Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:05

"Уйда қолинг"? МИБ ходимлари қарздорликни тугатиш учун уйма-уй юришга мажбурланмоқда


МИБ ходимлари профилактик тадбирда. МИБ расмий сайтидан олинган бу суратнинг мақолада келтирилган маълумотларга алоқаси йўқ.
МИБ ходимлари профилактик тадбирда. МИБ расмий сайтидан олинган бу суратнинг мақолада келтирилган маълумотларга алоқаси йўқ.

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон ҳудудида 24 мартдан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди.

Жорий қилинган чекловларга кўра¸ аксар ташкилотларга ўз ходимларини таътилга чиқариш¸ қолган ишчиларини эса¸ максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ишлашга ўтказиш топширилди.

Озодликка келаëтган маълумотларга кўра¸ Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси¸ пандемияни тўхтатиш учун уйда қолиш¸ ижтимоий масофаланиш тарғиб қилинаëтган бир пайтда¸ айрим туманларда ​ўз ходимларини уйма-уй юриб газ ва электрдан қарз ундиришга мажбурлaмоқда.

Ҳаммага "Уйда қолинг!"¸ мибчиларга уйма-уй юринг?

Тошкент вилояти Чиноз туман МИБ бўлимининг ишдан ҳайдалиш хавотири боис шахси очиқланмаслигини сўраган инспектори 25 март куни ҳам ўзи ва ҳамкасбларининг қарздорликни ундириш учун маҳалла кезаëтганини билдирди.

Уйма-уй юриб қарздорлар билан юзма-юз гаплашиб огоҳлантириш ëзиб келяпмиз. Бир ойда камида 20 хонадонга боришга мажбурсан¸ дейишди. Биз бечора МИБ ходимлари касал юқтириб олмаймизми? Нега ҳаммага уйда ўтириш айтилаëтган пайтда бизни эшик санашга мажбурлашаяпти?"

Тошкент вилоят МИБнинг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми очиқланмаслигини сўраган мутасаддиси Озодликка жорий вазиятни шундай тушунтирди:

Бу тўғри хабар. Чунки инспекторлар мунтазам обход килиши керак. Ҳар ойда қарздор хонадонлар¸ завод ва фирмаларга бориб¸ кўрсатгич олишга ходимларимиз мажбур. Бу уларнинг вазифаси. Ноқонуний уланганларга жарима ëзиш керак. Агар ëзмаса¸ ойликка қўшимча 30 фоизлик мукофотдан маҳрум қилинади. Ҳозирча МИБ ишга чиқмасин¸ деган аниқ кўрсатма йўқ бизда. Лекин қарзларни ундириш бўйича президент фармони ва шу асосда Бюро директори буйруғи бор. Инспекторга режа қўйилган. Агар у 20 та жарима расмийлаштирмаса¸ ойлигига надбавкаси бекор қилинади".

МИБ мулозими ўз ходимларига аҳоли билан тиббий ниқоб таққан ҳолда муносабатда бўлиш бўйича тавсия қилинганини қўшиб ўтди.

Раҳбарият вакилининг бу изоҳига муносабат билдирган чинозлик МИБ инспектори¸ мукофот пули олиш учун эмас¸ балки мажбурийликдан уйма-уй юрганини таъкидлади.

"Ҳамма коронавирусдан қочиб¸ уйида ўтирганда¸ бизга ҳам соғлиқ керак. Бола-чақамизнинг олдига вирус кўтариб келишдан биз ҳам қўрқяпмиз. Надбавка учун ўзлари ихтиëрий юрибди¸ деган гап ëлғон. Ишдан бўшайсан¸ дегани учун мажбурликдан уйма-уй юрибмиз".

"Одамлар МИБчилар келиб касал юқтиради¸ деб қўрқмоқда"

Коронавирус инфекцияси тарқашини тўхтатиш учун кескин чекловлар ўрнатилган бир пайтда¸ мибчиларнинг уйма-уй юраëтгани нафақат уларни¸ балки МИБ ходимлари эшигини қоқаëтган аҳолини ҳам ташвишга солмоқда.

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида яшовчи пенсионер Хадича Ўрмонова Озодликка инспекторларнинг эшик қоқиб келишидан безор бўлганини айтади.

Маскаси йўқ эди шу пайтгача. Энди тақди маскани. Келиб пешанамда туриб¸ қўшимча жарима соламан¸ электрдан қарзсиз¸ дейди. Карантин пайтида халққа енгиллик қилиниб¸ банкдан олган кредитларни ҳам тўламай турса майли¸ дейишди. Аммо МИб ҳар куни келади. Эшикма- эшик юриб касал юқтириб юрибди. Болaларга очманглар эшикни, деб тайинладим".

МИБ. Тонгдан шомгача иш. Қайдасан 8 соатлик иш куни?

Тошкент вилояти Чиноз туман МИБ бўлими инспектори Озодлик билан суҳбатда ўзи ва ҳамкасбларининг ҳар куни эрталабки 8 дан кечқурунги 8 гача ишлаб¸ ҳафтада фақат якшанба куни дам олаëтганини ҳам маълум қилди.

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилоят бошқармаси мулозими “ой охирлаб¸ иш тиғиз бўлгани боис ходимлар белгиланганидан кўпроқ” ишлаëтганини тасдиқлади.

Махсус буйруқ билан тасдиқланган ички меҳнат тартиб-қоидаларига асосан бошқарма ҳамда туман-шаҳар бўлимларида хизмат қилаётган ходимларнинг иш вақти соат 09:00 дан соат 18:00 га қадар давом этиши, белгиланган вақтдан ташқари ишлашига, шунингдек, шанба ва якшанба кунлари ишга чиқишига йўл қўйилмайди. Бу бўйича жорий йилнинг 10 февралида бошқарма ва барча ҳудудий бўлимлар ходимлари иштирокида тезкор йиғилиш ўтказилиб тушунтирилган ҳаммага. Бу бўйича тегишли тартибда баённома расмийлаштирилган. Аммо ходимларимиз ўзлари ëзма розилик бериб¸ икки ҳисса ойлик олиш ë отгул олиш эвазига ишлашмоқда".

Озодлик билан суҳбатда бу мулозим МИБ ходимларининг коронавирус эпидемияси даврида ижтимоий муҳофаза қилингани ва касал бўлиб қолса¸ тиббий хизматдан бепул фойдаланиши кафолатланганини таъкидлади.

Нафақат МИБ...

Коронавирус пандемияси боис аксар давлатлар ўз фуқароларини оммавий карантинга қўяëтган айни кунларда¸ Ўзбекистонда нафақат МИБ¸ балки солиқчилар¸ коммунал хизматлар, СЭС, кадастр¸ сув¸ газ¸ свет каби жами 17 та давлат идораси ходимларининг уйма-уй юриб¸ қарз йиғиш¸ фуқаролар шахсига оид маълумот тўплашга мажбурланаëтгани ҳақида ҳам Озодикка хабарлар келмоқда.

Хусусан¸ ўтган ҳафта Озодликка гапирган давлат хизматчиларидан бири бундай мажбурий тадбир ҳам ўз¸ ҳам аҳоли саломатлигига хатар солаëтгани¸ аммо ишдан бўшатилиш босими остида¸ унда қатнашишдан ўзга чораси йўқлигини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG