Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:46

“Бу камбағалликдан чиқариш эмас” - кредитга қорамол олганлар қарзга ботмоқда


Наманган вилоятининг Чуст туманида яшовчи 23 ёшли Абдуллажон Мамадалиевнинг Озодликка айтишича, ҳар бири бозор нархида 7 миллион сўм турадиган иккита қорамол учун “Агробанк” туман бўлимида 31 миллион 600 минг сўм миқдорида кредит расмийлаштирилган.  
Наманган вилоятининг Чуст туманида яшовчи 23 ёшли Абдуллажон Мамадалиевнинг Озодликка айтишича, ҳар бири бозор нархида 7 миллион сўм турадиган иккита қорамол учун “Агробанк” туман бўлимида 31 миллион 600 минг сўм миқдорида кредит расмийлаштирилган.  

Ўзбекистонда “темир дафтар”га киритилган кам таъминланган оилаларга шу кунларда имтиёзли кредит ҳисобидан сигир, қўй, эчки, қуён ва товуқ берилмоқда.

Ҳукумат ижтимоий ҳимоя сифатида тақдим этаётган ушбу дастур бўйича чорва баъзи вилоятларда бозор нархидан икки баробар юқори нархда расмийлаштирилмоқда. Оқибатда камбағал оилалар қарз ботқоғига ботаётгани айтилади.

Наманган вилоятининг Чуст туманида яшовчи 23 ёшли Абдуллажон Мамадалиев ҳар бири бозор нархида 7 миллион сўм турадиган иккита қорамол учун “Агробанк” туман бўлимида 31 миллион 600 минг сўм миқдорида кредит расмийлаштирилганини айтади.

“Бозорга олиб чиқсангиз, 7 миллион сўмга ҳам олмайди. Шуни менга икки баравар юқори нархда расмийлаштиришди. Бунинг устига, уч йилга 14 фоиздан устига тўлаб боришим керак. Мен мажбур бўлдим олишга, чунки оилада аҳвол оғир. Дадам 2011 йилда ўтиб кетган. Онам уч марта операция бўлган, ногирон. Уч фарзандмиз, ҳаммамиз ишсиз. “Темир дафтар”да бўлганимиз учун бизга шу иккита қорамолни беришди, 31 миллион 600 минг сўм яна қўшимча 14 фоиз қўшимчаси билан қарзга ботдик. Бизнинг аҳволимизда мол бераман, деса хоҳлаган шартга кўнаркансиз”, - дейди Мамадалиев.

Кредитга мол - камбағални жарликка улоқтиришми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:03 0:00

Айни туманда яшовчи 22 ёшли Салимжон Соибжонов ҳам “Агробанк” кредити ҳисобига 10та қўйни бозор нархидан икки баробар юқори нархда олишга мажбур бўлганини айтади.

“Икки кун бўлди олганимга. Ҳар бир қўйни донасини 2 миллион 800 мингдан ҳисоблашди. Бозорда унақа қўйни 1 миллионга ҳам олмаяпти. Банкга борганда имзо қўй, деди, қўйдим. Келиб ҳисоблаб чиқсам 28 миллион уч йилда 14 фоизлик ҳар йиллик устамаси билан 40 миллионга тушар экан менга. Менга қолаётгани 10та арриқ қўй?, - дейди Соибжонов.

Кредитга қўй олган Салимжон Соибжонов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:44 0:00

“Молни килосини 40 минг сўмдан, қўйникини 45 мингдан беряпмиз

Наманганлик таъминотчи фермер Элбек Раҳимов сўнгги икки ой ичида уч юздан ортиқ фуқарога икки мингдан ортиқ қўй, икки юздан зиёд мол тарқатган.

“Молни тирик вазндаги килосини 40 минг сўмдан, қўйникини 45 минг сўмдан қилиб беряпмиз. Бозор қанақа нарх, билмайман. Мен шу нархда бераман, деб ҳокимиятга тилхат ҳам берганман. Бозорда арзон бўлиши мумкин. Чунки бозордагилар ҚҚС солиғи тўламайди, мен тўлайман. Бунинг устига кредитга бўлгани учун қаммат бўляпти. Мана мол, мана қўй, тайёр кредит, ол, боқ деяпти, яхшику бу. Лекин бизга зарарига бўляпти. Сўнгги ўн кунда 100та қўй, 20 мол олишди, “Микрокредит”, “Агробанк”дан ҳали пул келгани йўқ. Бу тарафлари ҳам бор-да”, - дейди таъминотчи фермер.

Сўнгги бир ой ичида Наманганнинг Чуст туманида “темир дафтар”га киритилган ўнлаб оилаларга кредитга чорва ҳайвонлари берилган.

