маълум қилди.

Анор Қорабоева икки ҳафтадан сўнг вакцинанинг иккинчи дозасини олиши керак. У юз берган воқеадан сўнг маҳаллий соғлиқни сақлаш идораларига ишончи қолмаганини, шунга қарамай охиригача эмланмоқчи эканини айтади.

“Очиқча алдашганидан жуда хафаман. Ҳолбуки, айримлар эмлашдан бўйин товлаётганида ва бошқалар 15 минг тангага вакцинация паспортини сотиб олаётганида мен кўнгилли бўлиб боргандим. Иккинчи дозани ҳам оламан, албатта. Лекин менда ишонч йўқ энди”, дейди Анор.

XS
SM
MD
LG