Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:55

"Занжиримизни узайтириб беринг.." – тармоқлар журналист ва блогерларнинг президентга мурожаати ҳақида


Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий матбуот вакиллари билан 1 июнь, 2021
Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий матбуот вакиллари билан 1 июнь, 2021

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти бир гуруҳ маҳаллий журналист ва блогерларнинг сўз ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилишни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган мурожаати борасида иккига бўлинди.

3 март куни тармоқларда эълон қилинган мурожаат муаллифлари мамлакатдаги "яширин" цензурадан хавотир изҳор қилишган ва мавжуд вазиятни “келажак учун хавфли” деб аташганди.

“Таҳририятлар, журналистлар, блогерлар, жамиятга ҳар қандай фикр берувчи шахсларнинг фикр билдиришида жиддий тўсиқлар, босимлар, қўрқитишлар сақланиб қоляпти. Матбуот ўзи истаган мавзуни кўтара олмаяпти. Давлатнинг ахборотни назорат қилишга масъул бўлган муассасаси таҳририят ва блогерларга муттасил равишда босим ўтказиб, ахборот оҳанги, шакли, моҳиятини ўзгартириш ёки бу ахборотнинг тўлиқ чиқмаслигини талаб қилишда давом этмоқда”, дейилади мурожаатномада.

Муаллифлар Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлигини кучлироқ ҳимоя қилиш, конституция ва қонунлар тўлиқ ишлаши, журналист ва блогерларга босимларни тўхтатишда президентдан кўмак сўраган.

Ҳозирга қадар на президент маъмурияти ва на ОАВ фаолиятига масъул агентлик мурожаатга муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқ эса бу борада икки қутбга бўлинди.

Кўп сонли фаоллар, журналист ва блогерлар мурожаатни шунчаки дастаклаб қолмай, бирдамлик рамзи сифатида унга имзо чекди.

Айни пайтда, бир гуруҳ фаоллар сўз ва фикр эркинлиги борасида давлат раҳбарига илтимоснома йўлланганини самарасиз уриниш деб баҳолади.

Таҳлилчи Сардор Салимга кўра, ўзбек сиёсий тафаккурида ислоҳот ўтказиш мусулмон ҳукмдор сифатида айнан пошшонинг (президентнинг) бўйнидаги вазифа деган тушунча мавжуд, аммо бу қараш ҳар доим ҳам ўзини оқламаган.

У ўтган аср бошларида Бухоро амирига ишонч билдирган, аммо умидлари сароб бўлиб чиққан ислоҳотпарварларнинг тақдирини мисол ўлароқ келтирган.

“Хуллас, ҳукмдорлардан кўп нарса кутмаган маъқул, тарих бунга гувоҳ. Самаралироқ ёндашувлар бор, шу ҳақда ўйлайлик”, деб ёзади таҳлилчи.

“Сардор Салим жуда юмшоқ таърифлабди. Мен борича айтаман. Матн – КАПИТУЛЯЦИЯ. Энг ёмони, бутун халқ ва унинг келажаги ҳисобига. Бунақа журъатни қайдан олишади, хайронман. “Занжиримизни бир оз узунроқ қилиб беринг, хўжайин!” Табриклайман, жаноблар!” дея ҳолатга киноявий пост билан муносабат билдирди иқтисодчи Жамшид Муслимов.

Жавоҳир Омонулла фикрича, мурожаат “Каттариб қолдик энди, бошқа кенгроқ қафасга ўтказинг” деган мазмунда. Ислом Одил наздида эса, “Жаноб бўрибоши, бўриларингиз бизни қўзичоқларни еб қўйяпти, илтимос, ўзингиз чора кўринг” деган руҳда.

Мурожаатнома атрофидаги баҳслар давомида айрим фаоллар “Сўз, фикр ва матбуот эркинлиги президент ёки ҳукуматнинг инояти эмас, балки инсон табиий равишда эга бўладиган тамал ҳуқуқлар” эканини яна бир карра эслатди.

“Мен ҳам юқорида тилга олинган мурожаатга қўшилдим. Лекин шу ўринда бир фикрим бор: cўз эркинлиги ва умуман, Ўзбекистон Конституциясида белгиланган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари тизимли, шахсларнинг хоҳиш-иродаси, марҳамати ёки қош-қовоғидан қатъи назар, уларга боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлаши керак. Ҳатто бу шахслар энг олий раҳбарият бўлса ҳам”, дейди таълим бўйича эксперт Комил Жалилов.

BBC журналисти Ибрат Сафо мурожаатнома хусусидаги танқидий қарашларга умумлаштирувчи жавоб берди.

“Бундай мурожаат ўринли, у ҳозирда ўта зарур. Сўз ва фикр эркинлиги қонунлар ва судлар билан таъминланмаган давлатда президентдан ёрдам сўраш – мантиқан тўғри қадам”, деб ҳисоблайди журналист.

Форум

XS
SM
MD
LG