Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:04

Болалар боғчалари ҳам лимонарий ташкил қилишга мажбурланмоқда


Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги болалар боғчалари ва мактабларга 25 донадан лимон кўчати сотиб олиш мажбурияти юкланди. Мажбуран тузилаётгани айтилаётган шартномага кўра, битта кўчатнинг нархи 10 минг сўмдан бўлиб, ҳар бир таълим маскани жами 250 минг сўмлик 25 дона лимон кўчати сотиб олиши лозим.

Ҳар бир боғча 25000 сўмлик лимон кўчати экади

Ўзбекистон туманидаги боғча ва мактаблар лимон кўчати сотиб олишга мажбурланаётгани ҳақида ушбу тумандаги боғча мудираларидан бирининг қариндоши Озодликка маълум қилди:

“Қизим боғча мудираси бўлиб ишлайди. 2-3 кун аввал туман халқ таълими мудири Нафиса Нишонова йиғилиш ўтказиб, тумандаги барча боғчалар ва мактабларга 25 донадан лимон кўчати олишни буюрган. “Ҳамманг оласан, бу мажбурий” дебди. Ҳар бир кўчатнинг нархи 10 минг сўмдан экан. Жами 250 минг сўм бўлади. Қизим кўчатга пулни қаердан олишини билмай ўтирибди”, дея хабар қилди боғча мудирасининг онаси.

"Лимон кўчати олиш учун ота-оналар ёрдам беради"

Ушбу тумандаги болалар боғчаларидан бирининг мудирасига кўра, у лимон кўчати олиш учун ота-оналардан ёрдам сўрашни режалаштирмоқда:

“Ота-оналар ёрдам бермаса, кўчатларни ололмаймиз. РайОНОнинг айтишича, шартнома имзолар эканмиз, 25та кўчат оламиз ва уни парваришлаймиз, деб. Бу кўчатни олганимиздан кейин нима қиламиз, билмадим. Лимонарийни қоровул зиммасига юкламоқчи эдик, у лимон парваришлашни билмайман деди. Бу кўчатларга ким қарашини билмаяпмиз”, деди боғча мудираси.

"Ўқувчилардан лимонарий учун пул йиғилмоқда"

Мазкур туманнинг Яккатут қишлоғидаги мактабда боласи ўқийдиган ота-оналардан бирининг иддаосига кўра, лимонарийлар учун ўқувчилардан пул олинмоқда.

“Қизим бошланғич синфда ўқийди. Кеча синф раҳбари қўнғироқ қилиб, “Лимон экарканмиз. Шунга имконингиз даражасида ёрдам беринг”, деб илтимос қилди. Фирмам бўлгани учун мендан кўпроқ пул олишади. Бошқа ота-оналардан 5-6 минг сўмдан олишаяпти экан”, деди қизи мактабда ўқийдиган тадбиркор йигит.

Ўзбекистон туман халқ таълими бўлими мутасаддилари боғчалар ва мактабларда лимонарийлар ташкил қилиш ҳақида топшириқ берилганини тасдиқлашди:

“Бу ўзимизнинг ташаббус эмас. Бизга қолса, шу лимонини эксин дермидик?! Вилоят ҳокимлигининг буйруғи бу. Ҳамма таълим масканларида лимонарий бўлиши шарт экан. Лекин лимон учун ўқувчилардан пул олинаётгани бўлмаган гап”, деди туман Ҳалқ таълим муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мутасаддиларидан бири.

Фарғона вилоятида лимонарийлар ташкил қилишга масъул саналган вилоят ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими расмийлари Озодликка ушбу мавзуни изоҳлашни исташмади.

Шавкат Мирзиёев 14 январь куни 2017 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режаларига бағишланган йиғилишда аҳоли орасида тадбиркорликни ривожлантириш заруратига эътибор қаратиб, товуқ боқиш ва лимон экишни тавсия қилган эди.

Президентнинг ушбу тавсиясидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб, товуқ боқиш ва лимонарийлар ташкил қилишга уринишлар кузатилмоқда.

Андижондаги 1-мактабда лимонарий учун жой ҳозирланяпти
Андижондаги 1-мактабда лимонарий учун жой ҳозирланяпти

Шу кунларда Андижон вилоятининг Асака туманидаги мактабларда ҳам лимонарийлар ташкил қилинмоқда. Ота-оналар шикоятига кўра, ўқувчиларидан лимон иссиқхонаси қуриш учун беш минг сўмдан пул йиғилмоқда.

XS
SM
MD
LG