Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:55

Душанбе саммити: Нега Марказий Осиё раҳбарлари "интеграция" сўзидан қочишади?


Марказий Осиё давлатлари президентлари Туркманистоннинг Овоза шаҳридаги учрашувда. 6 август,, 2021
Марказий Осиё давлатлари президентлари Туркманистоннинг Овоза шаҳридаги учрашувда. 6 август,, 2021

14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V Маслаҳат учрашуви арафасида экспертлар минтақа давлатлари интеграцияси бўйича ўз фикр ва тавсиялари ҳақида Озодликка гапиришди.

Унда Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти (KazISS) директори ўринбосари ва Лев Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети профессори, доктор Санъат Кушкумбаев, Тожикистон Миллий университети доценти, Осиё ва Европа мамлакатлари институти НАНТ етакчи илмий ходими, шунингдек, “Ипак йўли – бирдамлик йўли” миллий жамғармаси раиси Абдуғани Мамадазимов ва сиёсатшунос, сиёсий фанлар доктори, “Билимлар карвони” илмий-таълим муассасаси директори, халқаро хавфсизлик, Марказий Осиёда геосиёсат, минтақавий хавфсизлик ва минтақавий интеграция бўйича эксперт Фарҳод Толипов иштирок этди.

Озодлик: Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги юбилей учрашуви деб атаган ушбу йиғинда қандай натижаларга эришиш мумкин? Бирор ютуқ ҳақида гапиришга асос борми?

Фарҳод Толипов: Мен барча давлатларнинг бир-бирига бўлган ишончи ошди, деган бўлардим. Охирги беш йил давомида эришилган ютуқлар қаторида томонлар халқаро майдонда энг муҳим асосий масалалар бўйича муштарак ёки ўхшаш, ўзаро яқин мавқе тутишлари зарурлигини босқичма-босқич англаб етаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур, деб ўйлайман. Эришилган ютуқлар қаторида ўтган йили Чўлпон-Отада бўлиб ўтган IV учрашувда XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланганини алоҳида таъкидлаган бўлардим [...] Бу шуни кўрсатадики, минтақавий интеграция жараёни аста-секин жиддийроқ контурларни эгаллаб бормоқда.

Озодлик: Лекин бу шартномани Тожикистон ва Туркманистон имзоламаган...

Фарҳод Толипов: Саммит Душанбеда бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, Тожикистон ва Туркманистон томони охир-оқибат бу шартномани имзолайди, деб ўйлайман... Бу сафар ҳам имзолашдан ўзини тийишса, янада ғалати кўринади. Шундай экан, Тожикистон ва Туркманистон томонидан ушбу шартнома имзоланиши билан ҳужжат тўлиқ кучга киришига умид қилиш мумкин.

Абдуғани Мамадазимов: Мана, Душанбеда Маслаҳатлашув учрашувидан олдин аралаш ҳислар ҳукм суряпти... Баъзи маҳаллий экспертлар: "Ҳа, бу шартномани имзолашдан ўзини тийган Тожикистон барибир уни имзолайди", дейди. Чунки учрашув Душанбеда бўлади ва [ҳужжатни] имзоламаслик мантиқсиз кўриниши мумкин. Бошқа томондан, кун тартибида долзарб масалалар борки, бу тожик-қирғиз чегарасининг демаркация ва делимитациясининг тўлиқ эмаслигидир.

Озодлик: Сўнгги йилларда икки давлат чегарасида бир қанча йирик можаролар юз берди. Сўнгги саммитда ҳам бу масала кўтарилди ва Қозоғистон президенти “чегарадаги ҳар бир ўқ бутун минтақада акс-садо беришини” айтди. Бу муаммони ҳал этишда минтақанинг бошқа давлатлари воситачи бўлиши мумкинми?

Санъат Кушкумбаев: Бу жуда қийин савол, чунки, табиийки, кимдир воситачилик қилса, унга иккала томон ҳам ишониши керак. Шунинг учун бу, аввало, ишонч масаласидир. Албатта, катта қизиқиш билан Қозоғистон воситачи бўлишга тайёр ва буни расмий Остона ҳам бир неча бор эълон қилган... Назаримда, минтақа ва қўшниларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда бу масалаларни ҳал қилиш учун ҳар икки томоннинг салоҳияти бордек. Ҳеч бўлмаганда, юқори, расмий даражада бундай баёнотлар борлигини кўряпмиз.

Озодлик: Минтақадаги яна қандай муаммолар эътибор талаб қилади?

Фарҳод Толипов: Минтақадаги тўлиқ, муваффақиятли интеграция учун Маслаҳат учрашувларининг ўзи жуда секин ва суст. Томонлар бу масалада қатъиятли эмас, эҳтиёткор ва вазмин. Ҳатто «интеграция» сўзининг ўзи ҳам муносабатларда, риторикада, баёнотларда камдан-кам қўлланади. Улар кўпроқ «ҳамкорлик», «боғлиқлик» ҳақида гапиришади... Муаммолар ҳақида гапирганда, охиргисини таъкидлайман: Марказий Осиё давлатлари бир вақтнинг ўзида ШҲТ, КХШТ, ЕОИИ ва бошқа бир қанча турли, ҳатто минтақадан ташқари форматларда ҳам иштирок этишади. Уларнинг ҳаммаси ҳам Марказий Осиё ғоясига бирдек мос келмайди. Улардан баъзилари ҳатто қарама-қарши.

Озодлик: Масалан, қандай ташкилотлар?

Фарҳод Толипов: Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи уларни Марказий Осиё интеграциясидан чалғитади... Масалан, дангал айтиш мумкинки, қозоқ ва қирғиз экспертлари, таниқли тажрибали таҳлилчилар орасида шундай фикр бор – ҳатто тахмин қилишимча, ҳокимият доираларида ушбу давлатларнинг ЕОИИга аъзолиги муваффақиятсиз бўлиб чиқди ва улар ЕОИИдан «тинч» чиқиш ҳақида ўйлашмоқда, чунки бу ташкилотга аъзолик бутунлай фойдасиз бўлиб чиқди, айниқса, Украинадаги уруш ва Россияга қарши киритилган санкцияларни ҳисобга олсак. Шунинг учун айтмоқчиманки, Марказий Осиё минтақавий форматига устуворлик беришнинг ўзи жиддий муаммо... Мен шуни таъкидламоқчиман: бошқа ташкилотлардаги иштирок Марказий Осиё ғоясига бўйсундирилиши керак.

Озодлик: Минтақавий интеграция қандай фойда келтиради?

Санъат Кушкумбаев: Минтақанинг субъект сифатидаги ўрнини кучайтириш орқали биз ҳар бир давлатнинг ўрнини мустаҳкамлаймиз... Миллий мустақиллигимиз минтақавий бирдамлик орқали мустаҳкамланади. Иккинчи савол жуда оддий: бозорларни олайлик, 10 миллион киши, 7 миллион ёки 35 миллион киши, бу ҳали ҳам кичик бозорлар. 75 миллион кишилик бозор янада жозибали кўринади.

Форум

XS
SM
MD
LG