Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:53

Сув муаммоси: Марказий Осиё танқис ресурсларни ёмон бошқаришдан азият чекмоқда


Марказий Осиё давлатлари сув танқислигини бошдан кечирмоқда. Минтақа ҳукуматлари музликларнинг қисқариши ва кам ёғингарчилик муаммосини ҳал қила олмаслиги мумкин, лекин яхшироқ режалаштириш сув инқирози оқибатларини юмшатишга ёрдам беради. Айрим шаҳар ва қишлоқларда аҳолининг тез ўсиб бораётгани муаммони янада кучайтирган.

Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг жанубий чеккасида яшовчи пенсионер Азҳар Аманова «сабр косаси тўлган»ини айтади. Бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида у яшайдиган Арча-Бешик тумани кунига бир марта цистерналарда етказиб бериладиган озгина сувга қараб қолган. Бу сув одамларнинг ичиши ва бир нечта идиш‑товоғини ювишга зўрға етади, лекин чўмилишга етмайди.

7 июнь куни журналистлар Аманованинг уйига борганида, кундузи ҳаво ҳарорати цельсий бўйича 35,6 даражага етган эди. Ўтган ҳафтанинг ўзида Бишкекда кетма-кет тўрт кун давомида рекорд даражада иссиқ бўлди – бундай ҳароратлар илк бор ўтган аср бошларида қайд этилган.

Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:42 0:00

«Қирғизистон сувга бой давлат, дейишади, лекин бу бойлик қаерда? – деб сўрайди пенсионер ўтган ҳафта Озодлик билан суҳбатда. – Бу қанақа ҳаёт ўзи? Раҳбарларга айтинг, сувни ёқишсин.»

Бишкек Марказий Осиёдаги бир қанча йирик шаҳарлардан бири бўлиб, у ерда ер ости сувларини бошқариш масаласида ҳокимиятни танқид қилиш кучаймоқда. Ёзда бу сувлар камаяди.

ОСТОНА ВА АКТАУ ШАҲАРЛАРИДАГИ СУВСИЗЛИК

Остонада куннинг одатий манзараси: гўзал осмонўпар биноларга бой замонавий «Экспо» тумани ва у ерда сув олиб кетаётган машиналар… Бу катта‑катта қурилиш лойиҳаларига давлат инвестицияни аямагани, лекин уларда оддий сув йўқлигидан далолат беради.

Остонада сув узилишига қарши кичик миқёсдаги норозилик намойишлари ўтган ойда бошланган. Ўтган ҳафта пойтахтдаги икки кўп қаватли уй аҳолиси йўлни тўсиб қўйди. Намойишлар шаҳарда кучли жазирамага тўғри келди – ҳаво ҳарорати 38-40 даражага етди.

Ғазабланган шаҳарликлар билан гаплашаркан, маҳаллий амалдорлардан бири ўз оиласи ҳам "жадвал бўйича чўмилиши"ни айтади, чунки сув кундузи бир неча соатга, кейин эса тунда берилади.

Остона аҳолиси 1,3 миллион кишидан ошади ва ички миграция ҳисобига йилига тахминан 50-60 минг кишига кўпаймоқда. Вилоят аҳолиси яхшироқ ҳаёт илинжида пойтахтга кўчмоқда, инфратузилма ривожланиши эса бу оқимга мос эмас.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари аҳоли сони кутилганидан тезроқ ўсаётганини тан олади ва талабни қондириш учун янги насос ва фильтрлаш станцияларини қуришга ваъда берган.

Аҳолиси ёзда сув танқислигидан мунтазам азият чекадиган Қозоғистоннинг яна бир шаҳри Каспий бўйида жойлашган Актаудир. Шаҳар сувни Каспийдан олади.

7 июнь куни Манғистау вилояти ҳокимлиги Қозоғистон қирғоқ чизиғи сезиларли даражада чекинганини қайд этиб, фавқулодда ҳолат эълон қилди, бошқа томондан расмийлар ҳали сув таъминотида муаммо йўқлигини, Актаудаги узилишлар эса инфратузилмани таъмирлаш ишлари билан боғлиқлигини айтишган эди.

