Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:01

Конституциявий ислоҳот: "Ноллаштириш тажрибаси давом этади"


2021 йилнинг 24 октябридаги сайловда расман иккинчи ва амалдаги Конституция бўйича охирги муддатга сайланган президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ортидан Ўзбекистонда бошланган навбатдаги Конституциявий ислоҳот 26 майдан бошлаб номаълум муддатга умумҳалқ муҳокамасига қўйилди.

Бу муҳокама қанча вақт давом этишини Конституциявий комиссия ҳам билмаслигини 28 май куни Тошкентда ўтказилган брифингда Комиссия матбуот котиби Одил Тожиев тан олди.

“Конституциявий комиссия ўз фаолиятини қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгунигача давом эттиради. Бу бир ой ҳам ёки ундан озгина ошиши ҳам мумкин. Бу энди фуқаролардан келиб тушаётган таклифлар ҳамда комиссия иши самарадорлигига боғлиқ”, -деб айтган Тожиев.

Халқаро тажрибадан келиб чиқилса, Конституцияни ўзгартириш, унга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш юзасидан, одатда умумхалқ референдуми ўтказилади. Референдумдан олдин Конституциявий комиссия ташкил этилади, у бир неча ой давомида асосий қонунга киритиладиган ўзгартишларни ишлаб чиқади ва шундан сўнгина умумҳалқ муҳокамасига қўяди.

Авторитар тизимлар маконига айлангани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этиладиган Марказий Осиё минтақасида “Конституциявий ислоҳотлар ўтказиш” анъанага айланган.

“Бу менинг Конституциям”: 793 фойдаланувчидан 302 таклиф

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича фуқаролардан таклифларни йиғиш учун 26 май куни “Бу менинг Конституциям” портали ишга туширилди.

Расман бу порталга аъзо бўлганлар сони 30 май, Тошкент вақти билан соат 17:21 ҳолатига кўра, 793 фойдаланувчини ташкил этади.

Мазкур фойдаланувчилардан Конституциявий ислоҳот борасида шу кунгача 302 таклиф келиб тушган.

Расман билдирилишича, фойдаланувчилардан келиб тушган таклифлар “ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқдан ўтгани муҳокама учун эълон қилинади”.

“Бу менинг Конституциям” фойдаланувчилари нималарни таклиф этмоқда?

Порталга келиб тушган таклифлар орасида шахсий муаммоларини ҳал этиб беришни илтимос қилганлар ҳам оз эмас. Бу каби илтимослар фонида Конституцияга жиддий ўзгартишлар киритиш таклифлари ҳам мавжуд.

Жумладан, Mansurbek Azizov ники остида таклиф қолдирган шахс Ўзбекистон Конституциясида қўшфуқароликка рухсат қайд этилиши аҳамиятга молик эканини билдирган:

“ Қўшфуқароликка расман рухсат берилиши керак! Бошқа давлат фуқаролигини олган ўзбекистонлик у ерда кўп афзалликларга эга бўлади ва табиийки, аввалгидан икки баробар кўпроқ маблағ ишлаб топади. Ўзбекистонга нақд валюта кириши ҳам ортади”.

Mansurbek Azizov яна бир таклифида “ Ҳокимлар халқ томонидан сайланиши керак! Шундагина бирор бир ўзгариш бўлиши мумкин! Чунки Президент томонидан тайинланадиган амалдор фақат президентга ёқиш ҳаракатида бўлади, халқ фикри ва муаммолари унинг учун бир тийин”, -деб ёзади.

Davron Madjitov номи билан таклиф киритган шахс эса Конституцияда “Фуқаролик қасамёди” жорий этилишини талаб этмоқда:

“Ҳар бир шахс Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилишда ҳалқ, жамият, давлат манфаатлари устувор бўлиши тўғрисида Қасамёд қабул қилсин. (Сабаблари: Ҳозирда айрим соҳа вакилларигина (харбийлар, тиббиёт ходимлари) қасамёд қабул қилишади)”.

