Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:41

Тадбиркор ва ўқитувчилар ҳукуматдан мажбурий обунага чек қўйишни талаб қилмоқда


Фарғоналик тадбиркорнинг айтишича, солиқчилар "Солиқ плюс" газетасига ёзилишга мажбурламоқда.
Фарғоналик тадбиркорнинг айтишича, солиқчилар "Солиқ плюс" газетасига ёзилишга мажбурламоқда.

Андижон, Фарғона вилоятларида тадбиркорлар, Тошкент вилоят Зангиота туманида эса ўқитувчилар турли газета ва журналларга мажбурий обуна қилинмоқда. Бу ҳақда мазкур ҳудудларда яшовчи тадбиркорлар ва ўқитувчилар Озодликка хабар юборди.

Қиммат нархда мажбуран обуна қилдирилаëтган нашрларнинг асл эгалари жамоатчиликка ҳозирча маълум эмас.

Озодлик 2019 йилнинг декабрида ҳам кўплаб туман ва вилоятлардан фермерлар, ўқитувчилар ва шифокорлар мурожаат қилиб, ўзларининг обуна бўлишга мажбурланаётганлари ҳақида ёзган эди.

Маъмурий босим остида қолган тадбиркор ва давлат хизматчилати Ўзбекистон ҳукуматидан мажбурий обунага чек қўйишни талаб қилмоқда.

Тадбиркор ва ўқитувчилар ҳукуматдан мажбурий обунага чек қўйишни талаб қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00


"Тадбиркор пулни ердан супириб олаяптими?"

“Андижон вилоятида тадбиркорларни турли газеталарга обуна бўлишга мажбур қилмоқдалар. Ахир мажбурий обунага қачон чек кўйилади? Тўйиб кеттик бунақа обуналардан”, деб шикоят қилди шахсини очиқламаган тадбиркорлардан бири.

Унга кўра, мажбурий обуна қилдирилаётган газета ва журналлар зерикарли, ўқишга арзимайдиган нашрлардир.

”Жумладан, Андижон вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя килиш жамияти ҳудудлардаги бўлимларига босим қилиб ўзларининг ҳеч ким ўқимайдиган газетасига обуна қилишга мажбурламоқда”, дейди тадбиркор.

Мажбурий обуна жараëни давом этаëтгани ҳақида фарғоналик тадбиркорлар ҳам хабар юборди. Фарғона вилояти Фурқат туманида яшовчи тадбиркорлардан бири туман солиқ инспекцияси ходимлари 2020 йил учун “Солиқ плюс” газетасига ёзилишга мажбурлаётганлари ҳақида гапирди.

“Солиқ инспекцияси ходимлари ҳар бир тадбиркорга мажбурий тарзда “Солиқ плюс”га обуна бўлсанлар, деб талаб қилишаяпти. Обуна пули ҳам арзон эмас, 660 минг сўм экан. Ҳар йили бу каби газета журналларга камида 2,5-3 миллион сўмга мажбурий обуна бўламиз. Бу ҳолатга чек қўйиладиган кун борми? Ахир тадбиркорлар ҳам пулни ердан супириб олаётгани йўқку!”

Тошкент вилоят Зангиота туманида эса ўқитувчилар мактабларда “Маърифат”, “Халқ сўзи” ва бошқа газеталарга мажбурий обуна қилдирилаётганлари ҳақида маълумот юборди.

Уларга кўра, мажбурий обуна учун ўқитувчилардан “150-200 минг сўмдан пул ушлаб қолинмоқда”.

Расмийлар рад этди. Бироқ...

Озодлик мухбири бу масалада изох сўраб мурожаат қилган расмийлар - Фурқат туман солиқ қўмитаси, Андижон вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя килиш жамияти, Зангиота туман халқ таълими бўлими масъуллари мажбурий обуна тўғрисидаги маълумотларни инкор қилдилар.

“Солиқ плюс” газетасининг рус тилидаги версияси бош муҳаррири ҳам Фарғонада тадбиркорлар ўз газетасига мажбуран обуна қилинаётганини рад қилди.

Газетанинг ўз исмини айтишни истамаган бош муҳарририга кўра: “Газета давлат органи эмас, хусусий шахсга қарашлидир. Таъсисчимиз бўлган хусусий шахс эса давлат органларига “Мажбурий обуна қилиб беринг”, деб кўрсатма бера олмайди”.

Айни пайтда бош муҳаррир таъсисчи исмини айтишдан қатъиян бош тортди.

Мазкур газетанинг бошқа бир ходими:

“Таҳрир кенгашимизга Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг нуфузли ходимлари аъзо ҳисобланади. Улар расман бизнинг экспертларимиз ҳисобланади. Кейин обуна масаласида ҳам ёрдам бериб туришади. Лекин биз ҳеч кимдан мажбурий обуна қилдириб беринглар, деб илтимос қилмаймиз”, деди.

Ўзбекистонда солиқ соҳасига ихтисослашган газеталарга мажбурий обуна қилдирилаётгани тўғрисида тадбиркорлар бундан аввал ҳам Озодликка мурожаат қилган.

Хусусан, 2019 йилнинг июлида Тошкент вилояти тадбиркорлари солиқчилар “Солиқ инфо” газетасига мажбурий обуна қилаётганларини билдирган эди.

“Юқоридан топшириқ бўлибди. "Юқори" кимлигини айтишмади. “Илтимос”ни бажармаганларга қандай чора кўрилишини ўзингиз тахмин қилаверинг. Энг қизиғи, Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи – 202 730 сўм. Бу газетанинг обуна нархи эса салкам 50 минг сўм. Обуна нархига инсоф ва виждон баҳоси ҳам қўшиб юборилган шекилли...” деб ёзган эди тошкентлик тадбиркорлар.

«Солиқ инфо» газетаси асосчиси¸ маҳаллий нашрларнинг ëзишича¸ Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжоновдир.

Президент тақиқлаган, маҳаллий ҳокимият эса мажбурламоқда

​Озодликка 2019 йилнинг декабрида ҳам кўплаб туман ва вилоятлардан фермерлар, ўқитувчи ва шифокорлар мурожаат қилиб, ўзларининг обуна бўлишга мажбурланаётганлари ҳақида шикоят қилган эди.

Жумладан, Озодлик 2019 йил 3 декабрда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридан, Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидан, Наманган вилоятининг Поп туманидан, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидан бўлган фермерлар, ўқитувчи ва шифокорлар, бошқа бюджет ташкилотлари ходимлари ўзлари билмаган нашрларга обуна бўлишга мажбурланаётгани ҳақида мақола чоп этган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқитувчиларнинг турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлиги таъкидлаган эди.

"Ўқитувчи мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг 12-моддасида "Ўқитувчиларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш қонун билан ман этилади", деб ёзилган.

XS
SM
MD
LG