Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:45

Ковид Ўзбекистонга қайтяптими?


Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги ковидга қарши қурилган махсус касалхона. 2021 йилги расм.
Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги ковидга қарши қурилган махсус касалхона. 2021 йилги расм.

23 июнь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирус омикрон-штаммининг энг юқумли деб айтилаётган Stealth-Omicron BA.2 варианти аниқлангани ҳақида баёнот берди.

Баёнот аҳоли ўртасида коронавирусга чалинган беморлар сони яна кўпайишни бошлагани манзарасида янгради.

ССВ мулозимлари бу кўпайишни “сезиларли бўлмаган кўпайиш” дея баҳоламоқда.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда поликлиникаларда шифокорга навбатлар кўпайгани, айниқса ёш болаларнинг бу касалликка кўп чалинаётгани ҳақида ёзиляпти.

Канадада яшаётган ўзбекистонлик микробиолог вируснинг мутациялашган бу тури жуда камдан-кам ҳолатда ўлимга олиб келиши мумкинлигини таъкидлар экан, ваҳимага ўрин йўқлигини айтади.

Расмий статистика

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 23 июнда коронавирус инфекцияси билан Ўзбекистонда 94 нафар киши касалланган.

Энг кўп касалланиш Тошкент шаҳрида, 41 ҳолат, қайд этилган. Мамлакат бўйича эса 24 июнгача 240 минг нафардан ортиқ одам ковид билан оғриган.

Аммо ижтимоий тармоқларда, аҳоли орасида ковид билан касалланганлар бундан анча кўплиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев Озодлик билан суҳбатда ковид билан боғлиқ вазият назоратда эканлигини айтди:

“Ижтимоий тармоқларда коронавирус ҳақида тарқалаётган хабарлар ёлғон. Биз ҳар кунлик маълумотни бериб боряпмиз. Ковидни даволаш учун қўшимча касалхоналар очишга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Вазирлик бу ҳақдаги маълумотни яширишдан ёки ошириб кўрсатишдан манфаатдор эмас. Биз бор нарсани бериб боряпмиз”.

"Касаллик сал кўпайди"

Тошкент вилоятидаги Зангиота-2 юқумли касалликлар шифохонасининг исми сир қолишини сўраган шифокорига кўра ёз фаслида ковид билан касалланиш ҳолати ошиши кутилган ҳолат:

“Ҳозир сал кўпайди бу касаллик. Яна Стел-Омикрон деган янги штамми чиқди. Лекин ваҳима қиладиган даражада эмас. Беш-олти кун даволаниб чиқиб кетишяпти. Одатда ёз фаслида бу касаллик авж олиши мумкин. Чунки, одамлар гавжум бўлади, тўй-марака, тадбирлар кўпаяди. Вакцина олганлар ҳам, олмаганлар ҳам касал бўляпти. Лекин вакцина олганларда енгилроқ кечяпти. Ўлим ҳолати йўқ”.

Андижондаги касалхоналардан бирида ишлайдиган, матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган врачнинг айтишича, расмий матбуотда бу ҳақда хабар камлиги яна ковиднинг пандемияга айланишига сабаб бўлиши мумкин:

“Биздаги вазият жиддийлашиш чегарасида. Бир-иккита жойларда ўчоғлари пайдо бўляпти. Лекин бу ҳолатлар расмий хабар қилиб берилмаяпти. Фақатгина ички мажлисларда муҳокама қилиняпти, холос. Тўғри, вазирлик ўзининг Телеграм-каналида рақамларни беряпти, аммо аҳолини эҳтиёт бўлишга чақириқлар йўқ. Аҳолини оддийгина, қўлларингни совун билан ювиб юринглар, одамлар кўп тўпланадиган жойларга борманглар каби профилактик тадбирлар эълон қилинмаяпти. Бизда қачонки касалхоналар касалга тўлиб кетса, кейин бошлашади”.

"Вирус танада қолса у мутацияга учрайди"

Канадада яшаётган ўзбекистонлик микробиолог Обидхон Мамадалиев ўзи “Omicron” ва унинг штаммининг янги мутациядаги “Stealth-Omicron” BA.2 варианти билан оғриб чиққани айтар экан, бу ваҳима қиладиган даражадаги касаллик эмаслигини айтади:

“Oмикрон” билан “Стелс”нинг фарқи нимада? Мен ўзим Омикрон бўлдим, орадан 45 кун ўтганидан сўнг Стелс бўлдим. Бу қаердан келди? Омикрон беш кунда соғаяди, тўлиқ эмасу хавфсиз ҳолатга келади. Аммо асорати қолади. Албатта, одам беш кундан кейин даволанишни давом эттириши керак. Агар даволанмаса вирус танада қолиб кетса, у мутацияга учрайди ва “Стелс-Омикрон 2 БА”ни пайдо қилади. Худди шу ҳолат менда такрорланган. Бу оғирроқ касал, лекин ўлим ҳолати қайд этилмайди. Ёши катта, сурункали касали бор одамларда реанимацияга тушиш ҳолати бор, аммо жудаям кам. Бу сурункали эпидемия бўлиб кетгани йўқ ва бўлмайди ҳам. Албатта, бу инсонларнинг ўзига боғлиқ, профилактик тадбирлар, изоляция ва бошқаларга юқтирмаслик”.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг айтишича, ўтган икки йил давомида ҳам айнан июль-август ойларида касалланиш кўтарилганлиги қайд этилган.

“Шунинг учун коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ва бустер дозаси билан қайта эмлаш ишларини жадаллаштириш катта аҳамиятга эга”.

Озодлик суриштируви: Миллиардлаб долларлик COVID бизнеси ҳам Мирзиëев учун Шоввозсойни қурган олигархларга тегди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:04 0:00

Ўтган йил 24 октябридаги президент сайлови арафасида ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод сифатида жиззахлик сайловчилар билан учрашган Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемиясига қарши кураш учун 80 трлн сўм маблағ сарфланганини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев тилга олган ва ҳозирча ҳукумат ҳисоботларида яхлит ҳолида келтирилмаган 80 триллион сўмлик сарф-харажат, Озодликнинг коронавирус даври статистикасига оид суриштирувида ўртага чиқди.

Суриштирувда аниқланишича, пандемияга қарши кураш учун ажратилган 80 триллион сўмлик маблағ, ҳокимиятга яқин олигархлар ва амалдорлар томонидан турли схемалар воситасида ўзлаштирилган.

XS
SM
MD
LG