Sherzod Ergashev номи остида таклиф киритган шахс Конституциянинг “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” борасидаги IX - бобига қуйидагича ўзгартириш киритишни таклиф этмоқда: (Муаллиф стилистикаси ва орфографияси таҳрир қилинмади – таҳририрят)

“Хозирги кундаги амалдаги фақат ишловчи аёлларга хомиладорлик ва туғиш нафақаси хисоблаш ва тўлаш амалиётини бекор қилиниб буни барча аёлларга (ишловчи ва ишламаётган аёлларга) бир хил кўринишда тўлов амалиётига ўтилиши лозим деб хисоблайман. Бунда мехнатга хақ тўлашнинг энг кам миқдорини асос қилиб олган холда туғруқ давридаги хамма аёлларга тўланишини таъминлаш керак. Маълум бир чегара қўйилиши лозим бўлса 2 нафар фарзанди учун тўланишини хисобга олиниши мақсадга мувофиқ бўлади”.

Конституцияга ўзгартириш киритиш борасида ўз фикрини билдирганлардан яна бири - Oybek Tuyboyov эса давлат бошқарувининг шаффофлигини таъминлаш асосий мақсад бўлиши лозимлигини таъкидлайди:

“O'zbekiston Respublikasida 1-Qonun chiqaruvchi, 2-Ijro etuvchi, 3-Sud hokimiyatlariga 4-chi Hokimiyatni, ya'ni Axborot hokimiyatining vakolatlarini 1,2,3-chi Hokimiyatlarning vakolatlariga tenglashtirish.
- Axborot kanallari va Mustaqil Medialarni davlatdan Mustaqil va Markazlashmagan, erkin bo'lishini, ularning faoliyatiga to'sqinliklar, tashqaridan bosimlarni qonun bilan ta'qib qilish zarur;

- TV, Kino, san'at, musiqa, teatr, madaniyat va boshqa turdagi ommaviy vositalar o'zlarini o'zlari moliyalashtirisin;

- 1-2-3-4 barcha Hokimiyatlarnining mavqei va vakolatlari amalda qonunlar va vakolatlari biln tenglashtirilsin;

- Axborot hokimiyati faoliyati shaffofligini nazorat qilish, faoliyatini cheklash faqat Xalq tomonidan va ommaviy xulosalarga asosan amalga oshirilishi ta'minlansin”.

“Ўзбекистон Конституциясини Россияникига ўхшатишмоқчи: "ноллаштириш" тажрибаси давом этмоқда”

Айни пайтда АҚШда яшаётган мухолифатчи Жаҳонгир Муҳаммад мустақил Ўзбекистоннинг илк Конституцияси қабул қилинган “афсонавий Олий Мажлис”нинг собиқ депутатидир. У Озодлик радиоси мухбири саволларига жавоб берар экан, қуйидагиларни айтди:

“Амалдаги Конституция 1992 йилда Олий мажлисда қабул қилинганда унга қарши овоз бергандим. Чунки сиёсий йўл демократик дейилгани ҳолда унда учта куч орасидаги мувозанатни сақлайдиган бандлар олиб ташланганди.

Масалан, Президентни назорат қиладиган, унга керакли пайтда ишончсизлик билдирадиган, импичмент қиладиган бандлар йўқ эди. Бу эса мамлакатда диктатура яратилиши учун асос бўлди ва бу ҳужжат ишламасдан унинг ўрнига "телефон қонунияти" пайдо бўлди.

Қабул қилинган қонунларда Конституцияни бузиш ҳоллари яққол кўзга ташланиб турсада, Конституциявий суд ҳам ишламади. Чунки у ҳам мутлоқ ҳокимият эгасига бўйсундирилди. Парламент эса, унинг айтадиганларни қоғозга тушириб берадиган спичрайтерга айланди.

Бугун энди Асосий қонун ислоҳот қилинадиган бўлса, биринчи галда учта куч мустақиллиги таъминланиши шарт. Акс тақдирда мамлакатни демократик дейишга асос йўқ ва ислоҳотлар дейишнинг ҳам маъниси қолмайди.

Шахсий нуқтаи назарим шундан иборатки, бу иш амалдаги раҳбарнинг яна ҳокимиятда қолиши учунгина қилинмоқда. Акс тақидирда янги партияларни рўйхатга олишга изн бериларди ва бу ҳужжатни тайёрлаш жараёнида оддий халқ вакиллари ҳам қатнашган бўларди.

Менимча, Ўзбекистонни Россиянинг Конституцияси ва "ноллаштириш" тажрибаси кутмоқда.

