Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:28

Каримов Атамбаевни "Улуғ Ватан урушидаги Ғалаба" билан қутлади


Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев
Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қирғизистонлик ҳамкасби Алмазбек Атамбаевни “Улуғ Ватан урушида” қозонилган ғалаба билан табриклади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарномада айтилишича, Ўзбекистон раҳбари Атамбаевга мустаҳкам соғлиқ ва эзгу тилакларни ҳам билдирган.

“Халқларимиз тарихидаги бу шуҳратли санани нишонлар эканмиз, ўзларининг беқиёс қаҳрамонлиги, жасорати ва матонати билан, қонли жанг майдонларида ўз ҳаётини қурбон келтириб келгуси авлодлар учун тинчлик ва озодлик учун курашган, фронт ортидаги фидокор меҳнати билан умумий Ғалабамизни таъминлаб берганлар хотираси олдида таъзим қиламиз”, дея иқтибос келтирилади хабарномада Каримовнинг телеграммасидан.

Ўзбекистон президенти қирғиз халқига тинчлик ва равнақ тилагани ҳам айтилади расмий билдирувда.

Бундан роппа-роса бир йил аввал Москвада Ғалаба куни муносабати билан ўтказилган МДҲ саммитида Каримов билан Атамбаев Иккинчи Жаҳон урушида ким қанча ҳисса қўшгани масаласи устида айтишиб қолишган эди. Бундан ташқари шу йил бошроғида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги баҳсли ҳудудга ўзбек қўшинлари киритилиши ортидан икки президент ўртасидаги зиддият яна кучайди. Қирғизистон президенти июнь ойида Тошкентда ўтказиладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига бормаслигини эълон қилган.

Президент Каримовнинг бу йилги 9 май санаси муносабати билан қилган чиқишларида собиқ совет даврига хос “Улуғ Ватан уруши” ва “Ғалаба” атамаларини тилга олаётгани ҳам эътиборлидир. Ўзбекистонда 1999 йилда бу атамалардан воз кечилган ва ўшандан бери бу сана Хотирлаш ва қадрлаш куни сифатида нишонланади.

Каримов 8 май куни Тошкентдаги Хотира майдонида сана муносабати билан ўтказилган маросимда сўзлаган нутқида ҳам "Улуғ Вата уруши" ва "Ғалаба куни" атамаларини тилга олди.

“Шу кунларда юртимизда, қишлоқ ва шаҳарларимизда, ҳар бир оила ва хонадонда каттаю кичик – барча ватандошларимиз 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини, Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 71 йиллигини кенг нишонламоқда”, деди Каримов

Якшанба кунги нутқида Ислом Каримов тинчлик-осойишталик ҳақида, ҳарбий парадлар ўтказиш куч намойишидан бошқа нарса эмаслиги ҳақида, буюк давлатлар кичик давлатлар билан тенг мақомда бўлиши лозимлиги ҳақида, Ўзбекистон ҳеч кимга ўз ҳудудидан ҳарбий база учун жой бермаслиги ва ҳарбий блокларга қўшилмаслиги ҳақида, қўшнилар билан тинч-тотув яшаш кераклиги ва бошқалар ҳақида сўзлади.

XS
SM
MD
LG