Чуст тумани ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган расмийларидан бири бундан мақсад кам таъминланган аҳолини пандемия даврида ижтимоий қўллаб-қувватлаш эканини таъкидлайди.

“Президентимизнинг 6038-сонли фармони чиққан, шу бўйича “темир дафтар”га кирган оилаларга имтиёзли кредитлар асосида мол, қўй бериляпти. Хоҳласа олади, хоҳламаса олмайди. Қанча нархда берилаётганини билмайман, бу маълумотни банклардан оласиз, одамлар хоҳлаяптики олишяпти”, - дейди ҳокимлик расмийси.

Аммо кредитга берилаётган чорва ҳайвонлари нега бозор нархидан қимматга тушяпти?

Ҳокимлик расмийси буни банклардан сўраш кераклигини айтди. Аммо бу борада банклардан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Бундан олдин Бухоро, Жиззах, Андижон вилоятларида ҳам кам даромадли оилалар қўй, қуён, товуққа кредит олиб, қарзга ботганликлари ҳақида Озодликка хабарлар келган.

Қашқадарёда эса кам таъминланганларга қўй сотган таъминотчи банк пулини тўламагани ҳақида арз қилганди.

“Президент назоратига олсин!”

Наманганлик блогер Достонбек Мамажонов ҳокимлик ва банкда ўтирганлар камбағалларнинг вазиятидан фойдаланиб пул қилишаётган бўлишларини назардан қочирмайди.

“Камбағални туяни устида ҳам ит қопади дейишадику. Булар мана 32 миллион сўмлик имтиёзли кредитга иккита мол ё 10та қўй деяпти. Иложсиз одамлар нима қиляпти, кредитни тўлашни ҳам ўйламай, икки бараварга бўлса ҳам бориб оляпти. Нима бўлса бўлди, қамаса қамар, деб оляпти Лекин олганидан кейин тушуниб қоляпти. Бу камбағални қашшоқликдан қутқариш эмас, уни жарга улоқтириш бўляпти, уларни аҳволидан фойдаланиб, ҳокимликда ўтирган, банкда ўтирган баъзилар пул қилаётган бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун мен муҳтарам президентимиз кредитга чорва бериш ишларини ўз назоратига олишларини сўрайман”, - дейди Достонбек Мамажонов.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6038-сон Фармонига мувофиқ кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож одамларга ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон президенти тўрт йил аввал ҳам кам таъминланган оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш йўлида чорва, паррандачилик билан шуғулланишни тавсия этган эди.

“100 та товуқ энг камида кунига 50 та тухум беради. 10 тасини ўзи еб, ҳар куни 40 тадан тухум сотса, кам таъминланган оила бўлмайди. Бу эртанги иқтисодиётимизнинг барқарорлиги", деб айтганди Шавкат Мирзиёев 2017 йил Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида.

Шундан сўнг қатор вилоятларда кредит эвазига оилаларга товуқ, жўжалар тарқатилди.

Аммо Мирзиёевнинг товуқбоқарлик ташаббуси одамларни қашшоқликдан қутқара олмади. Озодлик билан суҳбатда бўлган чорвадорлар катта қарзга ботганликларини айтишган.

Мирзиёевнинг товуқдан келадиган даромад ҳақидаги гапларидан руҳланиб юзта товуқ боқишга қизиқиб кўрган андижонлик исми очиқланишини истамаган фермернинг айтишича, одамларга берилаётган товуқларнинг аксарияти ё касалманд, ё тухумдан қолган. Аҳоли эса даромад топаман, деб камомадга кириб қолганини айтади.

“Сабаби товуқларни олаётганда танлаш имкони берилмади, ошиғич нархда баҳолаб, маблағни таъминотчига ўтказиишди, улар қандай товуқ беришса шуни боқишга мажбур бўлдик. Оқибати нима бўлди, 50 та товуғим ўлиб қолди. Қолган товуқларни қайтариб бердим. Бир сўм даромад олганим йўқ, давлатдан олган 8 миллион қарзни ҳозир ҳам тўлаб ўтирибман”, - дейди фермер.

Бошқа хўжаликларда ҳам кредитга берилган товуқлар ўла бошлагач банклар 2017 йил охирига келиб товуқчилик учун кредит беришни бир муддат тўхтатиб қўйганди.

Аҳолининг кредитлардан қарздорлиги борасида аниқ рақамлар йўқ, аммо мутахассисларга кўра, аҳолининг тўлов қурби пастлиги боис имтиёзли кредитлар тижорий банклар учун жиддий муаммога айланган. Жойларда кредитларни қайтариш учун банк ходимлари билан бирга бюджет ташкилотлари ходимлари ҳам сафарбар этилгани ҳақида хабарлар олинган.

XS
SM
MD
LG