Маълумки, Россияда янги конституция қабул қилиниши билан Президентнинг олдинги муддатлари ҳисобдан чиқарилди, яъни нолга тенглаштирилди. Буни бошқача тарзда диктатор Каримов ҳам қўллаганди.

У асосий Қонунга ўзгартиришлар киритиш билан ўз ваколатларини узайтирганди. Президент Мирзиёевнинг ҳам иккинчи муддатидан кейин яна ўз вазифасида қолиши учун замин зарур. Гап Ўзбекистон халқида эмас, мамлакатда шундай ҳам бу ҳужжат ишламади, ишламайди. Масала дунёнинг кўзини шамғалат қилишда. Яъни, кўринглар, биз ислоҳот қилаяпмиз, қилдик ва халқмиз шуни истамоқда деган баҳона яратилмоқда”.

Озодлик радиоси мухбири Олий Мажлисдаги Либерал-демократик партияси билан ҳамкорликда 17 май куни Конституцияни янгилаш бўйича қарор қабул қилган “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодировдан муқобил муносабат олиш мақсадида 27 май куни сўров жўнатди. Бироқ Алишер Қодиров мухбирнинг Фейсбук орқали унинг шахсий мессенжерига юборилган сўровга шу кунгача жавоб қайтармади.

Ижтимоий тармоқлар: Конституциянинг ўзгартирилиши “чалғитувчи ислоҳот”

Ўзбекистон Конституциясининг ислоҳ қилиниши ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳам кенг муҳокамаларга, қизғин бахсларга сабаб бўлмоқда.

Масалан, блогер Миркомил Зокиров Фейсбук саҳифасида “... конституцияда президентни "Император" даражасига олиб чиқиб қўйувчи "ислоҳотлар" қилиб юборишмаса бўлди. Хозирча президентлик муддати мавзуси кўтарилмади. Лекин бир нарсани сезяпман бу "конституциявий ислоҳотлар"ни бошлашни асл сабаби ҳам шу президентлик муддатини ўзгартириш бўлса керак. Қолган барча "ислоҳотлар" чалғитувчи деб ўйлайман”, -деб фикр билдирди.


Ўзини халқаро журналист сифатида тақдим этувчи Бердиёр Жумаев эсаЎзбекистон конституцияси ҳокимият учун ниқоб, халқ учун фойдасиз китоб”, сарлавҳаси остида пост ёзган.

Журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Рўзибой Азимий Конституциянинг 90-моддасига ўзгартиришларсиз сақланиб қолиниши тарафдори:·

“Конституциямизнинг 90-моддасига ҳеч қандай ӯзгартиш ва қӯшимча киритиш шарт эмас. Буни ҳар биримиз билишимиз ва талаб қилишимиз, тиш-тирноғимиз билан қарши чиқишимиз шарт ва зарур.
Ӯзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.
90-модда”.

Ўзбекистон Конституциясини “тарихий жарён ва ислоҳотлар”га мослаштириш тарихи

Олий Кенгаш Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси 16 май куни бўлиб ўтган йиғилишида конституцияга ўзгартишлар киритиш жараённини бошлашни таклиф қилган эди.

Расмий баёнотда Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар ортидан конституцияга ҳам қўшимча ва ўзгартишлар киритиш зарурати пайдо бўлгани уқтирилади.

Конституцияга навбатдаги ўзгартириш киритиш ташаббусини президент Мирзиёев ўтган йилнинг 7 декабрь куни кўтарган эди.
Шавкат Мирзиёев илк маротаба иқтидорга келганидан сўнг конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини рағбатлантирганди.

Жумладан, 2017 йилда конституцияга суд тизимини модернизация қилишга йўналтирилган, 2019 йилда эса “ҳукумат ва унинг ҳисобдорлигини демократиялаштириш”га қаратилган тузатишлар киритилди.

2021 йилда президентликка қайта сайланганидан сўнг ҳам Шавкат Мирзиёев мамлакатга конституциявий ислоҳотлар зарурлигини таъкидлаган.

Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Конституция куни муносабати билан "Ўзбекистон халқига табриги"да президент Мирзиёев мамлакат асосий қонунига ҳозирга қадар 7 марта ўзгартиришлар киритилганини айтди ва уларни "демократик ислоҳотлар" зарурати билан тушунтирди
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 16 марта ўзгартиришлар киритилган.

XS
SM
MD
LG