Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:44

"Раҳбариятдаги асабийликдан дарак". Eurasianet Мирзиёев администрациясидаги ўзгаришлар ҳақида


“Саида Мирзиёеванинг Президент ёрдамчиси этиб тайинлангани Шавкат Мирзиёев анча заиф ҳолатда қолаётгани, оиласига таянаётгани ўзини мутлақ фидойи ва содиқ одамлар билан ўраб олишдан бошқа иложи йўқлигини кўрсатади”
“Саида Мирзиёеванинг Президент ёрдамчиси этиб тайинлангани Шавкат Мирзиёев анча заиф ҳолатда қолаётгани, оиласига таянаётгани ўзини мутлақ фидойи ва содиқ одамлар билан ўраб олишдан бошқа иложи йўқлигини кўрсатади”

Президент Шавкат Мирзиёев учинчи муддатга қайта сайланганидан икки ой ҳам ўтмай, ҳокимиятдаги назоратини мустаҳкамлаш учун ўз маъмурияти таркиби ва тузилишини сезиларли даражада ўзгартирди, деб ёзди Eurasianet нашри Ўзбекистон Президенти администрациясидаги охирги кадрлар ўзгариши ҳақида.

Президент администрациясидаги ўзгаришлар, одатда, жамоатчилик назоратидан ташқарида содир бўлади. Охирги ўзгаришлар август ойи сўнгги кунларида эълон қилинди. Мирзиёевнинг матбуот котиби ўзининг Telegram каналида тайинловлар рўйхатини эълон қилди, бироқ ҳеч қандай тафсилот бермади.

Асосий ўзгаришлардан бири ҳокимият иерархиясидаги президентдан кейин энг қудратли шахс бўлган Администрация раҳбари лавозимининг бекор қилингани бўлди.

Ўтган йил июль ойида Қорақалпоғистонда қонли тартибсизликлар рўй берганидан кўп ўтмай, лавозимидан четлатилган Зайнилобиддин Низомиддинов ўрнига собиқ ташқи савдо вазири ва бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов тайинланганида, кўпчиликка бу унинг келгусидаги ўсиши белгиси сифатида кўринган эди.

Ғарбда таҳсил олган 45 ёшли Умурзоқов Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича музокараларга ҳам раҳбарлик қилган.

Умурзоқов администрацияга раҳбар бўлгач, ҳудудларда вакиллари фаолиятини ташкил қилди, “тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиб, жойлардаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда тезкор чора-тадбирлар кўрилгани” унинг раҳбарлигида амалга оширилган янгиликлардан бири эди.

Низомиддиновдан фарқли ўлароқ, Умурзоқов омма эътиборидан қочмасди. У мунтазам равишда юқори даражадаги ҳукумат йиғилишларини ўтказар ва уларда кўпинча президент вазифаларини амалда бажарувчи сифатида ишларди.

Ўтган йил сентябрида сиздирилган аудиоёзувда у Мирзиёев номидан бир неча вилоят раҳбарларини жазолагани ва ишдан бўшатганини эълон қилгани эшитилган. Декабрь ойида, энергетика инқирози авжига чиққан ва аҳоли норозилигига сабаб бўлган пайтда, Умурзоқов соҳага масъул амалдорларни жиноий жавобгарлик билан қўрқитиб, матбуотда тилга тушди.

Аммо бу узоқ давом этмади, Умурзоқовга эшикни кўрсатиб қўйишди.

“[Кадрлар ва тузилмавий ўзгаришлар] катта эҳтимол билан Мирзиёевнинг фикрича, вазифалар бажарилмаётгани, маъмурият ишламаётгани... ёки у хоҳлаган даражада самарали эмаслиги билан боғлиқ. Катта эҳтимол билан бу Сардор Умурзоқов шахси билан ҳам боғлиқ бўлган. Ўйлашимча, Мирзиёев кадрларни алмаштиришдан бошқа йўл тополмаган”, дейди Карнеги Россия Евроосиё маркази ходими Темур Умаров Eurasianet нашрига.

“Бу шунчаки кадрлар алмашинуви эмас, балки маъмуриятда тузилмавий ўзгаришлар ҳам бўлди, мақсад бу ерда бирорта ҳам [шахс] бунчалик катта кучга, бунчалик ваколат ва таъсирга эга бўлмасин”, дея қўшимча қилади Умаров.

Манбалар: Сардор Умурзоқов президент администрацияси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:03 0:00

Янги тузилмада барча маслаҳатчилар ва ёрдамчилар тўғридан-тўғри президентга бўйсунади, Уларни боғлаб турувчи администрация раҳбари бўлмайди.

Умурзоқов президентнинг янги ташкил этилган махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди, бироқ унинг вазифалари аниқ кўрсатилмаган.