Амалий экологлар уюшмаси ҳаммуассиси, актаулик Гулмира Ниткали Озодлик билан суҳбатда айтишича, “географик, сиёсий, ижтимоий ва иқлимий омиллар” сабабли Каспийга босим ортган – ёз жазирамасида буғланиш ортгани туфайли қирғоқбўйи давлатларидан оқиб келадиган дарёлардан сув олиш камайган.

Аммо бундан ташқари, дейди Ниткали, уран саноати жойлашган ва “одамлар доимий яшашига мос келмайдиган” собиқ Совет Иттифоқининг ёпиқ шаҳри бўлган Актау каби шаҳарларда сувдан фойдаланиш борасида ҳам муаммолар бор.

“Аҳоли сони ортиб бормоқда, чунки даромадлар ҳам ошган. Шу билан бирга, ичимлик сувидан фойдаланадиган автомобил ювиш шохобчалари мавжуд. Мен бу масалани кўп бора кўтарганман”, дейди Ниткали ва ижтимоий норозиликдан қўрқиб, амалдорлар сув тарифларини кўтаришни истамаслигини таъкидлайди.

БИШКEКДАГИ ТАҚИҚЛАР

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида расмийлар вақтинча ёпган жойлардан бири автомобиль ювиш шохобчаларидир. Ҳаммом ва бассейнлар ҳам ёпиқ. Расмийлар, шунингдек, томорқасини ичимлик суви билан суғораётганларни аниқлаш учун уйма-уй юриб текширмоқда.

Шу ойда шаҳарнинг жанубий туманларидаги маҳаллаларга кўп ҳолларда сув фақат тунда берилган.

Қирғизистон парламентида бир қанча депутатлар ҳукуматдан сув таъминоти инфратузилмасини қуриш ва таъмирлашга жиддий эътибор беришни сўради. Бу инфратузилма аҳолиси миллиондан ортиқ шаҳар учун етишмайди ва кўп ҳолларда жуда эскирган.

Депутат Жанар Акаев 8 июнь куни Бишкек “катта қишлоқ”қа айланиб бораётганини, ҳукумат эса давлат дастурлари ва давлат молиялаштирадиган компанияларга ортиқча пул сарфлаётганини таъкидлади.

Унинг ҳамкасби Марлен Маматалиев Вазирлар маҳкамаси Бишкек шаҳар ҳокимиятининг 100 миллион сўм (тахминан 1,2 миллион доллар) ва янги сув олиш иншоотлари учун тўртта ер майдони ажратиш бўйича сўровини қониқтирмаётганини танқид қилди.

“Кеча биз капитал қўйилмалар учун 10 миллиард сўм ажратилишини тасдиқладик. Нима, 100 миллион сўмни топиш шунчалик қийинми?” деб сўради у.

Расмийларнинг айтишича, бу йил баҳорда музликлардан оқиб келаётган сув сатҳи кескин пасайган, бироқ улар бир ой ичида вазият нормаллашишини кутмоқда. Экологлар, шунингдек, февраль ва март ойларида ёғингарчилик камайгани ер ости сувларининг ҳам камайтираётганини айтмоқда.

Аммо айрим кузатувчилар фикрича, пойтахтдаги сув танқислиги бошқарувдаги уқувсизлик оқибатидир.

Журналист Юрий Копитин Қирғизистоннинг 24.kg хусусий сайтига берган изоҳида суғориш каналлари ва бошқа сув инфратузилмаси билан боғлиқ чуқур муаммолар “кеча пайдо бўлмагани, улар сўнгги 20 йил давомида пишиб келгани”ни таъкидлади.

“Анъанага кўра, амалдорлар аввалига вазиятни ўта оғир аҳволга олиб келади, кейин эса уни оммабоп бўлмаган усуллар билан ҳал қилишга уринади”, – деб ёзади Копитин.

Сув танқислиги Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларида, жумладан, иқтисодиёти мавсумий мева-сабзавот етиштиришга боғлиқ бўлган Ўзбекистоннинг кўплаб қишлоқ туманларида ҳам кузатилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG