Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:45

Марказий Осиё давлатлари Исроил-Ҳамас уруши масаласида омма эҳтиросини жиловлашга уринмоқда


Бишкекдаги Фаластин тарафдорларининг намойиши. 28 октябрь, 2023
Бишкекдаги Фаластин тарафдорларининг намойиши. 28 октябрь, 2023

Ўтган ҳафта ҳукумат йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев асосий масалаларга ўтишдан олдин долзарб бир масалага тўхталди.

Унинг бу нутқи Тошкентда Фаластин бирдамлиги намойишини ўтказмоқчи бўлган ўнлаб одам ҳибсга олингандан икки кун ўтиб янграган.

Ўзбекистон Фаластин халқига ва унинг мустақилликка бўлган ҳуқуқига “кучли хайрихоҳ” эканини билдирди Мирзиёев 31 октябрь куни ўтган ҳукумат мажлисида.

У Ҳамас ва Исроил ўртасида уруш бошлангандан буён “бегуноҳ ва тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлаётгани”ни таъкидлади.

Шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг ҳудуддаги гуманитар миссиясига ёрдам бериш учун 1,5 миллион доллар ажратди, деди Мирзиёев.
Шу билан бирга, ўзбекистонликлар 29 октябрь куни Тошкентда ўтказишга уринилган намойишга ўхшаш йиғинларга қўшилмаслиги керак, дея огоҳлантирди у.

Исроил бомбардимонида яраланган фаластинлик Ғазо бўлгасидаги Хон Юнис шифохонасига олиб келмоқда. 6 ноябрь, 2023
Исроил бомбардимонида яраланган фаластинлик Ғазо бўлгасидаги Хон Юнис шифохонасига олиб келмоқда. 6 ноябрь, 2023

Мирзиёев ва Марказий Осиёнинг бошқа етакчиларини ўтган ҳафта содир бўлган янада хавотирли воқеалар қўрқитиб қўйган бўлиши ҳам мумкин.

29 октябрга ўтар кечаси Россиянинг Доғистонидаги Маҳачқалъа аэропортига Исроилдан келаётганларни овлаш учун бостириб кирган оломон саҳнасини кўрган ҳукуматлар бу каби эҳтирослар хавфидан хавотирга тушиб қолиши табиий.

Шимолий Кавказ республикалари каби Марказий Осиёнинг беш собиқ Совет давлати аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилади.
7 октябрь куни Ҳамаснинг ҳужумига жавобан Исроилнинг Ғазони оммавий бомбалаши геосиёсий масалалар юзасидан эътиборни Украинадаги Россия урушидан Яқин Шарққа қаратиб қўйди.

“Бу можаро бутун дунёда тренд мавзу бўлиб турибди, шу боис ҳукуматлар жамиятнинг баҳсли муносабатига жавоб беришга мажбур”, дейди минтақадаги Ислом ва фуқаролик жамияти бўйича эксперт Илҳом Умарохунов.

"Айни пайтда улар, эҳтимол, айрим радикал гуруҳлар ёки баъзи сиёсий рақиблар одамларни ана шу мавзу атрофида сафарбар қилишга уриниши олдини олишга ҳаракат қилмоқда", дейди у.

Ижтимоий фикрни ҳисобга олувчи дипломатиями?

Марказий Осиё, албатта, монолит эмас.

Расман нейтрал Туркманистон минтақадаги можаро ҳақида баёнот бермаган ягона давлатдир.

Озодлик радиосининг Туркман хизмати Туркманистон пойтахти Ашхободда Фаластин билан бирдамлик намойиши бостирилгани ҳақидаги хориж матбуоти хабарини текширди.

Бироқ Озодлик журналистлари хабарда тилга олинган боғда норозилик намойишига уриниш бўлгани далилини топа олишмади.

Ғазодаги уруш 3 ноябрь куни Остонада ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти саммити кун тартибидаги асосий масалалардан бўлди.
Ғазодаги уруш 3 ноябрь куни Остонада ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти саммити кун тартибидаги асосий масалалардан бўлди.

Туркманистоннинг ахборот майдони қаттиқ назорат қилинади, расмийлар сунъий йўлдош антенналарини мунтазам равишда йўқ қилади ва охирги марта блокланмаган мессенжер иловаси IMOни ҳам блоклашди.
Аммо Марказий Осиёнинг қолган тўрт давлатида бир ойдан камроқ вақтда минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган уруш бўйича ижтимоий шов-шув пасайгани йўқ.

Ўзбекистонда Озодлик радиоси Ўзбек хизмати томонидан олиб борилган мониторинг шуни кўрсатдики, маҳаллий Telegram каналлари Исроил маҳсулотларини бойкот қилиш бўйича чақириқларга тўлган, эстрада юлдузи Юлдуз Усмонова эса Instagram’да худди шундай чорлов билан чиққан.

АҚШнинг Procter & Gamble компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Ariel кир ювиш кукуни Исроилнинг марҳум етакчиси Ариел Шарон номи билан аталган деган ёлғон миш-мишлар туфайли нишонга айланди.

17 октябрь куни Ғазо шаҳридаги Ал-Аҳли касалхонасида, Фаластин манбаларига кўра, юзлаб одамлар ўлимига сабаб бўлган портлаш минтақада ва ундан ташқарида ижтимоий медиа фаоллигини янада зўрайтирди.

Минтақадаги уч ташқи ишлар вазири томонидан берилган баёнотларда касалхонага ҳужум кескин қораланган, аммо Исроил номи тилга олинмаган.
Аммо Тожикистон баёнотида “ҳаводан бомбалаш” ҳақида сўз борди, Ўзбекистон эса “машъум зўравонлик ҳаракати”ни танқид қилди.
Бу Ғазо сектори ичидаги исломий гуруҳлар томонидан нотўғри отилган ракета экани ҳақидаги гапларга деярли жой қолмади.