Умурзоқов жамоасининг бир қисми администрацияни бутунлай тарк этишга мажбур бўлди. Унинг ўринбосари Суннатилла Бекенов ишдан бўшатилди, унинг ҳудудлардаги ёрдамчилари ишини мувофиқлаштирувчи гуруҳ тарқатиб юборилди.

Бу ўзгаришлардан сўнг Умурзоқов Мирзиёев қатнашган тадбирларда кўрингани йўқ. Илгари у президентга деярли ҳамма жойда ҳамроҳлик қилган. Яқинда, шу ҳафта бошида у Президент маъмуриятида кичик бизнес муаммоларини ҳал қилишга қаратилган навбатдаги форум – Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат кенгашини тарк этди.

Умурзоқовга эшик кўрсатиб қўйилган бўлса, Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида кўтарилди.

У отасининг ёрдамчиси этиб тайинланди, бу эса уни маъмуриятдаги энг муҳим одамлардан бирига айлантирди. Бу эса Мирзиёева отасининг ўрнини эгаллаши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни урчитди.

Мирзиёева мансаб поғоналаридан жуда тез кўтарилди. Ҳаммаси 2019 йилда, у Президент администрацияси ҳузуридаги оммавий ахборот воситаларини тартибга солувчи орган – Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари ўринбосари этиб тайинланганидан сўнг бошланди.

Мирзиёева ноябрь ойидан буён Президент администрациясининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати департаменти мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.

“Саида Мирзиёеванинг Президент ёрдамчиси этиб тайинлангани Шавкат Мирзиёев анча заиф ҳолатда қолаётгани, оиласига таянаётгани ўзини мутлақ фидойи ва содиқ одамлар билан ўраб олишдан бошқа иложи йўқлигини кўрсатади. Оила хиёнат қилмайди, унинг ғоялари ва манфаатларига қарши чиқмайди”, дейди Умаров.

Умурзоқов жамоатчилик эътиборидан қочмаган бўлса, Мирзиёева бундан завқ олади. Унинг гендер ҳуқуқлари, таълим ёки эркин матбуотнинг аҳамияти ҳақидаги баёнотлари мунтазам равишда сарлавҳаларга чиқади.

Унинг янги иши аниқ нимадан иборатлиги ҳозирча номаълум. Умаров Мирзиёеванинг Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги обрўсини ошириш ташаббусини эслатиб, ишлар аввалгидек давом этиши мумкинлигини айтади.

“Сўнгги ўзгаришлар Президент администрацияси ичида ҳам, у ва ҳукумат ўртасидаги ҳокимият учун кураш белгиси бўлиши мумкин”, дейди тошкентлик сиёсатшунос Сардор Салим Eurasianet нашрига.

Саида давлатда президентдан кейинги иккинчи одамга айланмоқда - манбалар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:51:44 0:00

Ушбу қайта ташкил этиш билан боғлиқ саволлардан бири, айниқса, илгари администрация раҳбари ўйнаган ролни ҳисобга олсак, ушбу идоранинг қанчалик таъсирини сақлаб қолишидир.

"Аввалги шакл билан солиштирганда, қайта қуриш администрация таъсирини заифлаштиради, аммо бу унинг йўқолишини англатмайди", дейди Сардор Салим.

АҚШ сенати Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон учун Жексон-Веник қонунини бекор қилади

Америкалик икки сенаторнинг таъкидлашича, Жексон-Веник қонунининг «эскирган» чекловларидан воз кечиш ва АҚШнинг Марказий Осиё билан муносабатлар «қайта кўриб чиқиш» вақти келган.

Бу ҳақда The Diplomat нашри мақола эълон қилди.

Сенаторлар Крис Мёрфи (демократ) ва Тодд Янг (республикачи) 7 сентябрь куни Жексон-Веник қонунини Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон учун бекор қилиш ва Марказий Осиёнинг учта давлати ўртасида доимий нормал савдо алоқаларини (ПНТР) ўрнатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди.

Агар қонун лойиҳаси маъқулланса, АҚШ Конгресси Марказий Осиё давлатларининг Украинадаги уруш натижасида кўрган зарарини юмшатиши мумкин. Москванинг минтақадаги таъсири бироз камайган ва бир вақтнинг ўзида Хитой Марказий Осиёга кўпроқ кириб бораётган бир пайтда, Жексон-Веник қонунининг бекор қилиниши АҚШнинг Марказий Осиёга хайрихоҳлига ишорадир.

1974 йилда АҚШда Савдо тўғрисидаги қонунга Жексон-Веник ўзгартириши киритилади. Унга кўра, СССРни тарк этишга интилаётган совет яҳудийларига нисбатан чекловлар туфайли Қўшма Штатлар Совет Иттифоқи давлатлари билан нормал савдо алоқаларини ўрнатишни тақиқлайди. 1991 йилда Совет иттифоқи парчаланса ҳамки, Жексон Веник қонуни амалда ҳозиргача сақланиб қолди.

