Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:04

“Майда безорилик”да айбланган профессор Аллақулов "туҳмат" айби билан жазога тортилди


Хидирназар Аллақулов Юнусобод туман маъмурий судидаги мажлисдан сўнг, 4 май, 2021
Хидирназар Аллақулов Юнусобод туман маъмурий судидаги мажлисдан сўнг, 4 май, 2021

4 май куни Тошкентнинг Юнусобод туман маъмурий суди ‌янги‌ ‌таъсис‌ ‌этилган‌ ‌“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ ‌етакчиси Хидирназар ‌ Аллақуловни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш) ‌ ‌бўйича айбдор деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 20 баробари миқдорида жаримага ҳукм қилди.

Аллақуловнинг айтишича, ушбу модда бўйича айблов унинг ўзи учун янгилик бўлган. Аввалроқ “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ ‌етакчисига нисбатан Маъмурий кодекснинг бошқа - 183-моддаси (Майда безорилик) билан айблов эълон қилинганди.

Аллақуловга қарши даъво аризаси судга шу йилнинг 31 март куни ўз уйи йўлагида унга босқин уюштирган шахслар томонидан киритилган.

Айни пайтда янги таъсис этилган партия учун турли вилоятларда имзо тўплаган фаоллар ўзларига нисбатан босим давом этаётганини даъво қилмоқда. Наманган вилоятидаги бир фаол, у рўйхатини берган 20 кишининг ҳаммаси, ИИВ гувоҳлигида имзосидан воз кечганини маълум қилди.

Термиз университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси таъсис қурултойи шу йилнинг 8 мартида бўлган. Унда профессор Аллақулов партия раиси этиб сайланган.

Республика бўйлаб партия аъзолари, қўлловчилар имзосини йиғишда давом этмоқда. Фаоллардан бири Муҳаммадамин Эрматовга кўра, ҳозиргача 25 - 28 минг атрофида имзо йиғилиб, Адлия вазирлигига топширилган.

Ёпиқ суд

Тошкент шаҳар Юнусобод туман маъмурий ишлар бўйича суди 4 май куни “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ ‌етакчиси, профессор‌ ‌Хидирназар‌ ‌Аллақулов‌ устидан киритилган шикоятни кўриб чиқди.

Судда эса унга нисбатан, аввал айтилгани каби "майда безорилик" эмас, балки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси билан "туҳмат" айби қўйилган, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари ҳажмида жарима солинган:

"Суд жараёни якунланди. Бу олдиндан келишилган суд. Буни ҳаммангиз билиб турибсиз. Барча юқори идоралар, амалдорлар топшириғи асосида босқинни ташкил этиб, бугун мен Маъмурий жавобгарлик кодексининг 40-моддаси билан ҳуқуқбузарликда айбландим. Яъни, менинг уйимга уюштирилган босқин видеосини эълон қилганим, ҳуқуқбузарлик, деб топилди. Агар ўша куни фарзандларим томонидан жараён видеога олинмаганида эди, босқин қилиб келган 20-30 нафарнинг ҳаммаси менинг устимдан шикоят қилиб, мени жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилган бўларди".

Аллақулов уйи йўлагида босқинга учради - ундан партия ижарага олган идорани бўшатиб қўйиш сўралди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:36 0:00

Аллақулов шу йилнинг 31 март куни унга ўз уйи йўлагида босқин уюштирганларнинг аризаси билан судланди. Бунга қадар унга “майда безорилик” айби қўйилганди.

Аллақуловнинг маълум қилишича, суд мажлисидан унга бир неча соат қолганда расман хабардор қилинган ва суд ишига оид материал билан танишиш имкони берилмаган.

“2 соат қолганда участка нозири келиб, судга чақириқ қоғозини берди. Лекин, суд материаллари билан танишиш имконини бермади. Талаб қилганимда, “иш билан таништирмайман” деб қоғоз ёзиб берди”, дейди Аллақулов тармоқдаги саҳифаси орқали ёйинланган жонли видеода.

Профессорнинг сафдошларига кўра, суд мажлисига боришганида, унинг ёпиқ бўлишидан хабар топишган.

“Суд ёпиқ, деб фақат домлани ичкарига олиб киришди. Лекин биз у кишининг ёлғиз олиб киришганидан хавотирдамиз. Талаб қилдик, суд биноси ҳовлисига кирдик. Лекин мажлис ёпиқ, деб бизни бинога киритишмади”, деди партия аъзоларидан бири.

Аллақулов шу йилнинг 31 март оқшомида бир гуруҳ одам томонидан ўз уйи йўлагида босқинга учраган эди.

Гуруҳга бошчилик қилган бир неча шахс, профессордан сиёсий фаолиятни тўхтатиш ҳамда партия учун Юнусобод тумани, 17 - мавзеда ижарага олинган идорани бўшатиб қўйишни талаб қилган.

Воқеанинг эртасига Аллақулов босқинчилардан шикоят қилиб, ариза киритганди. Аммо маълум бўлишича, босқин уюштирган шахслар ҳам унга қарши ариза киритган.

Натижада, уларнинг аризаси инобатга олиниб, Аллақуловга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси, яъни “майда безорилик” бўйича айблов эълон қилинди.

Имзолар қайтариб олинмоқда

‌“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌социал-демократик партияси‌га ўз ихтиёри билан аъзо бўлганини билдирган наманганлик уста Абдуқодир Жабборов имзо йиғиш ҳаракатини тўхтатганини маълум қилди.

Жабборовга кўра, у аксари ўз қариндош ва яқинларидан иборат 20 кишининг имзосини йиғиб, партия котибиятига йўллаган.

Бу имзолар Адлия вазирлигига 7 апрелда топширилганидан сўнг эса, имзо қўйганлар бирма-бир ИИВ органларига чақирилган.

“Сизлар ноқонуний ташкилотга имзо қўйгансизлар, деб уларга нотўғри тушунча беришди ИИБда. Кейин 20 кишининг ҳаммаси имзосидан воз кечди. Биттасидан менга қарши ариза ҳам ёздириб олишди. У одам: “Савобгарчилик учун имзо қўйинг, деганига қўйиб бердим. Ноқонуний ташкилот эканини билмабман”, деди ўзимнинг олдимда. Мени ҳам қайта-қайта чақираверишганидан кейин, мен имзо йиғишни тўхтатдим, деб ИИБга тилхат ёзиб бердим”.

Жабборов, янги партияга имзо йиғиш унинг ўзи учун хавфли ва муаммоли бўла бошлади, деган хулосага келгани ва шу боис, имзо йиғишни тўхтатишга мажбур бўлганини айтади.

Шу йилнинг 13 апрелида Наманганда 24 яшар талаба Абдураҳмон Икромов ушбу партияга имзоларни алдаб йиққани иддао қилинган ва бунинг учун маҳалладошлари сазойи қилаётгани акс этган видео тарқалганди.

Икромов, Озодлик билан қисқа мулоқотда маҳалладошларини алдаб имзо йиққанига оид айбловларни тўлиқ рад этди, аммо босим остида шундай кўрсатма бериб, кечирим сўрашга мажбурланганини айтганди.

25 мингдан ортиқ имзо йиғилган

Партия фаоли Муҳаммадамин Эрматовга кўра, шу кунга қадар 25 мингдан 28 мингга қадар кишининг имзоси йиғилган.

Партия фаоллари шу йилнинг 7 апрелида Адлия вазирлигига, расман рўйхатга олишини сўраб, ҳужжат топширган эди.

Белгиланган қонунчиликка биноан, вазирлик 1 ой ичида ҳужжат ва йиғилган имзоларни текшириб, расман жавоб бериши лозим.

“7 майда расман жавоб берилса керак. Лекин, ҳужжат топширилганидан бери, имзо қўйганларга босим бўляпти, ИИВ га суҳбатга чақирилаётгани ҳақида хабарлар келяпти. Вазирлик имзоларни сохта ёки ҳақиқийлигини текшириб, натижасини айтиши керак. Кутяпмиз”, дейди Эрматов.

7 апрель куни “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясининг бир гуруҳ фаолари Адлия вазирлигига рўйхатдан ўтиш учун зарур бўлган имзоларни топшириш учун боришган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Хидирназар Аллақулов вазирлик вакилига 20 мингга яқин имзо тўплаб келганини айтар экан "амалда шундай имзолар асосида бирор бир партия йўқ Ўзбекистонда, шундай имзо тўпланганини исботлаб бера оласизми?", дейди.

5 апрель куни Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақиллик тарихида президент сайловларида иштирок этган ягона мухолифат партияси- "Эрк" октябрь ойидаги сайловларда президентликка номзодини илгари суриш режасини эълон қилди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга мухолифат партияларини рўйхатдан ўтказиш кирадими, йўқми, маълум эмас.

Айни пайтда мамлакатда оддий ишчилардан тортиб давлат хизматчиларигача 2016 йилги президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурган “ЎзЛиДеП”га аъзо бўлишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Мирзиёевнинг яна ушбу партиядан номзоди илгари сурилиши тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

ОЗОДЛИК ФИЛЬМИ: Мирзиёевга мухолиф профессор
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:09 0:00

XS
SM
MD
LG