Таниқли хонанда Юлдуз Усмонова тармоқларда Исроил маҳсулотларини бойкот қилиш чақириғи билан чиқди.
Таниқли хонанда Юлдуз Усмонова тармоқларда Исроил маҳсулотларини бойкот қилиш чақириғи билан чиқди.

Фақат Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 17 октябрь кунги баёнотида шифохона ҳақида алоҳида тўхталмади, аммо Исроилни “Ғазо секторида тинч аҳоли орасида қурбонларни кўпайтирадиган номутаносиб куч ишлатишдан тийилишга” чақирди. Худди шундай, ҳозирча фақат Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “Ҳамаснинг Исроилда тинч аҳолига уюштирган ҳужумлари ва асирга олишларни, шу жумладан, хорижликларни “гаровга олиши”ни қоралаб, уни терорчиликка қиёслади.

Қозоғистон Исроил билан энг кучли савдо алоқаларига эга. Шунингдек у Исроилнинг NSO Group киберқурол компанияси томонидан ишлаб чиқилган Pegasus жосуслик дастурларини сотиб олгани айтилади.

Остона Эроннинг мусулмон давлатларини Исроилга нефть экспортини тўхтатиш ҳақидаги чақириғига ҳамон эътибор бермаяпти.
Аммо у Исроилни тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилишдан қайтарди ва 27 октябрь куни БМТда 120 овоз билан қабул қилинган Исроил ва Ҳамас ўртасида гуманитар сулҳни ёқловчи резолюцияни қўллаб-қувватлашда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга қўшилди. (Туркманистон овоз бермади.)

3 ноябрь куни эса Туркий давлатлар ташкилоти йиғилишига мезбонлик қилаётганда Тоқаев ўз мамлакати Фаластинга 1 миллион доллар ёрдам беришини ваъда қилган эди.

“Биз барча можароларни фақат тинч музокаралар ва дипломатик мулоқот орқали ҳал қилишга чақирамиз. Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва уларнинг ички ишларига аралашмаслик бизнинг асосий устувор йўналишларимиз бўлиб қолмоқда”, деди Тоқаев учрашувда.

“Яқин ҳамкорлар” Россия ва Туркия “Ҳамасни қонунийлаштирди”
Мирзиёевнинг бу можародаги дадил позицияси исроилпараст гуруҳлар эътиборидан четда қолмади.

«Яқин Шарқ ҳақиқати учун» жамғармаси вакили Жозеф Эпштейн Озодлик билан суҳбатда Мирзиёев «Ҳамас»ни қораламаганига “ички ва халқаро сабаблар” борлигини айтди.

Эпштейннинг айтишича, Ўзбекистоннинг “яқин иттифоқчилари” Туркия ва Россия “бу гуруҳни қоралашдан тийилибгина қолмай, балки уни қонунийлаштирган”.

Шу билан бирга, Мирзиёев бу борадаги позицияси “ўз аҳолиси орасида салбий қаршиланиши”ни истамайди.

“Ўзбекистонда худди Доғистон каби уйқудаги экстремизм билан боғлиқ катта муаммо бор”, деди Эпштейн.

Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси изоҳ сўровига жавоб бермади.

29 октябрь куни Тошкентда ҳибсга олинган намойишчиларнинг кўпчилиги жаримага тортилган ва қўйиб юборилган бўлса ҳам, камида уч нафари қисқа муддатли маъмурий қамоққа ҳукм қилингани хабар қилинди.

Қўшни Қирғизистонда бу каби фаоллик ва норозилик намойишлари анча узоқ тарихга эга.

Президент Садир Жапаровнинг қаттиққўл ҳукумати пойтахт Бишкекнинг аксарият қисмида митинглар ўтказишни амалда тақиқлаган бўлса ҳам, расмийлар шунга қарамай, 28 октябрь куни шаҳарда юз киши иштирокидаги Фаластин бирдамлик митингини ўтказишга рухсат берди.

Митингда маърузачилардан бири, икки карра президентликка номзод Турсунбай Бакир ўғли шу ой бошида Бишкекдаги машҳур подкастга баҳсли интервью берди.

Бир соат давом этган суҳбат чоғида Бакир ўғли Ҳамас раҳбариятини шахсан билишини айтди, бадавлат яҳудийлар ҳақидаги фитна назарияларини келтирди ва бир пайт кўзига ёш олгандек туюлди.

Уруш анатомияси: Араб-Исроил урушлари, Исроил-Фаластин зиддияти тарихи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:23 0:00

Бугунги кунгача Жапаров кучлироқ ва танқидий сиёсатчиларга имкон бермаслигини кўрсатди.

Ал-Аҳли касалхонасидаги воқеадан бир неча кун ўтиб, ҳукуматга кучли тарафдор бўлган парламентдаги қонунчилар Фаластин ҳудудларига молиявий ёрдам кўрсатишга ва фожиали воқеадан кейинги кунларда парламентдаги бир кунлик маошларидан воз кечишга келишиб олишди.

Бошқа томондан, Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) 3 ноябрь куни Яқин Шарқдаги урушга қўшилишга уринган ҳар қандай шахс жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида қаттиқ огоҳлантирди.

Сўнгги кунларда “Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг Фаластинда жиҳод қилиш зарурлиги ҳақидаги провокацион постлари, нашрлари ва изоҳлари” пайдо бўлди, деди МХҚ.

Форум

XS
SM
MD
LG