“Қандай ҳукуматга эга бўлиш-ўзбек халқининг иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00

Йиллар давомида кўплаб мамлакатларга шартли нормал савдо алоқалари имконияти берилди. Бир қатор давлатлар, жумладан, 1998 йилда Қирғизистон, 2012 йилда эса Россия эмиграцияни асоссиз чекламаганликларини исботлаганидан сўнг, АҚШ билан савдо алоқаларида баъзи тўсиқлар олиб ташланди.

Марказий Осиёнинг қолган давлатлари - Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон учун чекловлар сақланиб қолди.

Вашингтон Россияга қўшни давлатлар билан ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий муносабатларни мустаҳкамлаш йўлларини қидирар экан, Жексон-Веник қонуни бекор қилиш масаласи кўтарилди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг февраль ойида Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафаридан кейин АҚШ сенати Ташқи алоқалар қўмитасининг Яқин Шарқ, Жанубий ва Марказий Осиё бўлими ҳамда терроризмга қарши кураш бўйича қуйи қўмитаси йиғилиб, Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу ва энергия ресурслари бўйича ёрдамчиси Жефри Пяттнинг ҳисоботини тинглади.

Қуйи қўмита раиси Мёрфи Лунинг Байден маъмурияти Жексон-Веник қонунини Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга нисбатан бекор қилинишини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Лунинг айтишича, Жексон-Веник масаласи Блинкеннинг Марказий Осиё лидерлари билан ўтган ҳар бир учрашувида кўтарилган. «Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ишонч туйғусига ҳақиқий путур етказмоқда», деди у.

Мёрфи Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон Қўшма Штатлар билан янада яқин бўлиш учун “инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликлар борасида кўпроқ иш қилиши кераклигини таъкидлади. Учала мамлакатга PNTR мақомини бериш «Қўшма Штатларга ушбу масалаларни ҳал қилиш учун кўпроқ имконият беради», дейди сенатор.

Мёрфининг таъкидлашича Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга PNTR мақомини бериш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қабул қилиш орқали АҚШ минтақадаги стратегик ва иқтисодий манфаатларини илгари суриш имконига эга бўлади.

Жексон-Веникнинг АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо муносабатларига амалда ҳақиқий таъсири йўқ, чунки мамлакатлар билан узоқ вақтдан бери шартли нормал савдо алоқалари ўрнатилган. Баъзилар бу инвесторларда ишончсизлик келтириб чиқаришини айтади. Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардаги турли яҳудий ташкилотлари Жексон-Веникни бекор қилишга чақирган бўлса-да, амалда ҳеч нарса қилинмади. Қонун сақланиб қолинди.

Евроосиё яҳудийларини қўллаб-қувватловчи миллий коалиция (NCSEJ) бош директори Марк Б. Левин ўз ташкилоти Мёрфи ва Янг томонидан киритилган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини қайд этди.

“Ҳар учала давлат ҳам, яҳудий фуқароларни кўчишига қўйилган чекловларни олиб ташлади ва Жексон-Веник шартларини бажарди. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши дунёнинг тобора муҳим бўлиб бораётган қисмида Қўшма Штатлар ва минтақа давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди.
Сенатор Мёрфи қонун лойиҳасини қуйидагича изоҳлади.

«Россия ва Хитойнинг Марказий Осиёга таъсири пасаётган бир пайтда, минтақа билан Совуқ уруш давридан қолган муносабатларимизни қайта белгилаш учун яхши имконият пайдо бўлди. Бу қонун бизнинг иқтисодий манфаатларимизни илгари суриб, Қўшма Штатларнинг Марказий Осиё билан муносабатларини ХХI асрга олиб киришга содиқ эканлиги ҳақида аниқ сигнал беради».

Янг ҳам бу борада ўз фикрини билдирди

«Бизнинг қонун лойиҳамиз Марказий Осиёдаги муҳим давлатлар билан икки томонлама ва минтақавий муносабатларимизни чуқурлаштиради. Биз минтақадаги муҳим ресурслардан фойдаланиш ва минтақада фаровонликни ошириш йўлини таъминлашга интилаётган бир пайтда бу айниқса аҳамиятли». Ушбу қонун лойиҳаси савдо алоқаларини мустаҳкамлайди, халқаро бозорга киришни кенгайтиради ҳамда минтақанинг Хитой ва Россиянинг зарарли таъсирига қарши тура олиш имкониятини оширади.
Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон учун Жексон-Веник қонунини бекор қилиш Қўшма Штатларга ҳеч қандай харажат талаб қилмайди, аксинча хайрихоҳлик рамзи ўлароқ икки томонлама савдо-иқтисодий ва сиёсий муносабатларнинг янада ривожланишига туртки бериши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG